Қовуқ, сийдик пуфаги — одам, баъзи умуртқасизлар ва кўпчилик умуртқалиларнинг ичи бўш халтасимон аъзоси, унда сийдик йиғилади; сиғими 500—700 мл. Бўш Қ. пучайган ҳолда бўлиб, ичида сийдик бор-йўқлигига қараб, шакли ўзгариб туради. Кичик чанокда қов бирикмаси ортида ётади; ўнинг туби, танаси ва учи тафовут қилинади. Қ. деворида кучли мускул қавати бўлиб, у қисқарганида Қ. бўшлиғи кичраяди. Сийдик найлари Қ.қа очиладиган жойида ва сийдик чиқариш каналининг ички тешиги атрофида айлана мускул тутамлари сфинктерлар ҳосил қилади, улар сийдикнинг Қ.қа тушишини ва Қ.дан чиқишини ростлаб туради. Аёллар қовуғининг орқасида бачадон ва қин, эркакларда эса уруғ пуфаклари ва уруғ чиқариш йўллари бўлади. Қ.нинг олд томонида қовуқ билан қов суяклари орасида уларни ажратиб турувчи оралиқ бор, шунинг учун Қ. эркин ҳаракат қила олади. Қ. сийдик билан тўлганда чаноқ бўшлиғидан кўтарилиб, қов бирлашмасидан юқорига, ҳатто киндикгача боради.

Сийиш мураккаб рефлектор ҳолат, бунда қовуқни бўғадиган мускуллар қисқаради, сийдик чиқариш каналининг сфинктерлари бўшашади. Соғлом одам қовуғида 250—300 мл сийдик тўпланганида сийгиси қистайди. Нормал шароитда одам бир суткада 4—6 марта сияди. Соғлом киши суюқликни кўп истеъмол қилса, тез сияди; қуруқ овқат еса ёки йилнинг иссиқ фаслида сийдик миқдори камаяди.

Мабалар