Қуёнсуяк — дуккакдошлар оиласига мансуб бута ёки дарахт. Қозоғистон, Ўрта Осиёда, Ғарбий Сибирнинг жан.-ғарбида ва Хитойда тарқалган. Ўзбекистонда Қизилқум чўлида, Бухоро вилоятида, Қорақалпоғистоннинг қумли ерларида ўсади. Илдизи ўқилдиз. Бўйи 0,5–3 м. Дарахтининг бўйи 8 м га етади. Новдалари ингичка, осилиб туради. Барглари ялтироқ-кумушранг, майин, уз. 2 — 3 см. Гуллари ҳаворанг, хушбўй, шингилларга йиғилган. меваси 2—3 дуккак. Ёғочидан ҳар хил буюмлар тайёрланади, илдизидан бўёқ олинади ва кўчма қумларни мустаҳкамлаш мақсадида экилади. Ўтин сифатида фойдаланилади. Илдизидан кўпаяди. 25—30 йил яшайди.