Радикулит (лотинча: радиcула — илдизча) — орқа миянинг нерв илдизлари ва улардан кетадиган нерв толалари касаллиги. Периферик нерв системасининг энг кўп тарқалган хасталиги. Кўпинча умуртқа поғонаси касаллиги (остеохондроз) сабаб бўлади. Бунда амортизация ролини ўйнайдиган умуртқалараро диск эластиклигини йўқотиб, мўрт бўлиб қолади. Диски ўзгарган умуртқанинг бириккан ерида туз йиғилиб, суяк ўсиши (остеофитлар) кузатилади. Ўсиб чиққан суяк ўсиқчалари умуртқа орасидан ўтадиган нерв илдизчаларини қисиши натижасида оғриқ пайдо бўлади. радикулит жароҳатлар оқибатида, совқотиш (Мас, узоқ вақт муздай сувда ювиниш, зах жойда ўтириш ва бошқалар), организм ичдан заҳарланганда, юқумли касалликлар асорати сифатида рўй бериши мумкин.

Радикулит
 
Классификацияси ва ташқи линклар
ДисеасесДБ 29521
МеСҲ Д011843

Зарарланган нерв илдизчалари ва нерв толалари бўйлаб оғриқ пайдо бўлиши ва сезувчанликнинг йўқолиши, баъзан ҳаракат бузилиши ҳам радикулитга хос аломатлардан ҳисобланади. Радикулит, одатда, бирданига пайдо бўлиб, кўп ҳолларда сурункали шаклга ўтади ва вақтвақти билан қўзиб туради. Нерв толаларининг қайси қисми зарарланганлигига қараб, радикулит ҳар хил бўлади. Энг кўп тарқалган хили белдумғаза радикулитидирадикулит Бунда белдумғаза соҳасида ҳамда қуймич нерви бўйлаб ҳар хил оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ қимирлаган пайтда кучаяди, шунинг учун бемор бирданига қимирлай олмайди, юрганида эса танасини олдинга ёки ёнга эгиб олади, натижада умуртқа поғонасининг қийшайиши, орқа мускулларининг таранглашиши кузатилади. Бемор оғриқни камайтириш учун ўринда оёғини букиб, қорнига тортиб ётади. Агар фақат бел нерви илдизчалари зарарланса, оғриқ сон юзасида бўлади. Қуймич нерви чиқадиган думғаза бўлими илдизчалари кўпроқ зарарланиши билан ўтадиган белдумғаза радикулит и ишиас деб ҳам юритилади.

Ишиасда оғриқ куймич нерви бўйлаб (думба, соннинг орқа юзаси, болдир, оёқ панжасига) тарқалади. Оёқ совқотади, увушади, чумоли юргандек сезилади. Касал оёқнинг мускуллари тонуси пасаяди ва „сўлиб“ қолганга ўхшайди, кейинчалик атрофияга учрайди. Қуймич нервининг тортилиши (одам энгашганда, оёқ кўтарилганда ва бошқа вазиятларда) оғриқнинг зўрайишига олиб келади.

Бўйин-елка радикулитида оғриқ энсага, елкага, куракка тарқалади. Бошни қимирлатганда ва атрофга қараб қийшайтирилганда, қўл қимирлатилганда, аксирганда, йўталганда оғриқ зўраяди. Касалликнинг оғир шаклларида қўл увушади, ловуллаб ачишади ва санчади, кейинчалик сезиш ҳам ўзгара бориб, секинаста мускуллар кучсизланиб „озади“ (атрофия).

Кўкрак радикулити кам учрайди. Бунда оғриқ қовурғалар оралиғида бўлади ва қимирлаганда, чуқур нафас олганда зўраяди.

Радикулит билан оғриган беморни невропатологврач даволайди. Даво радикулитни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилади. Радикулитнинг олдини олишда даво гимнастикаси, физкултура ва ҳар хил спорт турлари билан шуғулланиш (организмни чиниқтириш) катта аҳамиятга эга[1].

Бўйин радикулити

Сабаблари. Энг асосий сабабларидан бири шу жойда кузатиладиган остеохондроз, яъни бирламчи умуртқа поғонасидаги ўзгаришлар. Радикулит Елка камари ва қўллардаги оғриқ аломатлари (брахиалгия билан плекситлар)нинг кўпчилиги умуртқалар орасидаги дискларда юзага келган ўзгаришларга боғлиқдир. Радикулит бўйин бўлимидаги умуртқалараро дискларнинг зарарланиши натижасида шу бўғимларда суяк ўсимталари пайдо бўлади. Бу ўсимталар умуртқалар орасидан орқа мия

нервларининг илдизлари ўтадиган тешикларни торайтириб қўяди. Бўйин бўлимидаги орқа мия нерв илдизларининг зарарланиши асосан 40 ёшдан ошган одамларда, кўпроқ эркакларда учрайди. Бўйин радикулити билан оғриган беморлар иш вақтида бўйин мушакларини таранглаштирувчи, бошни энгаштириб ва буриб, қўллари билан бир хилда ҳаракат қиладиган одамларда кўпроқ учрайди (сувоқчилар, бўёқчилар тўқувчилар ва бошқ.).

Клиник манзараси. Беморлар бўйин ва қўл соҳаси оғриб туришидан шикоят қилади. Кўпинча бошини мажбуран бир томонга ёки олдинга энгаштириб турадиларадикулит Беморни текширганда оғриқ бўйин қисмида бўлади. Пайпаслаб кўрилганда оғриқ паравертебрал нуқталарда кузатилади. Агар оғриқ қўлга ўца, у вақтда яна оғриқ ўмров усти ҳамда остида, қўлтиқ тагида бўлади. Бўйин радикулитида қўлда, билак ва елка мушакларида гипотония, атрофия кузатилади. Қўлдаги билакни ёзувчи ва букувчи суяк усти рефлекслари пасаяди ёки йўқолади. Сезги бўйин сегментлари соҳасида ва қўлда йўқолади (гипестезия). Умуртқа поғонасини рентгенограммасида умуртқа таналарининг четларида суяк ўсимталари борлиги маълум бўлади.

Кўкрак радикулити

Умуртқа поғонаси кўкрак бўлимида орқа мия нерв илдизларини зарарланишида оғриқ кўкрак соҳасидаги умуртқаларда ҳамда кўкрак қафасида бўлади. Агар оғриқ кўкрак қафасининг чап томонида бўлса, унда клиник жиҳатдан бироз қийин бўлади. Чунки беморда ҳамма вақт юрак касаллигини инкор этишимиз керак. Кўкракдаги оғриқ ва унинг чап қўлга берилиши кўпинча радикулитга ўхшайди. Бу, аксинча, стенокардия ва инфаркт миокардда ҳам кузатилиши мумкин. Шунинг учун бундай беморларни дастлаб, албатта, юрагини текширишдан ўтказиш зарурадикулит Кўкракнинг юқори қисми мушакларининг кўп қисмини бўйиндаги нерв

илдизлари таъминлайди, шунинг учун қаттиқ оғриқ бўлмайди. Жуда кўп касалликларда — сил спондилити, аорталар аневризми, Бехтерев касаллиги, орқа мия ўсмалари ва стенокардияда умуртқа поғонасининг кўкрак бўлимида оғриқ пайдо бўлиши мумкин. Агар юрак соҳасида ўзгаришлар бўлмаса, унда кўкрак радикулити деб даволашимиз мумкин.

Клиник манзараси. Беморни текширганда кўкрак умуртқа соҳасининг ўнг ва чап томонида — паравертебрал нуқталарда оғриқ ҳамда шу сегмент соҳасида сезгининг пасайиши ёки йўқолиши кузатилади. Кўкрак радикулити бошқа радикулитларга нисбатан кам учрайди, чунки кўкракнинг ўзи кам ҳаракат қилади.

Давоси. Бўйин ва кўкрак радикулити оғриган беморларга аналгетиклар (аналгин, седалгин, аспирин, баралгин, диклофенак), витаминлар Б 1, Б12, диодинамик токлар, умуртқа поғонасининг бўйин бўлимига новокаин билан қилинадиган электрофорез, уқалаш, водород сулфидли ёки родонли ванналар тавсия этилади[2].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Х. Қ. Шодмонов, Х. Ш. Эшмуродов О. Т. Турсунова. АСАБ ВА РУҲИЙ КАСАЛЛИКЛАР. «Билим» нашриёти, 2004.