Қоракурмак, шамак — бошоқдошларга мансуб бир йиллик бегона ўт. Пояси ҳавол, бўйи 100 см ча. Барги наштарсимон, четлари ғидириш, ўткир қиррали, барг пластинкаси ўртасидан йўгон томир ўтади. Тўпгули — рўвак. Пишиб етилган бошоқлари осон тўкилади. Меваси учи ўткирлашган эллипссимон донча. Кузда тупроққа тўкилиб, қишлаб чиққан дони баҳорда кечроқ, юқори температурада уна бошлайди. 1 см дан ортиқ чуқурликка тушган Қоракурмак уруғининг унувчанлиги кескин камаяди. Қоракурмак июлдан кеч кузга қадар гуллаб, мевалайди. асосан уруғидан кўпаяди. Бир ўсимлик тупланиш даражасига қараб 5 — 13 мингга яқин уруғ беради. Барча суғориладиган деҳқончилик майдонларида учрайди.

Кураш чоралари: кузги шудгор, алмашлаб экиш, экин агротехникасини сифатли ўтказиш. Пахта далаларига гербицидлардан трефлан, которан, прометрин препаратларининг сувли суспензиясини экиш вақтида лента усулида ерга сепиш.