Radiofizika
Радиофизика — физиканинг радиотехника ва унга боғлиқ техника соҳалари асосини ўрганиш билан шуғулланадиган бўлими. Унда частоталари 103 Гс дан 1015 Гс гача бўлган электромагнит тебранишлар ва тўлқинларнинг уйғониши, нурланиши, муҳитда тарқалиши, қабул қилиниши ҳамда параметрлари (частота, амплитуда, фаза ва бошқалар)нинг ўзгариши; тўлқинни ҳосил қилаётган ўзгарувчи электр ва магнит майдонларнинг вакуумдаги ва жисмдаги зарядлар билан ўзаро таъсирлари ўрганилади.
Радиотехника, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар каби соҳаларнинг кенг кўламда ривожланиши натижасида ХХ асрнинг 30—40-йилларида Р. тўла шаклланди. Р.нинг асосий вазифаси: 1) тебранма тизимларда вужудга келувчи электр ва магнит тебранишларни барча параметрлари билан назарий ва амалий жиҳатдан ўрганиш. Бундан 1—2 Гс дан 10" Гс гача ва ундан юқори частотали тебранишлар ҳосил қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқишда фойдаланилади; 2) радиодиапазондаги электромагнит тўлқинларининг вакуумдаги, газлар ва қаттиқ жисмлардаги ток ташувчилар — зарядлар билан ўзаро таъсирини ўрганиш. Вакуумдаги электрон оқимнинг электромагнит майдон билан ўзаро таъсирини ўрганиш натижасида электрон лампалар ва электрон асбоб (магнетрон, клистрон) лар ихтиро килинди. Электромагнит майдоннинг ионлашган газлар ўзаро таъсирини ўрганиш натижасида газ разрядли асбоблар яратилди. Радиодиапазондаги электр тебранишлар ва тўлқинларнинг яримўтказгич, диэлектрик кристаллар ва ўта ўтказувчан қурилмалардаги электрон жараёнлари билан ўзаро таъсирини ўрганиш натижасида генераторлар, кучайтиргичлар (яримутказгичли диод, транзистор ва бошқалар) яратилди; 3) радиотўлқинларнинг нурланиши ва тарқалишини ўрганиш. Турли хил антенналардан электромагнит тўлқинларнинг нурланиши ва уларнинг муҳитдаги тарқалишини назарий ва амалий ўрганиш радиоалоқа тизимини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Радиосигналларни Ердан ташқарида ёки унинг ичида тарқалиши ҳам муҳим масалалардан бири бўлиб, Р. уларни атмосфера, тропосфера, ионосфера ва космик фазода тарқалишини барча геофизик ва космик кўрсаткичларини ҳисобга олиб, геофизика билан бирга ўрганади.
Р.нинг ривожланиши янги ҳодисаларнинг очилиши ва уларни амалга ошириш билан; унинг муваффақиятлари яқин соҳалар — диэлектриклар физикаси, яримўтказгичлар физикаси, квант электроника, ўтказгичлар физикаси билан узвий боғлиқ. Р.нинг баъзи бўлимлари физиканинг мустақил соҳаси (радиоастрономия, радиоспектроскопия, радиометеорология ва бошқалар) бўлиб қолди[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |