Қундузсоқи (1840/41, Шарқий Бухоро Балжувон беклиги ҳудуди — 1910, Қизилмозор музофоти Дастори қози қишлоғи) — соқи. "Гўрўғли" туркумидаги достонларнинг 64 тасини, жумладан: "Гўрўғлининг туғилиши", "Гўрўғлининг Гуржистонга бориб, Авазхонни олиб келиши", "Юнуспарининг Боғи Эрамга сайрга чиқиши", "Боғбоннинг Гўрўғлига арз қилиши", "Авазнинг сув парисини олиб кели-ши", "Ғордан бир қўлнинг кўрини-ши", "Авазхоннинг Чамбилдан аразлаб, ота юрти Доғистонга кетиши", "Гўрўғлининг Санам ва Гавҳар но.мли қизлари", "Кўктемир", "Авазхон ва Қоракўз", "Авазнинг Гирдоб кўлига сафари", "Гулойимпари", "Нура-ли" ва бошқа достонлар ва халқ қўшиқларини маҳорат билан ижро этган. Қ. ла-қайларда соқилик мактабининг асосчиси сифатида 20 га яқин шогирдлар етиштирган. Қ.нинг соқилик маҳорати Бухоро амиригача етиб борган; ҳар замонда амир соқини Бухорога таклиф этиб, "Гўрўғли" достонини эшитиб турган. Амир бир неча марта соқини Бухорода қолишга ҳам ундаган, аммо соқи бу таклифни рад этган. Қ. амир ва беклар олдида юксак мавқега эга бўлса-да, доимо халқ орасида юриб, тўй ва маъракаларда халқнинг хизматини қилган. У қатнашган даврада йиғилган одамлар соқини суҳбат ва гўрўғлихонликка чорлаган. Соқичилик билан бир қаторда йиғилганларга панднасиҳатлар айтиб, муаммоларни ечиш йўлида яхши маслаҳатлар берган.

Насриддин Назаров.