Радиометр (радио ва метр) — 1) электромагнит нурланиш энергиясини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб. Иши нурланишнинг иссиқлик таъсирига асосланаган. Қуёш радиацияси, инфрақизил нурланиш ва бошқа нурланишларни тадқиқ қилишда қўлланади (яна қаранг: Актинометр, Пиргелиометр); 2) рад иоастрономияда — радиотўлқинлар диапазонида (тўлқин узунлиги 0,1 мм дан 1000 м гача) астрономик объектларнинг нурланишини тадқиқ қилиш учун мўлжалланган радиотехник қурилма. Радиотелескопларнинг қабул қилувчи қурилмаси сифатида, шунингдек, Ер сиртининг иссиқлик ҳариталарини тузишда қўлланади; 3) радиоактив манбаларнинг фаоллиги (вақт бирлиги мобайнида радиоактив емирилиш актлари сони) ни ўлчаш учун мўлжалланган асбоб; 4) акустикада — товуш нурланишлари босими (товушнинг радиацион босими) ни, кенгроқ маънода — товуш майдонининг баъзи муҳим кўрсаткичлари (товуш энергияси зичлиги, товуш интенсивлиги ва бошқалар)ни ўлчаш учун мўлжалланган асбоб[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил