Quloq kasalliklari
Қулоқ касалликлари - қулоқ нинг туғма нуқсонлари, шикастланиши ва касалликлари. Туғма нуқсонларига: ташқи эшитув йўлининг битиб кетиши (атрезиялар), қулоқ супрасининг яхши ривожланмаганлиги (микротия), яъни кемтик бўлиши (халқда чиноқ дейилади) ё бутунлай бўлмаслиги (анотия); ўрта қулоқда, асосан, ноғора бўшлиғидаги суяк тўқимасининг ўсиб кетиши, эшитув суякчалари бўлмаслиги ёки уларнинг ўзаро бирикиб кетиши; ички қулоқда корти органининг йўқлиги ёки тўла ривожланмаганлиги ва бошқа киради. Ташқи қулоқ шикастлари, мас, қулоқ супрасининг лат ейиши (аксари спорт травмаси), унинг тери ости ёки тоғай пардасига қон қуйилиши (гематома) кўп учрайди. Калла суяги оғир жароҳатланганда, одатда, ўрта ва ички қулоқ шикастланади. Ҳаддан зиёд кучли овоз ёки узоқ вақт шовқин таъсир этиши — акустик травма, шунингдек, юқори даражадаги босимнинг бирдан пасайиши (баротравма) оқибатида ички қулоқ зарарланади. Қулоқ сариғи (қулоқ кири, чирк ҳам дейилади)нинг кўп ажралиши (ҳамда ташқи эшитув йўлига тиқилиб қолиши) ташқи қулоқнинг кенг тарқалган (яллиғланишсиз ўтадиган) касалликларидан. Қулоқ супраси терисида экзема, сарамас, чипқон, замбуруғ касалликлари (отоми-коз) ҳам кузатилиши; ўрта қулоқ билан ички қулоқни бирлаштириб турадиган овал дарча соҳасидаги суяк тўқимасининг ўсиб кетиши натижасида эшитиш хусусияти тобора пасайиб бориши мумкин (қаранг Отосклероз). Ички қулоқнинг яллиғланишсиз кечадиган касалликлари интоксикация, қон айланиши, вегетатив нерв системаси ва эндокрин безлар фаолиятининг бузилиши оқибатида келиб чиқади. Қулоқнинг яллиғланиш билан ўтадиган хасталиклари отит деб аталади (қаранг Кулоқ оғирлиги, Қулоқ шанғиллаши). Касалликка ўз вақтида даво қилиб, бемор врач буюрганларини қатъий бажарса, у кўпинча тузалиб кетади; аксинча, врач кўрсатмаларига амал қилинмаса ёки ҳар ким ўз билгича даволанса, яллиғланиш сурункали тус олиши, шунин-гдек, менингит, сепсис, мия тўқимаси абссесси каби оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Аксарият, инфексион касалликлар (грипп, менингит, қизамиқ, тепки), шунингдек, антибиотикларни назорациз ишлатиш (асосан, ўз билгича даволаш), хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қил-маслик, индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдаланмаслик ва бошқа қулоқ оғирлиги ва карликка сабаб бўлади.
Қулоққа ёт жисмлар — тугмача ва бошқа тушиши (хусусан, болаларда) ва майда ҳашаротлар кириб кетиши тез-тез учраб туради. Қулоқдан ёт жисмларни фақат врач чиқариб олиши лозим, ўз билгича уриниш ёт жисмни ичкарига итариб юбориши ва уни олишни қийинлаштириши мумкин. Қулоқ шикастланиши орасида қулоқ супрасини совуқ уруши кўп учрайди. Қулоқни фақат косметик кабинетда тештириш керак, акс ҳолда қулоқ супрасига инфексия кириб, уни яллиғлантириши мумкин. Қулоқ касалликларининг олдини олиш ва эшитиш фаолиятини асрашда бурундан нормал нафас олишнинг аҳамияти катта. Шунинг учун айниқса, болаларда аденоид, полип, гайморит ва ҳоказони ўз вақгида даволаш, бурун тўсиғи қийшиғини бартараф этиш зарур.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |