Қўштирноқ билан адаштирманг.

Қуштирноқ (Ноготки лекарственниэ — Cалендула оффиcиналис Л.; тирноқгул, ҳамиша баҳор) — мураккабгулдошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 60 см гача етадиган, бир йиллик хушманзара ва доривор ўсимлик.

Cалендула оффиcиналис Қуштирноқнинг гули

Биологик морфологияси

Қуштирноқ тукли шохланган пояларга эга, барглари ҳам сертукли, тескари тухумсимон, поячаларнинг юқори қисмидаги барглари тухумсимон ёки лансецимон бўлиб, улар пояга бандсиз ўрнашади.

Қуштирноқнинг гуллари тилларанг ёки тўқ сариқ бўлиб, ўсимликнинг поя ва шохчалари учида якка-якка ҳолда жойлашган йирик саватчаларда тўпланган. Ўсимликнинг поячасидаги бахмал туклар қуёш нури тушган пайтларда ёпишқоқ ҳолга келади. Унинг меваси — пистачалар қушнинг тирноғига ўхшаб ичкари томонга қайрилган бўлади, шунинг учун ҳам гулни қуштирноқ ёки тирноқгул деб аташади. Қуштирноқ уруғлари бошқа мураккабгулдошлардан султонсиз писталардан иборатлиги билан фарқ қилади.

Тарқалиши

Қуштиртноқ ёввойи ҳолда Жанубий Европа, Олд Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида ўсади. Уни қадим замонлардан бери манзарали гул сифатида маданий равишда экиб келинади.

Таркиби

Ўсимлик гуллари таркибида 17 % га яқин календен деб аталувчи гликозид бўлмаган модда, 3 % каротин, органик кислоталар, фитонсидлар, алколоидлар, эфир мойи, қатрон, азот сақловчи шиллиқ, албумин, сапонинлар, ошловчи бўёқ ва бошқа моддалар мавжуд.

Халқ табобатида қўлланиши

Халқ табобатида ўсимликнинг гул саватчаларидан тайёрланган дамламалар жигар, талоқ, меъда ва ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Ўсимлик гулларидан тайёрланган дамламадан киши бадани куйганда, совуқ урганда, турли яраларда (хўппоз, чипқон, кўзикўк, сизлоғич, хасмол ва бошқа) ванна, примочка, компресс қилинади. Дамлама билан оғиз бўшлиғи чайқалади, ундан клизма қилиш ҳам мумкин.

Уй шароитида қуштирноқ гулларидан дори-дармон тайёрлаш учун, оғзи ёпиладиган ҳароратга чидамли идишдаги 2 стакан қайноқ сув устига қуштирноқ гулидан 2 чой қошиқ солиб, 15 дақиқа давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра дамлама докадан ўтказилиб сузилади. Дамламадан кунига 4 маҳал ярим стакандан ичилади. Ёки 400 гр қайноқ сувга 20 гр майдаланган қуштирноқ гулидан солиб, 10 дақиқа қайнатилади. Қайнатма совугач сузиб олинади. Ундан кунига 1 ош қошиқдан 3 маҳал ичиш керак.

Доривор ўсимлик ҳисобланувчи қуштирноқ гуллари, ўсимлик айни гуллаган дамларда қирқиб олинади-да, салқин, ҳаво алмашиниб турадиган жойларда қуритилади.

Фармасевтика соҳасида қўлланиши

Қўштирноқдан тайёрланган дори воситалари, препаратлар сийдик ҳайдашда (қовуқда тош ва қум мавжуд бўлганда), қизилчада, раҳитда, бош айланишида, йўталда, қорин оғриғида (меъда жароҳати, спазмада) истеъмол қилинса анчагина енгиллик беради.

Илмий тиббиётда қуштирноқ препаратлари кенг қўлланади. Ундан тайёрланган турли хил эмулсия, дори таблеткалари бир қатор касалликларни даволашда ишлатилмоқда. Профессор В.В.Хворовнинг тажрибаларига кўра, қўштирноқдан тайёрланган настойка аёлларнинг климакс давридаги қон босимини ошишини меъёрига келтирадиган ишончли даво чораларидан бири экан.

Адабиётлар

Ҳаволалар