Қоратов (Манғистов) — Манғишлоқ ярим оролдаги (Қозоғистоннинг Манғишлоқ вилояти) тоғ. Узунлиги 130 км. Энг баланд жойи 556 м (Бестоки тоғи). Юзаси тўлқинсимон плато кўринишида. Ён бағирлари дарасимон қуруқ сой ва жарликлар билан ўйилган. Тектоник жиҳатдан антиклинал структура бўлиб, кучли бурмаланган триас, юра, бўр даврларига мансуб қумтош, сланец, оҳактош, мергел, гиллардан ташкил топган. Қ.да шувоқ-шўра, баъзи жойларида бута ўсимликлари ўсади, яйлов сифатида фойдаланилади. Темир, мис, тошкўмир конлари бор.