Зиёсферада исми Раҳим ва фамилияси Ахмедов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Раҳим Аҳмедович Ахмедов (1924-йил 26-июл, Тошкент – 2008-йил 9-июл, Тошкент) – рассом. Ўзбекистон халқ рассоми (1961). Ўзбекистон Бадииёт академияси фахрий аъзоси (1997).

Раҳим Ахмедов
Таваллуди 26-июл 1924-йил
Вафоти 9-июл 2008-йил(2008-07-09)
(86 ёшда)
Тошкент
Мукофотлари

Таржимайи ҳоли

Раҳим Аҳмедович 1924-йил 26-июл (бошқа маълумотларга кўра – 28-июл[1] 1921-йил[2]) Тошкентда[3], ҳунарманд оиласида таваллуд топган.

1932–1937-йилларда Ўзбекистон ССР Маориф вазирлигининг Тошкент шаҳридаги болалар уйида тарбияланган.

Раҳим 1937–1941-йилларда Тошкент рассомлик билим юртида (ҳозирги П. Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик билим юрти) устозлари А. Н. Волков, Н. Г. Қорахон, Б. Ҳамдамийлардан ва 1947–1953-йилларда И. Э. Репин номидаги Ленинград рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтида Й. М. Непринцев, В. М. Орешников, И. А. Серебрянийлардан таҳсил олган.

1938-йилдан кўргазмаларда иштирок этган. Рассомнинг асарлари хорижий кўргазмаларда (Ҳиндистон, Чехословакия ва бошқалар) намойиш этилган ва 1962-йилда Москвада шахсий расмлар кўргазмаси бўлиб ўтган.

Раҳим Аҳмедович 1941-йилда Қизил Армия сафига чақирилган. Уруш фахрийси бўлган ва Шимолий Кавказ фронтида хизмат қилган.

Аҳмедов 1953-йилдан Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1976-йилдан профессор Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси бошқаруви раиси (1965–1984, 1992–1994). Раҳим СССР Рассомлар уюшмасида бошқаруви котиб лавозимида фаолият олиб борган (1968). Унинг асарлари чукур психологик ифодалилиги билан ажралиб туради, уларда ички кечинмалар, ҳис-туйғулар моҳирона ифодаланган. Ижодини асосан портретлар чизиш билан бошлаган („Қаҳрамон она“, 1949, „Чўпон“, 1952, „Студент қиз портрети“, 1954 ва бошқалар). Рассом яратган портретлар („Она ўйлари“, „Кекса колхозчи портрети“, 1956; „Ўзбек қизи портрети“, 1958; „Қашқадарёлик аёл“, 1959; „Меҳнатда ҳам солдат“, 1961; „Сурхондарёлик аёл“, 1962; „Муқимий“, 1968; „Нигора“, 1971; „У. Тансиқбоев“, 1972; „Лола портрети“, 1979; „Наби Раҳимов“, 1983; „Шуҳрат Аббосов“, 1987 ва бошқалар) ўзбек тасвирий санъати портрет жанрининг ривожига катта ҳисса қўшган. Манзаралар („Баҳор“, 1964, „Наҳор. Оқтош баҳори“, 1971 ва бошқалар), натюрмортлар („Натюрморт“, 1954, „Натюрморт“, 1965 ва бошқалар) ҳам чизган. Аҳмедовнинг турли шароитларда акс эттирилган аёллар образлари („Қўшиқ“, 1964; „Январ. 1924-йил“ ва бошқалар) ҳам жозибалидир. Асарлари Ўзбекистон санъат музейи, Бадиий кўргазмалар дирексияси, Шарқ халқлари санъати музейи ва бошқаларда сақланади. Асарлари 1948-йилдан республика ва халқаро кўргазмаларда намойиш этилади[4].

Раҳим 1966-йилдан КПСС аʻзоси бўлган. Ўзбекистон Коммунистик партияси аʻзолигига номзод бўлган (1970-йилдан) ҳамда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашида депутат бўлиб ишлаган (1967—1971 ва 1975-йилдан).

Аҳмедов 2008-йил 9-июлда Тошкентда вафот этган ва Тошкентдаги Минор қабристонига дафн этилган[5].

Мукофотлари

Раҳим 1961-йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти, 1981-йилда СССР халқ артисти, 1967-йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1959-йил „Ҳурмат белгиси“ ордени, 1971-йил Меҳнат Қизил Байроқ ордени 1998-йил фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш, мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, маʻнавиятни юксалтиришдаги улкан хизматлари, тинчлик ва барқарорликни сақлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун „Буюк хизматлари учун“ ордени билан тақдирланган[6].

Аҳмедов 1994-йилда кўп йиллик виждонан меҳнати, иқтисодиёт, фан ва маданиятни ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, республика миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун „Шуҳрат“ медали[7], 1965-йилда „Меҳнатда ўрнак кўрсатганлик учун“ медали, 1970-йилда „Владимир Илич Ленин таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан“ медали ҳамда 1974-йилда СССР Бадиий академиясининг кумуш медали соҳиби бўлган.

Манбалар

  1. ↑ „Рахим Ахмедов. Живопись, графика - Нигора Ахмедова - Гоогле Книги“. 2021-йил 15-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 4-июн.
  2. ↑ „Рахим Ахмедов – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти“ (ру-РУ) (2019-йил 2-апрел). 2024-йил 11-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 30-ноябр.
  3. ↑ „АХМЕДОВ Рахим Ахмедович (1924-2008)“. 2020-йил 24-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 5-декабр.
  4. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  5. ↑ „ВСПОМИНАЯ РАХИМА АХМЕДОВА - Култура.уз“. култура.уз. Қаралди: 2023-йил 30-ноябр.
  6. ↑ Указ Президента Республики Узбекистан от 27 август 1998 года № УП-2074 «О награждении в связи с семилетием независимости Республики Узбекистан группы работников науки, здравоохранения, культуры, просветительства, средств массовой информации и социальной сферы»
  7. ↑ Указ Президента Республики Узбекистан от 25 август 1994 года № УП-939 «О награждении в связи с 3-ей годовщиной провозглашения независимости Республики Узбекистан»