Қудуқ
Ҳар хил турдаги қудуқлар

Қудуқ — вертикал шахта ёки ўра кўринишидаги гидротехника иншооти. Қудуқнинг аҳолини сув билан таъминлаш ва суғориш учун ер ости сувларини йиғиш мақсадида қуриладиган сув тўпловчи; ер ости сувларини ер усти сувлари билан қўшиш ёки дренаж сувлари ва тиндирилган канали-зация сувларини йиғиш мақсадида қуриладиган сув сингдирувчи; дарё, кўл, сув омборларидан олинадиган сувларни ростлаш мақсадида қирғоққа яқин қуриладиган қирғоқ бўйи хиллари бўлади.

Сув тўпловчи Қудуқ жуда кенг тарқалган бўлиб, асосан, ичимлик сув олиш учун қурилади. Конструксияси, қурилиш усули ҳамда деворининг мустаҳкамлигига қараб шахтасимон ва қувурли (бурғиланган) хилларга бўлинади. Шахтасимон Қудуқ унча чуқур жойлашмаган кам босимли сув сақловчи қатламлардаги сувни олиш учун қурилади. Бундай Қудуқлар кичик посёлкалар, чорвачилик фермалари, дала шийпонлари ва яйловларни сув билан таъминлаш мақсадида қазилади, суви истеъмол учун яроқли бўлса, махсус тозалаш талаб этилмайди. Уларнинг диаметри (ёки кенгли-ги) 0,8 дан 1,5 м гача, чуқ. 30–40 м гача (баъзи жойларда 100–300 м гача) бўлади. Шахтасимон Қудуқларга сув филтрлар ёки ғовак бетондан қилинган деворлар орқали ўтади. Шахтасимон Қудуқларнинг кўпчилиги дебети суткасига 5—100 м3 атрофида. Деворлари ёғоч, тош ва бетон билан мустаҳкамланади. Ундаги сув турли сув чиқарувчи қурилмалар ёрдамида олинади. Қувурли (бурғиланган) Қудуқ турли чуқурликда ётган, суви кўп бўлган (босимли ва босимсиз) ер қатламларидан сув олиш учун қурилади. Буларда сув сақловчи қатламлар сатҳидан юқорига, ҳаттоки ўз босими билан ер сиртигача кўтарилиши мумкин (мас, артезиан Қудуқлар). Қувурли Қудуқларнинг чуқурлиги 800 м гача боради. Бу турдаги Қудуқларнинг суви марказлаштирилган сув билан таъминлаш системасида ишлатилади. Қувурнинг сув сақловчи қатламга етган қисмига филтр (бе-тон, керамика, шағал ва бошқалар) ишланади. Қувурли Қудуқларнинг суви марказдан қочирма чўктирма насослар, эрлифтлар ва сифонлар ёрдамида чиқариб олинади. Сув сингдирувчи Қудуқ вертикал дренажнинг бир тури сифатида берк ботиқларнинг захини қочиришда қўлланади. Қудуқ воситасида зах босган қатламни сув ютгич қатлам билан бирлаштириб, ортиқча сувни сув ютгич қатламга ўтказиб юбориш мумкин. Қирғоқ бўйи Қудуқи панжаралар билан бўлинган камерадан иборат бўлиб, сув дарё, кўл ва бошқа манбалардан қувур орқали оқиб келади.

Қудуқ вазифасига кўра фунт, артезиан, дренаж ва кузатиш Қудуқга бўлинади.

Яна қ.