Қозихона — қози томонидан судлов ишларини амалга оширадиган маҳкама. Шариатга кўра, Қ.лар масжид қошида бўлиши керак бўлса-да, кўпгина судлов ишлари қозиларнинг уйларида, бозор кунлари эса бозорларда кўрилган. Ўрта Осиё ҳудудидаги хонликларнинг ҳар бир даҳасида Қ. бўлган. 1917-йилдан кейин Қ.лар халқ судлари назоратида ишлаган. Ўзбекистонда 1925-йилда 87 та, 1926-йилда 27 та, 1927-йилда 8 та қ. бўлган. 1928-йилда Қ.га эҳтиёж қолмаган. Шарқнинг айрим мусулмон мамлакатларида ҳозир ҳам Қ.лар фаолият кўрсатади.