Қурултой (туркий-мўғулча – хурултай), кенгаш, мажлис, съезд – туркий халқлар ва мўғул халқида қадимдан мавжуд бўлган турли ҳарбий кенгашлар ва мажлисларнинг умумий номи. 1) Туркий халқларда қурилтой ва ҳарбий кенгаш ўтказиш анъанаси қадимдан мавжуд бўлган. У Эфталийлар ва Турк хоқонлиги давлатларида пайдо бўлиб, камида 1500 йиллик тарихга эга. Ҳатто айрим манбаларда ёзилишича, Ҳун хоқонлиги даврида ҳам қурилтойлар ўтказилган. Салжуқийлар ва усмонлилар сулоласи вакиллари қурилтойда ўз султонларини сайлашган. Мўгуллар давлатида (Чингизхон ва унинг ворислари даврида) қурилтой ҳокимият бошқарувининг олий шаклига айланган эди. Амир Темур ва темурийлар даврига келиб, қурилтойлар ўзининг мукаммал тузилишига эга бўлган. Қурилтойда мамлакат ҳаётидаги жиддий сиёсий ва иқтисодий масалалар ҳал қилинган, у муҳим ҳарбий юришлар арафасида ўтказиладиган ўзига хос катта маросимга айланган. „Темур тузуклари“да қурилтой (ҳарбий кенгаш) ўтказиш тартиблари ҳақида сўз боради. Қурилтойда мамлакат ҳукмдори ва қўшин қўмондони сайланган. Қурилтой ўтказиш низомига кўра, унинг ҳар бир иштирокчиси ўз фикрини эркин равишда билдириши мумкин бўлган. Қурилтой қатнашчиси бўлган амир ва бекларга муайян кучлар томонидан тавсия этилаётган номзодлар ҳақида ошкора ва ҳеч қандай монеликсиз фикр-мулоҳаза айтиш ҳуқуқи берилган. Сайловлар ошкора ва тенг асосларда ўтган. Сўнгра сайловда ғолиб чиққаи номзодни пайғамбар Муҳаммад (сав) авлодларидан бўлган саййидлар қоқ ерга тўшалган оқ кигиз ёнига етаклаб келишарди. Мамлакат ҳукмдори ёхуд ҳарбий қўшиннинг олий бош қўмондони қилиб сайланган шахс шариат қонунларига биноан иш кўриши лозимлиги тўғрисида муқаддас Қуръони каримни қўлида тутиб, қасамёд этиши керак эди. Сўнгра уни нуфузли уруг бошлиқлари (бийлар) оқ кигизга солиб, кўтариш маросимини бажо келтиришган. Бу анъана Ўрта Осиёда хонликлар даврида (ХХ аср бошларигача) ҳам сақланиб қолган; 2) 1917-йилда Бутун Туркистон мусулмонлари томонидан ўтказилган 4 та анжуман. Уларнинг охиргисида Туркистон мухторияти ташкил топган (1917-йил 26—28-ноябр); 3) Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикасиаа олий давлат ҳокимият органи; 4) Туркистонда срвет режимига қарши қуролли ҳаракат раҳбарлари томонидан ташкил қилинган идора. Туркистон ватанпарварлари қурилтойларда ўз ҳарбий йўлбошчиларини сайлашган, қизил армияга қарши курашдан сабоқ ва хулосалар чиқариб, бўлғуси жанг режаларини муҳокама қилишган. Қурилтойларда Олий бош қўмондон билан бирга ҳарбий дасталарнинг қўмондонлари- қўрбошилар ҳам сайланган. 5) ХХ асрда Ўзбекистон ССРда қишлоқ хўжалиги ходимлари – пахтакорлар, чорвадорлар ва бошқаларнинг эски йил якуни ва янги йил режалари муносабати билан ўтказиладиган республика, вилоят ва туман йиғинларининг номи[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил