Qoraqurtlar
Қорақуртлар - ўргимчаклар уруғи. 6 тури маълум. Шимолий Африка, Ғарбий Осиё, Жанубий Европада, Ўрта Осиё, Молдавиядан Енисейгача бўлган жойлардаги даштларда, Украинанинг жанубида тарқалган. Ўзбекистонда оддий қорақурт, оқ қорақурт ва Дала қорақурти учрайди. Оддий Қ. урғочисининг уз. 10–20 мм, эркагиники 4–7 мм. Қ. усти бахмалсимон, қора тусда. Эркаги ва вояга етмаган урғочи Қ. қорни орқасида оқ ҳошияли қизил нуқталар бор. Ҳашарот (асосий озиғи)га бой дашт, чўл ва чала чўлларда яшайди. Урғочиси пана жойларга уя ясаб, чиқаверишга ўлжа тутиш учун тўр тўқийди. Уясига илиб қўйилган ҳар бир пиллада (бунинг катталиги кичик ёнғоқдек, умр бўйи 4—7 дона) 200—400 тагача тухум бўлади. Тухумдан чиққан ёш Қ. пилла ичида қишлаб, апрелда пилладан чиқади. Ёш Қ. 6 марта туллаб, июнда вояга етади. Баҳорда кун исиши билан урғочи ва эркаги вақтинчалик тўр тўқийди. Эркаги урғочисини уруғлантиргандан сўнг нобуд бўлади. Уруғланган Қ. уя ясаш учун жой қидириб кўчиб юради. Шу даврда Қ. чақиши (безовта қилинганда) кўп учрайди. Қ.нинг заҳар безлари бош кўкрагида жойлашган, безлар йўли хелицерага очилади. Заҳари оқсил токсиндан иборат; нейротроп таъсирга эга. Қ. заҳари туя ва отларга айниқса кучли таъсир қилиб, ўлимга олиб келиши мумкин. Урғочи Қ.нинг чақиши одам организмининг умумий заҳарланишига, баъзан ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Бу кўнгилсиз ҳодисанинг олдини олиш учун Қ. заҳарига қарши зардобдан фойдаланилади. Зардоб ва зардоблар илмий тадқиқот институтида ишлаб чиқарилади. Қ. заҳари фармацевтика саноатида ҳам қўлланади. Ўзбекистон ФА Зоология институтида Қ. махсус лаб.да заҳар олиш мақсадида кўпайтирилмоқда.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳайвон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |