Qovun


Қовун — қовоқдошлар оиласи бодринг туркумига мансуб бир йиллик ўт ўсимликлар тури; полиз экини. Айрим ҳолларда мустақил туркумга ажратилади. Ёввойи ҳолда Жануби-Ғарбий Осиё ва Африкада учрайди. Маданий навларининг ватани — Кичик ва Ўрта Осиё (2 минг йилдан бери экилади). Қовун Жанубий Европада, Осиёнинг кўпгина раёнларида, Шимолий Америка (АҚСҲ) ва бошқаларда етиштирилади. Марказий Осиёда қовун экиладиган майдони жиҳатидан полиз экинлари орасида 1-ўринда туради. Қовуннинг маданий кенжа турлари: Ўрта Осиё Қовуни, Кичик Осиё Қовуни, Европа Қовуни; ярим маданий кенжа турлари: илонсимон Қовун, хитой Қовуни; ёввойи ҳамда итқовунлар бор. Илдизи ўқилдиз. Узунлиги 1 м гача боради. Палаги ингичка, ётиб ўсади. Жуда кўплаб ён шохлар чиқаради. Барглари узун бандли, палакда кетма-кет жойлашган. Гултожи сариқ, одатда, беш тожбаргли, оталиклари бешта, чангдонлари икки уяли, бир уйли, айрим жинсли қовун мевасининг шакли турлича (юмалоқ, овалсимон, чўзинчоқ ва б.). Пўсти қалин (1,5—2 см), ўртача (1 — 1,5 см), юпқа (0,5— 1,4 см), қаттиқ; эти жуда юмшоқ, юмшоқ, куврак, серсув, сершира, қумоқ, баъзилариники толали, ранги оқ, қизил, сарғиш, яшилроқ. Уруғи оқ, оч сариқ ва сариқ. 1000 дона уруғи вазни 30—45 г. Навига қараб Қовун вазнида эти 63—84, пўсти 10—30. Уруғи ва уруғтутарлари 3,1—7,7% ни ташкил этади. Меваси гаркибида 8—20% қуруқ модда, 18% қанд (сахароза), 0,1—0,7% клетчатка, 0,2—35,2 мг% С, РР витаминлари, фолат кислота, калий, натрий, калций, магний, темир, фосфор, олтингугурт ва бошқа микроэлементлар бор.
Қовун иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли. Жаҳонда энг яхши қовунлар Ўзбекистонда етиштирилади. Халқ селексиясида унинг 150 дан ортиқ нави яратилган. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик институтида илмий селексия асосида чиқарилган ва яхшиланган 50 дан ортиқ нав раёнлаштирилган. Ўзбекистонда экиладиган қовун навлари тўрт ботаник турга мансуб: ҳандалак, амири, кассаба ва зард. Ҳандалак турига деярли барча эртапишар Қовун навлари — Кўкча, Ҳандалак, сариқ ҳандалак, Замча ва бошқа киради. Амири турига барча ёзда пишадиган Қовун навлари — Давлатбой, Тошлоқи, Даҳбеди, кассаба турига Бўрикалла, Гурвак, зард турига қишки Қовун навлари (Умрбоқий, Кўйбош, Гулоби) ва бошқа киради. Уруғи тупроқ ҳарорати 14— 15° га етганда уна бошлайди (13° дан паст ҳароратда уруғ чирийди). Экилгандан кейин 5—7 кунда майса униб чиқади. Қовуннинг эртапишар, ўртапи-шар, кечпишар навлари бор. Эртапишар навлари 55—65, ўртапишарлари 67—70, кечпишар навлари 80— 90 кунда етилади. Қовун янгилигида ей-илади, қоқи солинади. Шинни, мурабболар қилинади. Тиббиётда бод, беланги, сил, камқонлик, зиқнафас, жигар ва буйрак касалликларини даволашда тавсия этилади. Сепкил, доғ ва бошдаги қазғоқни йўқотишда фойда қилади. Халқ табобатида подагра (ниқриз) га даво, пешоб ҳайдовчи, қабзиятдан холи қилувчи, асабни тинчлантирувчи омил сифатида қўлланилади. Қовун Ўзбекистонда 3 муддатда: эртапишар навлари 10—30 апрелда, ўртапишар навлари 20 апрел — 15 майда, кечпишар навлари 10— 30 майда, пушта кенглиги 2,8 – 3 м, туплар оралиғи 70х90 см қилиб, дорилаб 2—3 кун ивитилган уруғлар 3—4 тадан 3—6 см чуқурликка (айрим хўжаликларда ханжувар қилиниб) экилади. Чопиқ пайтида ягана қилиб биттадан ўсимлик қолдирилади. Ўсув даврида қатор оралари 2—3 марта юмшатилади (чопиқ қилинади). Тупроқ шароитига қараб 5—6 марта суғорилади. Ҳосилдорлиги 250—300 с/га. Ўзбекистонда Қовуннинг 36 дан ортиқ нави р-нлаштирилиб, давлат реестрига киритилган (2004). Энг кўп экиладиган навлари: Оқуруғ, Асати, Бўрикалла, Кўктинна, Кўкча, Чўгари, Қизилуруғ, маҳаллий сариқ ҳандалак, Оби новвот, Шакарпалак ва бошқа
Эрта ҳосил олиш учун иссиқхоналарда ёки очиқ далада плёнка остида кўчатидан экиб етиштирилади.
Зараркунандалари: полиз бити, ўргимчаккана, қовун пашшаси, кўк қурт тунлами ва бошқа
Касалликлари: оқпалак, қовун бактериози, макроспориоз ва бошқа.
Яна қаранг
Адабиёт
- Ўзбекистон қовунлари, Т., 1962; Ермохин В.Н., Каримов А.К., Ўзбекистон қовунлари, Т., 1969; Остонақулов Т.Э., Сабзавот экинлари биологияси ва ўстириш технологияси, Т., 1997; Бўриев Х.Ч.. Ашурматов О.А., Полиз экинлари биологияси ва етиштириш технологияси. Т.. 2001; Ҳакимов Р.А., Ҳакимов А.С.. Тошмуҳамедов А., Сабзавот ва полиз экинлари уруғчилиги, Т., 2003.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |