Раҳмат Файзий (асл исм-шарифи Файзиев Раҳмат Файзиевич, 1918-йил 10-октабр, Тошкент – 1988-йил 18-ноябр, Тошкент) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1978-йил), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968-йил). „Ленин учқуни“ (ҳозирги „Тонг юлдузи“, 1937-йил) ва „Ёш ленинчи“ (ҳозирги „Туркистон“, 1938-йил) газеталарида ишлаган. Ўзбек совет ёзувчиси, кинодраматурги, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон ССР халқ ёзувчиси, Полша Халқ Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими. „Ҳазрати инсон“ романи ва „Сен етим эмассан“ филми ссенарийси муаллифи, темирчи Шоахмад Шомахмудов ва Бахри Акрамовалар оиласи „Сен етим эмассан“ бош қаҳрамони прототипи ҳисобланади.

Биографияси

Раҳмат Файзий 1918-йил 10-октабрда Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Тошкент темир йўли қошидаги ФЗУ мактабида, ўқишни тугатгандан сўнг Электромеханика техникумида ўқишни давом эттирган. Раҳмат 1937-йилда „Ленин учқуни“ газетаси таҳририятига ишга кирган ва бир йилдан сўнг „Ёш ленинчи“ газетасида ишлаган. 1943-йил „Фрунзевец“, 1944–1951-йилларда „Қизил Ўзбекистон“ („Ўзбекистон Совети“) газеталарида ишлаган. 1951–1954-йилларда "Шарқ юлдузи" журналида бўлим мудири ва 1957–1959-йилларда „Ўзбекистон маданияти“ газетаси муҳаррири бўлган.

Раҳмат Файзиевич 1962-йилда "Ўзбекфилм" киностудиясига ишга кириб, 1965-йилгача сенарий ва таҳрир ҳай’ати бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Раҳмат Файзий 1965–1974-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари бўлган. 1972-йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви аъзоси, 1974-йилдан Бутуниттифоқ муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигининг Ўзбекистон бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритган[1].

Ёзувчи 1988-йил 18-ноябрда Тошкентда 70 ёшида вафот этган[2].

Ижоди

Улуғ Ватан уруши тугагандан сўнг Раҳмат Файзийнинг бир қанча ҳикоя ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. 1951-йилда „Тўй совғалари“, „Саҳрога баҳор келди“, „Эртаклар ва ҳикоятлар“ ҳамда 1958-йилда „Ипак парда“ тўпламлари нашр этилган.

1948-йилда Раҳмат Файзийнинг „Тўй тараддуди“ деб номланган биринчи ҳикояси эълон қилинган. Шундан кейин унинг „Тўёна“, „Улғайиш“ (1950), „Биринчи баҳор“ (1951) ҳикоя ва очерк тўпламлари нашр этилган. Дастлабки „Чўлга баҳор келди“ (1951) қиссаси қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзусига бағишланган бўлиб, адабий жамоатчилик эътиборини қозонган. Кейинчалик ёзувчи ушбу асарни қайта ишлаб, уни 1972-йилда роман тарзида нашр этган. „Повест ва ҳикоялар“ (1954), „Шоҳи дарпарда“ (1958), „Кишиларимиз қиссаси“ (1962) сингари очерк, ҳикоя ва қиссалардан иборат тўпламлари ҳам бор.

1969-йилда ёзилган „Ҳазрати инсон“ романи ёзувчига энг катта шуҳрат келтирган. Маҳкам ва Меҳринос романининг бош қаҳрамонларининг прототиплари уруш йилларида турли миллатга мансуб 15 нафар етим болани асраб олган Шаоҳмад Шомахмудов ва унинг рафиқаси Бахри Аҳмедовалар бўлган. СССРда ва хорижда нашр этилган роман Бутунроссия касаба уюшмалари марказий кенгаши ва СССР Ёзувчилар уюшмаси томонидан мукофотлар билан тақдирланган.

Раҳмат Файзий ссенарийси асосида 1962–1963-йилларда Шомахмудовлар оиласи ҳақида „Ўзбекфилм“ киностудиясида „Сен етим эмассан“ киноқиссаси (1960) асосида кинорежиссёр Ш. Аббосов томонидан суратга олинган шу номдаги филми катта шуҳрат қозонган. Ёзувчи ушбу киноқисса устидаги ижодий ишини давом эттириб, уруш йилларида 14 етим болани ўз бағрига олган ва уларга меҳрмурувват кўрсатган кишилар жасоратига бағишланган „Ҳазрати инсон“ романини (1970) яратган. Ўзбек халқига хос меҳр-муҳаббат ва бағрикенглик кенг эпик планда тасвирланган бу асарда ўзбек адабиётининг инсонпарварлик моҳияти ўзининг ёрқин ифодасини топган. Раҳмат Файзий „Ёрёр“ филми ссенарийси ва болаларга бағишланган „Биринчи хат“ (1954), „Ҳаётнинг туғилган куни“ (1953) ва бошқа ҳикоялар муаллифи. Ёзувчи „Қайдасан, Зулфиям?“ бадиий филми ссенарийси ҳам муаллифидир. Бу филмлар ўзбек киноси ривожига катта ҳисса қўшган.

Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири Раҳмат Файзийноми билан аталади[3].

Манбалар

  1. ↑ „Биография Рахмата Файзи“. 2014-йил 19-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 4-декабр.
  2. ↑ „Тошкент Совет Узбекистони Арчивес, Нов 20, 1988, п. 6“ (эн). НеwспаперАрчиве.cом (1988-йил 20-ноябр). Қаралди: 2023-йил 22-ноябр.
  3. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар