Работи Малик, Шоҳ работи (Рабат-и Мâлик; арабча: رباط ملك‎‎ [рибāṭ малик]; „Шоҳ қўрғони“) — Ўрта Осиёдаги қорахонийлар туркий сулоласи вакили Шамсулмулк томонидан қурдирилган карвонсарой. Тахминан 1069—1079-йилларда қурилган[1]. Ушбу иншоот Работи Малик ансамбли таркибидаги сақланиб қолган икки тарихий обидадан биридир. У жойлашган ҳудуд эскидан Маликчўл (Чўли Малик) деб аталади.

Работи Малик карвонсаройи
арабча: رباط ملك‎‎

Работи Малик карвонсаройининг 1925-йилги ҳолати

Работи Малик карвонсаройининг 2012-йилги ҳолати
Умумий маълумот
Мақоми Тарихий обида
Тури карвонсарой, истеҳком, қўрғон
Манзили Кармана тумани
Мамлакат Ўзбекистон
Координаталар 40°07′24″Н 65°08′54″Э / 40.12323210460077°Н 65.1482488410803°Э / 40.12323210460077; 65.1482488410803
Қурилиши бошланган тм.1069—1079
Эгаси Давлат мулки
Техник ҳолати
Материал пишган ғишт, хом ғишт
Map
Работи Малик карвонсаройи харитада
Работи Малик Викиомборда
Ташқи тасвир
Работи Маликнинг 1925-йилдаги ҳолати
Работи Маликнинг 1925—1926-йиллардаги ҳолати
Работи Малик чап томон деворининг 1928-йилги ҳолати
Работи Маликнинг 1928-йилдаги ҳолати
Работи Маликнинг 1930—1950-йиллардаги ҳолати
Работи Маликнинг 1965—1970-йиллардаги ҳолати
Работи Маликнинг 1988-йилдаги ҳолати

Қадимий Бухоро — Самарқанд йўлининг Чўли Маликдаги йирик чегара ва савдо бекатида қурилган, ҳозирги Кармана шаҳарчаси ва Навоий шаҳри яқинида, Кармана туманида. Бизгача унинг фақат пештоқ қисми (диаметри — 12,6 м.) сақланган. Жанубий минораси 1950-йилгача[2] мавжуд бўлган.

Работи Малик тарихда карвонсарой вазифасидан ташқари, истеҳком, қўрғон ва савдо-сотиқ маркази сифатида ҳам муҳим ўрин тутган. Кармана ва Тавоис шаҳарлари ўртасидаги савдо йўлида жойлашган[3]. Бугунги кунда Работи Малик харобаси давлат муҳофазасига олинган.

Тарихи

Бухоролик тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий Работи Маликни қорахонийлар сулоласидан бўлган Шамсулмулк қурдиргани ҳақида ёзади[4].

Чўл ўртасида карвонсарой барпо этиш ишлари ХИ асрда амалга оширилади. Карвонсарой ХИИ асрда қайта таъмирланади ва ХВИИИ аср бошларига қадар фаолият юритади[5]. Бошқа бир манбага кўра, 1973—1977-йилги археологик қазишмалар иншоотнинг ўзига хос ва мураккаб қурилиш тарихи ҳақида маълумотлар олиш имконини берган бўлиб, иншоот ХИ ёки ХИИ асрларда қайта қурилган ва айни шу вақтда иншоот ичида катта гумбазли зал қурилган[2].

Архитектураси

Қурилган пайтида Работи Малик карвонсаройи икки қатор (ташқари ва ичкари) истеҳком деворлари билан ўралган[6]. Карвонсарой, қаср ва ибодатхоналарни икки қатор девор билан ўраб олиш анъанаси Ўрта Осиё меъморчилигида бронза асридан бери сақланиб келади[7]. Иншоотларни асосан ҳимоя мақсадида бундай икки қаторли девор билан ўраб олишган, ундан ташқари бу хўжалик ишларида фойдаланиладиган майдонни кенгайтириш имконини ҳам берган. Тарихчилар деворлар оралиғидаги майдонда чорва ёки чорва учун ем-хашак сақланганини тахмин қилишади[8].

Карвонсаройининг ички деворлари 84–86 м ли квадрат шаклида тикланган бўлиб, унинг тўрт томон бурчакларида айлана шаклдаги миноралар бўлган (Борис Засипкиннинг изланишлари асосида). Засипкин ўрганишлари давригача бу миноралардан фақат жануби-ғарбий бурчакдагиси сақланган бўлган, қолган учтасининг билинар-билинмас изи қолган[9].

Бинонинг асосий фасади жанубга қараган. Фасаднинг марказида улкан пештоқ мавжуд, бу, сақланиб қолганлари орасида ўрта аср меъморчилигига оид энг қадимий пештоқ ҳисобланади[9][10].

Деворларнинг ички қисми 28х28х6,4 см ўлчамли хом ғиштдан, устки қисми 24х24х4 см ли пишган ғиштдан терилган[9][10]. 1947-йилгача сақланиб қолган қисмлар асосида хулоса қилинса, бутунича пештоқ ва бурчакдаги миноранинг тепа қисми тўлиқ пишиқ ғиштдан терилган. Миноранинг асоси хом ғиштдан тикланган[9].

Работ катта кенг ҳовли (22,5х22,5 м) ва атрофи ўралган 2 қаватли хона-ҳужралардан иборат бўлиб, уларга сопол қувурлар орқали сув ўтказилган. Марказий қисми тўридаги муҳташам сарой олди бир қаторли равоқли айвон (7,5х13 м) 2 қанотига жойлашган. 20 та ғиштин устун ишланган[10].

Ички қўрғон атрофи қалин деворлар билан ўралган (жанубий ва шимолий баландлиги 2,35 м, ғарбий ва шарқий қисми 1,5 м, узунлиги 84–86 м, олд девор баландлиги 12 м га яқин). Майдонга қараган жанубий тарзи ўртасидаги улкан пештоқ (бўйи 18 м, эни 12 м) 8 қиррали юлдузлар, турли ҳандасий шакллар мавжуд. 2 чеккасида бурж бўлиб, улар ўзаро баланд девор билан уланган. Девор ўртасида пилтавор буржлар қатори тепаси кичраювчи равоқлар билан боғланган. Девор юқориси ғиштин куфий хатлар билан ҳошияланган. Буржлар тепасида равоқли кўшк бўлиб, ундан атрофни кузатиш қулай бўлган. Кўшк остида ганчдан ясалган икки қатор йирик шарафа ва куфий хат ҳалқаси кўзга ташланади. Безаклари асосан ғиштин, оз миқдорда ўйма ганч нақшлар ҳам учрайди[10].

Работи Малик деворларининг тўрт бурчагида ҳар бири 18 м бўлган 4 та минора бўлган. Бу миноралар „гулдаста“ деб аталган[11].

Бош фасади

Работи Маликнинг энг диққатга сазовор қисми асосий кириш дарвозаси жойлашган жанубий фасадидир. Фасаднинг фронтал композицияси классик уч қисмли симметрия асосида ишланган. Асосий ўқда жойлашган кириш қисми (баландлиги 18–19 м) композициянинг маркази ҳисобланади. Кириш қисмининг икки томонида баландлиги 12 м га яқин бўлган гофрасимон безакли деворлар жойлашган. Ўз навбатида улар „гулдаста“ деб ном олган минораларга уланган (баландлиги тахминан 23 м бўлган). Бугунги кунгача деворлар ва миноралар сақланмаган. Икки четда жойлашган миноралар композиция томонларининг мутаносиблигини сақлаган[8]. Жанубий фасаднинг энг диққатни тортадиган жиҳати унинг гофрали юзаси ҳисобланади. Гофралар юқори қисми аркалар билан тугалланган олтита ярим колонна ва икки жуфт чорак колонна кўринишида бўлган. Бу безаклар обидага ўзига хос масштаб, ритм ва соя–ёруғ эффектини берган[8]. Архитектурада бундай декоратив услуб илк бронза давридан маълум бўлиб, ўрта асрларда бутун Марказий Осиё бўйлаб тарқалган. Эронда сосонийлар даври архитектурасида ва Шимолий Хуросон, Сўғд ҳамда Хоразмнинг илк ўрта аср меъморчилигида учрайди[12].

Карвонсаройнинг шимолий, шарқий ва ғарбий фасадлари жанубий фасад каби безакдор бўлмагани тахмин қилинади[8].

Кириш қисми

Работи Малик карвонсаройининг кириш эшиги
Raboti Malik peshtoqi yon tomonidagi bezaklar
Работи Малик пештоқи ён томонидаги безаклари (чапда) ва унинг чизмаси (ўнгда). Чизма ХХ асрнинг 20-йилларида олинган тасвир асосида чизилган[13]

Жанубий фасаднинг ўртасида улуғвор кириш қисми жойлашган. Унинг кенглиги 12 м, баландлиги 18–19 м ни ташкил этади. Кириш қисми анъанавий „П“симон қолипда қурилган[14].

Работи Малик кириш қисми пештоқининг кўриниши Мовароуннаҳрда ўрта асрда шаклланган услубда қурилган бўлиб, унинг тепа ва ён томонлари (пилонлар) алоҳида диққатга молик. Улар чуқур релефли ўйма терракота ва ўйма ганч ҳамоҳанглигида ишланган. Пештоқ қолипи периметри бўйлаб икки қаватли йирик керамик орнаментлар ўрин олган. Бу орнаментлар чуқур релефли бўлиб, улар саккиз қиррали юлдуз ва ярим хоч шаклида ишланган. Бундай орнаментал услуб ХИ—ХИИ асрларда Ўрта Осиёда жуда кенг қўлланган[14].

Бўртма саккиз қиррали юлдузлар ва ярим хоч шаклларнинг ички қисми ўсимликсимон ганчкор нақшлар билан безатилган[14].

Пештоқ айвонининг юқори қисмида кичик арка ҳам бўлган, бу арка ХХ асрнинг 40-йилларида йўқолиб кетган[14].

Ярим гумбаз шаклидаги пештоқ айвонида уч қатор консол-катакли елкансимон шокилалар бўлган. Улардан пастроқда ислимий услубига ўхшаш услубда ўйма ганчдан ишланган нақшли кичикроқ паннолар бўлган. Ундаги нақшлар маҳаллий минераллардан олинадиган бўёқлар воситасида сариқ, кўк ва жигарранг рангларга бўялган. Пештоқнинг ён томонидаги нақшлар фақат сариқ рангга бўялган. Ўймакор услубда ишланган ганчни бўяш исломдан аввалги даврларга хос бўлиб, Варахша, Панжикент тарихий обидаларида шу услубдан фойдаланилган. ИХ—Х асрларда (Сомонийлар даврида) саройлар ва бой хонадонларни шу услубда безатиш оммалашган. Бу услуб ҳароратнинг кескин исиши ва совушига чидамли бўлмагани боис ундан асосан биноларнинг ички қисмини безатишда фойдаланишган. Аммо Работи Малик ва 1115-йилда қурилган Қорахонийларнинг Ўзгандаги мақбараларида бу услубдан бинонинг ташқи қисмини безатишда фойдаланилган[15].

Пештоқда форс тилида, куфий ёзувида қуйидаги сўзлар битилган:

Бу масканни обод қилган олам султони халққа ғамхўр эди (бўшлиқ) [бу] сарой тангри инояти ила... (бўшлиқ) ...обод жой... (бўшлиқ) ...қолгай (бўшлиқ) ...бу ўлик маскан жаннатмакон бўлди... (бўшлиқ) ...устун ва айвонларга...

Миноралар

Файл:Работи Малик минорасининг юқори қисми.жпг
Работи Малик минорасининг юқори қисми
Работи Маликнинг жануби-ғарбий минораси. 1925-йилги ҳолати

Работи Малик фасадининг тўрттала бурчагида „гулдаста“ миноралар қад кўтарган. ХХ асргача сақланган жануби-ғарбий миноранинг баландлиги деярли 23 м га, пойдевор диаметри 5,5 м га тенг бўлган. Унинг бел қисми бироз ботиқ ҳолда қурилган бўлиб (энтазис), ички қисмида айланма зина бўлган. Тепа қисмида арка деразасимон, ҳар томони очиқ кузатув жойи бўлган. Кузатув жойининг остки қисми ташқи томондан ғиштдан терилган сталактицимон шакллар ва куфий услубида ёзилган матн билан безатилган. Архитектура тарихида илк марта бу матнни Иван Умняковнинг илтимосига кўра шарқшунос Александр Шмидт ўрганган. Унда Қуръон оятларидан намуналар ёзилгани аниқланган[16].

Тарихчи Нина Немсеванинг фикрларига кўра, миноралардан фақатгина кузатув мақсадида фойдаланилган ва ҳеч қачон улардан намозга чақирилмаган. Обида ўртасидаги чоғроқ масжид карвонсаройга келувчи кам сонли меҳмонларга хизмат қилган ва чўл ўртасида намозга чақиришга ҳеч қандай ҳожат бўлмаган[16].

Мажмуа

Работи Малик сардобаси

Работи Малик карвонсаройи ва унга тегишли бўлган сув сақловчи иншоот (сардоба) биргаликда Работи Малик мажмуасини ташкил этади. 1950-йиллар Навоий шаҳри қурилиши баҳонасида Бухоро ва Кармана шаҳарларини боғловчи автомобил йўлини қуриш мақсадида Работи Малик мажмуаси ўртасида жойлашган осори-атиқаларга бой ҳудуд экскаваторлар билан суриб, текислаб ташланган ва асфалт йўл ўтказилган[17].

Ўрганилиш тарихи

Карвонсарой харобаси археологлар орасида жуда машҳур. Унинг қадимийлиги, безакдорлиги ва бинонинг ўзига хос шакллари, композицион жиҳатидан мутаносиблиги кўпдан бери изланувчиларни ўзига жалб қилиб келади[18].

Таниқли шарқшунос Василий Бартолд харобани ўрганиб, у 1078—79-йилларда қурилган Работи Малик карвонсаройига тегишли эканини тахмин қилган. Шундан бери ушбу хароба Работи Малик деб аталади[2].

1841-йилда Александр Леман томонидан чизилган Работи Малик ва унинг яқинидаги бинолар тасвири (Работи Малик карвонсаройининг илк тасвири)

1841–42-йилларда Работи Маликни Бутенев ва Богословский бошчилигидаги тоғ-кон инженерлари экспедицияси ўрганган. Бу иншоотга бағишланган илк илмий китоблар ёзилиши ҳам ўша йиллардан бошланган. Бино ҳақидаги биринчи ва нисбатан тўлиқ тавсиф экспедиция иштирокчиси, натуралист Александр Леман томонидан ёзилган[18]. Леман, шунингдек, эскиз ҳолида бино кўринишини ҳам чизади. Унда жанубий фасад нисбатан яхши ҳолда сақлангани, бу фасад пештоқли кириш қисмига эга бўлган ташқи девор билан ўралганини кўриш мумкин[2]. Экспедициянинг бошқа бир аъзоси — ориэнталист Николай Хаников бинога қисқача тавсиф бериш билан чегараланган[18].

Кейинчалик Работи Маликни Скайлер, Вамбери, Ситняковский, Маев ва Ересченколар ўрганишган лекин улар қўрғон ҳақида Александр Леманчалик кенг кўламли маълумот қолдиришмаган[18].

Работи Малик карвонсаройининг 1935-йилгача олинган тасвири

Совет иттифоқи даврида Работи Малик ҳар томонлама ўрганилди. Бу давр тадқиқотларидан Иван Умняков ва Борис Засипкиннинг ишлари жуда қимматли ҳисобланади. Умняковнинг тадқиқотларида Работи Малик ҳақида бир қатор тарихий маълумотлар келтирилади ва қорахонийлар даври архитектурасини ўрганишда юзага келаётган маданий-тарихий муаммолар санаб ўтилади. Засипкиннинг Работи Маликни меъморий-археологик жиҳатдан ўрганиш масалаларига бағишланган тадқиқотларида эса иншоотнинг умумий манзараси ва унинг қурилишидаги асосий босқичлар ҳақида жуда қизиқ хулосалар чиқариш мумкин бўлган кенг қамровли маълумотлар келтирилади[18].

Бу икки олимнинг ишлари кейинчалик бир қатор бошқа илмий ўрганишлар учун асос бўлди: хусусан, Борис Денике, Борис Веймарннинг илмий тадқиқотлари ва профессор Л. Воронин, В. Воронина, Т. Страмсова, Носовнинг меъморий ўрганишлари шулар жумласидандир[18].

ХХ асрнинг иккинчи ярмида ўтказилган археологик ўрганишлар вақтида Работи Маликнинг ички инфраструктураси ва тарҳ композицияси ҳақидаги илк маълумотлар олинган[17]. Ўз даврида инженер Красилников томонидан қилинган ўлчовлар Засипкинга пропорцияларни ва масштаб мутаносибликларини олишга имкон берди. Засипкин ўлчовларига кўра пештоқнинг эни 12,03 м, бўйи 12 м. Пойдевори 2,80 м (маданий қатламларни ҳисобга олганда 3 м), карнизнинг сақланиб қолган қисми 0,48 м. Пештоқнинг умумий баландлиги 18 м бўлгани тахмин қилинади. Кириш аркасининг кенглиги 5,73 м, қалинлиги 1,43 м, деворларнинг баландлиги тахминан 12 м бўлган[19].

Анча вақтгача карвонсаройнинг қурилган йили Бартолд айтганидек 1078—79-йиллар, деб ҳисобланиб келган. Лекин 1951-йилда А. Семёнов Бартолд томонидан топилган далиллар ХИ асрда Самарқанд яқинида қурилган бошқа бир карвонсаройга оид эканини исботлади. Шу билан Работи Малик деб аталувчи карвонсаройнинг қурилган вақти масаласи яна очиқ қолди[2].

Работи Малик ҳудудида 1937—1940, 1973—1977[11], 1997, 1999, 2001-йилларда археологик изланишлар олиб борилган. Изланишлар натижасида Работи Маликнинг тарҳи, қурилиш даври, ички қисмларининг бадиий безатилиши, кўплаб осори-атиқалар (керамика, металл ва суякдан ясалган буюмлар, турли қийматдаги ва турли йилларда зарб қилинган тангалар) топилган. Ер остидан ташқи ўлчамлари 91х91 м ли квадрат шаклдаги, сарой типида қурилган кўп ҳовлили икки аниқ бўлакка бўлинган қалъа қолдиқлари қазиб чиқарилган. Бўлакларнинг жанубий қисмида хўжалик хоналари ва шимолий қисми эса нақшлар билан безатилган бўлиб, унда яшаш хоналари жойлашган[17]. Карвонсарой ичига сопол қувурлар орқали сув ўтказилган, бу сув Сардобадан тортиб келинганлиги тахмин қилинади[11].

Бузилиб бориши

Работи Малик деворлари. 1925-йилги сурат. Ҳозирда сақланмаган.

ХИХ аср охири, ХХ асрларда Работи Малик харобалари бузилиб боришда давом этди. 1875-йилда жанубий фасаднинг икки минорасидан бири қулаб, фақат ғарбий минора қолган. 1911-йилги ўрганишларда аниқланишича гумбазли марказий зал бузилиб кетган бўлган. 1924-йилда жанубий фасаднинг ўнг қаноти қулаб кетган[2].

ХХ асрнинг 50-йилларида Работи Малик карвонсаройи ва сардобаси жойлашдан жойнинг ораси булдозер билан сурилиб, текисланиб, асфалт қопламали йўл (М-37) ўтказилган, ҳудуднинг маданий қатлами йўқотилган. Йўл ўтказилганидан сўнг жанубий деворнинг пишган ғиштлари маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан ташиб кетилган[20].

1950-йил номаълум маҳаллий амалдор чап томондаги деворларни ва сўнгги — ғарбий минорани ҳам йиқиттирган. Катта бир бино харобасидан ҳозир фақатгина пештоқ қисми сақланиб қолган[2].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 2,5 2,6 Хмельницкий 1992, с. 187.
  3. ↑ Қаландаров 2018, с. 72.
  4. ↑ Хафиз-и Таныш Бухари 1989, с. 232.
  5. ↑ Немцева 2009, с. 7—8.
  6. ↑ Немцева 2009, с. 9.
  7. ↑ Немцева 2009, с. 9—10.
  8. ↑ 8,0 8,1 8,2 8,3 Немцева 2009, с. 10.
  9. ↑ 9,0 9,1 9,2 9,3 Нильсен 1956, с. 46.
  10. ↑ 10,0 10,1 10,2 10,3 Ҳотамов, Ҳалилов 1995, с. 14.
  11. ↑ 11,0 11,1 11,2 Ҳотамов, Ҳалилов 1995, с. 15.
  12. ↑ Немцева 2009, с. 10—11.
  13. ↑ Немцева 2009, с. 121.
  14. ↑ 14,0 14,1 14,2 14,3 Немцева 2009, с. 12.
  15. ↑ Немцева 2009, с. 13.
  16. ↑ 16,0 16,1 Немцева 2009, с. 11.
  17. ↑ 17,0 17,1 17,2 Немцева 2009, с. 7.
  18. ↑ 18,0 18,1 18,2 18,3 18,4 18,5 Нильсен 1956, с. 44.
  19. ↑ Нильсен 1956, с. 48.
  20. ↑ Немцева 2009, с. 40.

Адабиётлар

Қўлёзмалар

  • Хафиз-и Таныш ибн Мир Мухаммад Бухари „2“, . Шараф-нама-йи шахи (Книга шахской славы). Москва: Наука. Главная редакция восточной литературы., 1989 — 560-бет. ИСБН 5-02-016566-2. 

Илмий адабиётлар

  • Ҳотамов А., Ҳалилов Ш.. Йиллар садоси. Тошкент: Адолат, 1995 — 72-бет. 
  • Қаландаров Анвар. Бухоро хонлиги ва унда карманалик шайхлар фаолияти (монография). Тошкент: Тафаккур қаноти, 2018 — 203-бет. 
  • Немцева Н. Б.. Рабат-и Малик, ХИ — начало ХВИИИ вв. (археологические исследования). Доcумент де траваил де л’ИФЕАC. №33, фéвриэр 2009. Ташкент: Институт Франçаис д’Éтудес сур л’Асиэ Cентрале, 2009 — 136-бет. 
  • Нильсен В. А.. Монументальная архитектура Бухарского оазиса ХИ—ХИИ вв. К вопросу о возникновении средневековой архитектуры в Средней Азии. Ташкент: Издательство Академии наук Узбекской ССР, 1956 — 158-бет. 
  • Хмельницкий С.. Между арабами и тюрками. Архитектура Средней Азии ИХ — Х вв.. Берлин—Рига: Cонтинент Лтд., 1992 — 346-бет.