Radiopriyomnik
Радиоприёмник (радио… ва рус. приёмник — қабул қилгич) — радиоузаткич ёрдамида фазога тарқатилган радиотўлқинларни қабул қиладиган ва кучайтириб берадиган қурилма. Биринчи бўлиб А. С. Попов қабул қилинган сигналларни телеграф лентасига ёзиб олиш учун ўз аппарати схемасига Морзе аппаратинн улаган. 1902-йилда Маркони фирмаси (Италия) магнитли детектор ишлаб чиқарди. 1905-йилда Р. Феосенден (АҚСҲ) электролитли детектор яратди, 1906—08 йилларда кристалли детектор кенг тарқалди, натижада детекторли приёмниклар ясалди. Рус радиоҳаваскори О. В. Лосев 1922-йилда Р. нинг янги типи — кристадинни яратди. Катодли лампалар ишлаб чиқарилгандан сўнг электрон лампали Р. яратилди. Дастлабки лампали Р. Англия ва Франсияда 1915-йилда пайдо бўлди. Кейинчалик регенератив Р., супергетеродин Р., рефлекс Р. яратилди. ХХ аср 50-йилларида тебранишларни генерациялаш ва кучайтириш учун яримўтказгич асбоб (транзистор) лардан кенг фойдаланила бошланди. Кейинчалик босма схемали Р.лар раcм бўлди.
Р. антеннасида турли радиотўлқинлардан ҳосил бўлган э.ю.к. ичидан радиостансия керакли сигналларни ажратади, кучайтиради ва товуш эшиттириш аппарати (радиокарнай, телефон, телеграф аппарати ва бошқалар)га таъсир қилувчи анча паст частотали э.ю.к.га айлантиради (детекторлайди). Бу функсияларни Р. таркибига кирувчи, керакли частотага созловчи частотали селектив резонанс занжирлари (тебраниш контурли электр филтрлар, ҳажмий резонаторлар), электр тебранишларини кучайтиргичлар ва детекторлар бажаради. Булардан ташқари, Р.да автоматик ростлаш занжири, қабул қилинган ахборотларни эшиттириш (карнай, кинескоп) ва Р. ишини текшириш (ўлчаш асбоблари, индикаторлар) жиҳозлари бўлади.
Қабул қилинадиган сигналларни модулясиялаш (ўзгартириш) турига қараб, Р. детекторли, амплитудали, частотали, фазали ёки бошқа типда бўлиши мумкин. Р. ишининг асосий кўрсаткичлари: сезгирлиги — кучсиз радиосигналларни қабул қилиш хусусияти; селективлиги — фойдали сигналларни бегона радиочастотали тебранишлар (радиохалақитлар)ни бир неча мартагача пасайтириб, улардан ажратиб олиш хусусияти; барқарорлиги — қўшимча операцияларни, Мас, созлаш, қайта улаш ва бошқаларни бажармай узлуксиз қабул қилишни таъминлаш хусусияти.
Р. вазифасига (радиоэшиттириш, телевизион, алоқа, радиолокацион ва бошқалар), радиотўлқинларни қабул қилиш усулига (супергетеродин, регенератив ва бошқалар), иш турига (телеграф, телефон радиоприёмниги ва бошқалар), модулясиялаш усулига (қаранг Модулясия), қабул қиладиган радиотўлқинлар диапазонига, энергия билан таъминланиш усулига (ўзгарувчан ток тармоғи, батарея ва бошқалар) қараб хилларга ажралади.
Ҳар қандай Р. қуввати, сезгирлиги, сигналларни танловчанлиги ва бошқа хусусиятлар билан ифодаланади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |