Қоратикан — ит-жумрутдошларга мансуб сертикан бута, баъзан дарахтча. Ғарбий ва Ўрта Осиё, Кавказ, Қримда тарқалган. Бўйи 2–3 м. Барглари оддий, бандли, серет, қийшиқ-тухумсимон ёки қийшиқ-эллипссимон. Гуллари икки жинсли, майда, кўкимтир-сарғиш, барг қўлтиғидаги соябонларда жойлашган. Меваси қуруқ, дисксимон, қанотчали, диаметри 15 – 25 мм, қуруқ, қизғишжигарранг. Май ойида гуллаб, меваси июн—августда етилади. Қ. ёруғсевар, қурғоқчиликка чидамли. Пўстлоғи ва меваси таркибида ошловчи моддалар бор. Илдизи ва барги сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади. Яшил деворлар ҳосил этиш учун экилади.