Қумсичқонлар - олахуржунлар оиласига мансуб кемирувчилар кенжа оиласи. Гавдасининг уз. 5 см дан 19 см гача, думи 3 см дан 24 см гача. Кўриниши каламушга ўхшаш, лекин думининг учида бир тутам узун жунлари бўлиши билан ундан фарқ қилади. 80 га яқин тури Осиёнинг чўл ва чала чўлларида, Африка саванналари ва тоғ олди ҳудудларида тарқалган. Ўзбекистон фаунасида катта Қ. ва кичик Қ. уруғларига мансуб катта Қ., юлғун Қ.и, қизилқум Қ.и, тушки Қ. тарқалган. Кўпчилик турлари кечқурунлари ёки кечаси фаол. Уяда яшайди. Катта Қ. Ўрта Осиё ва Қозоғистон чўлларида кенг тарқалган; яйловлар, саксовул ва чўлдаги буталарга катта зиён келтиради. Қ. ўлат, тери лейшманиози, кана тошмали терламаси ва бошқа касалликлар қўзғатувчиларини сақловчи табиий манба ҳисобланади.