Қорамолчилик - чорвачиликнинг асосий соҳаларидан бири, аҳолини гўшт, сут маҳсулотлари ҳамда енгил саноатни тери ва бошқа хом ашё билан таъминлайди. қ. чиқиндиси бўлган гўнг деҳқончиликда ерлар унумдорлигини оширишда кенг қўлланади (баъзи мамлакатларда қорамолдан иш ҳайвони сифатида фойдаланилади). Қорамолчилик хўжалик тармоғи сифатида ёввойи қорамол турлари хонакилаштирилган пайтдан пайдо бўлган. Дастлаб қорамолдан гўшти учун ҳамда иш ҳайвони сифатида фойдаланилган. Сут истеъмол қилина бошлагач, одамлар ундан ёғ, пишлоқ ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашни ўргандилар, натижада сут Қорамолчиликининг аҳамияти ошди, сут саноати шаклланди.

Қорамолчилик қадимдан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида интенсив шароитларда ва яйлов усулидаривожланган. ХИХ аср охирига қадар Қорамолчиликнинг асосий қисмини каммаҳсул, жуссаси майда жайдари ҳамда зебусимон қорамоллар ташкил қилган. ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб республикада маҳаллий ва зебусимон қора-молларни маданий қораола, қизилчўл ва швиц зотлари билан чатиштириш асосида маҳсулдор подалар гуруҳини шакллантириш ҳамда наслдор соф зотли қорамолларнинг репродуктор хўжаликларини ташкил этиш, давлат ва кооператив хўжаликлари Қорамолчилик сут-товар фермаларини ривожлантириш ва сутчилик комплексларини ташкил этиш, Қорамолчиликни ихтисослаштириш, консентрациялаш ва саноат технологиялари асосига ўтказиш ишлари амалга оширилди. Қорамолчиликнинг сут, сут-гўшт, гўшт ҳамда наслчилик йўналишидаги хўжаликлар, наслчилик заводлари, хўжаликлари ва фермалари ташкил этилди. натижада 80-йилларга келиб қорамоллар зотдорлиги 98—99% га етказилди. Наслдор сигирларнинг 3800–4100 кг сут берадиган подалари барпо этилди. Гўштчилик комплексларида парвариш қилинган новвослар вазни 12—13 ойлигида 400–420 кг га кўтарилди. Туманларда ташкил этилган хўжаликлараро бўрдоқичилик корхоналарида қорамолларни жадал боқиш ва бўрдоқилаш ижобий натижалар берди. Қорамолчилик амалиётининг тараққий этишида илғор тажриба ва фан ютуқлари муҳим рол ўйнади. 1932-йилда чорвачилик тажриба ст-ясининг ва 1939-йилда Ўзбекистон чорвачилик илмий тадқиқот институтининг ташкил этилиши чорвачилик ва хусусан Қорамолчилик соҳасида муҳим бурилиш бўлди. Қорамолчилик ривожининг типологик, озуқа ва селексия асослари ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга кенг жорий қилинди. 1924-йилда қорамоллар сони 1229,4 минг бошни, шу жумладан, сигирлар 407,5 минг бошни ташкил қилган бўлса, 1991-йилда бу кўрсаткичлар тегишлича 4580,8 ва 1856,4 минг бошга, 2004-йилда 5873 ва 2556,7 минг бошга етди. 1924-йилда гўшт етиштириш (тирик вазнда, минг т) 84,0, 1991-йилда 789, 2003-йилда 935,5; сут етиштириш тегишлича 262,0, 3034,2 ва 4030,3 ни ташкил этди. сигирлардан ўртача сут соғиб олиш 1924-йилда 400 кг дан 1990-йилда 1685 кг га, қорамолларни гўштга топшириш вазни 150 кг дан 401 кг гача кўтарилди. Кейинги 14—15 йил мобайнида қорамоллар сони ва етиштирилган ялпи чорва маҳсулотлари ҳажми ўсди. Қорамолчилик соҳасида ташкил этилган фермер хўжаликларида маҳсулдорлик кўрсаткичлари яхшиланди. 1990 — 2003-йилларда республикада қорамоллар сони 1293,9 минг бошга ёки 28,3%га, сигирлар сони 700,3 минг бошга ёки 37,7% га кўпайди.

Ўзбекистонда Қорамолчилик бўйича илмий тадқиқот ишлари Ўзбекистон чорвачилик илмий тадқиқот институтида олиб борилади. Қорамолчилик фан сифатида олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг зоомуҳандислик ва ветери-нария факултетларида ўқитилади.

Хорижий давлатларда сут йўналишидаги Қорамолчилик, айниқса, Голландия, Дания, Германия, Исроил, АҚСҲ, Канада, Япония ва Янги Зеландияда ривожланган (сигирларнинг ўртача сут соғими 8—11 минг кг). Гўштдор қ. АҚСҲ, Франсия, Англия, Италия, Канада ва Австралияда ташкил этилган (гўшт олинадиган 14—15 ойлик новвослар вазни 500–550 кг). Дунё мамлакатларида урчитилаётган қорамоллар сони 1,33 млрд. бош атрофида (1999). Жаҳонда турли табиий иқлим шаро-итларига мослашган 250 дан ортиқ қорамол зотлари боқилади.

Яна қаранг

Адабиёт

  • Носиров У. Н., Қорамолчилик, Т., 2001.

Убайдулла Носиров.