Ракат масжиди — Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган масжид. Масжиднинг эски биноси хозирги Низомий номидаги Педагогика Университети олдидаги дарахтзорлар олдида бўлган[1].

Масжид
Ракат масжиди
ракат
Мамлакат  Ўзбекистон
Ҳудуд Яккасарой тумани
Манзил Ракат маҳалласи
Масжид тури Жомеъ-масжид
Меъморий услуб Ислом, шарқ ва ўзбек миллий меъморчилиги
Бинокорлик 2011—2021
Сўнги имом Заҳириддин Мирзааҳмедов
Умумий майдони 0,50 гектар
Ўлчами 60х40
Гумбазлар сони 1
Гумбазлар сони 1
Гумбаз баландлиги 50 метр
Миноралар сони 4
Миноралар сони 4
Миноралар баландлиги 2х55 метр, 2х45 метр
Қурилиш материали Оқ мармар, ғишт
Таровиҳ
Саҳарлик ва ифторлик
Кутубхона

Тарихи

Масжид тарихи ҳақида қисқача ма'лумот: “Ракат” маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғларидан саккиз сотих ер ажратиб, бу жойга масжид қуриш учун вақф қилиб берган.[2]

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги "Ракат жоме' масжиди", у ўзига хос қизиқарли тарихга эгадир. Қадимги Тошкент шаҳрининг тўрт даҳаларидан бири бўлган Бешёғоч даҳасида яшовчи аҳолининг кўплари шаҳарнинг жанубий-ғарбий мавзеларида дала ҳовлиларига эга бўлиб, йилнинг деярли 9 ойи мобайнида оилалари билан шаҳар ҳовлидан шу ерларига кўчиб чиқиб деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланганлар. Кейинчалик эса бу масканларда аҳоли кўпайиб, янги маҳаллалар пайдо бўла бошлаган ва жамоа бўлиб намоз ўқиладиган кезлари (жума, жаноза, ҳайит намозлари) узоққа қатнамаслик ниятида кўпчилик аҳолининг талаб-истакларига биноан, Чор Россиясининг хукмронлиги даврида 1910 йили Губернатор боғи (кейинчалик Киров боғи, Бобур боғи ва ҳозир Дўстлик боғи деб номланади) ёнгинасидан оқиб ўтувчи Ракат ариғи бўйида вақф маблағи ҳисобидан масжид қуришга қарор қилинган ва унга "Ракат жоме' масжиди" деб ном берилган.

Масжид биносини қуришда касби устачилик бўлиб, ўз даврининг етук диний уламоларидан бўлган асли қоратошлик, кейинчалик эса Губрбоғ маҳалласида яшаган Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон қорининг шогирди Муҳаммад Юсуф Муҳаммадёр ўғли бошчилик қилган ва ўзи "Ракат жоме' масжиди"нинг биринчи бош имом хатиби бўлган.

1917 йилдаги қўзғолонлар оқибатида Чор Россияси ва Муваққат ҳукумат ағдарилгандан кейин болшевиклар ҳукумати динни давлатдан ажратиб, унга қарши аёвсиз кураш бошлади. Коммунистик сиёсат та'сирида кўпгина черков ва масжидлар бузилди, ба'зиларидан эса омборхона, босмахона, артел ва бошқа мақсадларда фойдаланилди. Шу жумладан, 1935-1940 йилларда Тошкент Давлат педагогика институтининг барпо этилиши муносабати билан "совет муаллимларини тайёрлайдиган олийгоҳ рўпарасида диний ташкилотнинг бўлиши ножоиз", деган атеистик мафкура баҳонасида Ракат масжидининг фаолияти тўхтатилди. Бу даврга келиб, "Ракат жоме' масжиди" Тошкент шаҳридаги энг нуфузли масжидлардан бирига айланиб, сергавжум масжидлар орасида биринчи тўртликдан жой эгаллашга улгурган эди.

1943 йилда, 2-Жаҳон уруши энг авжига чиққан паллада, иттифоқчи давлатлар томонидан фашизмга қарши Иккинчи фронт очиш масаласи кўндаланг қўйилди ва унинг асосий талабларидан бири СССРда диний эркинликка рухсат бериш эди. Ана шу йили кузга бориб Совет ҳукумати қарори билан Тошкентда О'рта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилинди ва унга муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари раҳбар этиб тайинландилар. У кишининг ва ўғиллари Шайх Зиёвуддин қори ибн Эшон Бобохоннинг исломда барқарорлиги (уларни Аллоҳ раҳмат қилсин), ҳалқига фидойилиги, матонатлари ва сай-ҳаракатлари натижасида Узбекистонда қатор масжидларнинг фаолиятига Москвадан рухсат олинди. Расмий қайдномага кўра, Тошкент шаҳрида 1944 1946 йилларда Тиллашайх, Мўғулкўча, Аллон, Чиғатой-Чақар, Маҳкама, Шайх Зайниддин, Қизил Товуш, Саричопон, Хожа Аламбардор, Новза, Яккасарой, Ракат, Қиёт, Мирза Юсуф, Отчопар, Олмазор, Орқакўча масжидлари қайтадан ишга туширилган. 1950 йилга келиб "Ракат жоме' масжиди"нинг Тошкент педагогика институти (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат ўзбек тили ва адабиёти Университети) рўпарасидаги олдинги биноси бузиб ташланди ва атеистик сиёсатга то'бе бўлган ўша даврдаги ҳукумат масжиднинг янги биносини қуриш учун жой ажратиш масаласини хал килиб беролмади, Шунда, диний э'тиқоди кучли бўлган фидойи ватандошларимиздан бири - Ракат маҳалласида яшовчи Миржалил ота (Аллоҳ раҳмат қилсин) ўзига тегишли бўлган боғнинг олти сотих жойини масжид қурилиши учун вақф қилиб берди. Бу даврга келиб, Ракат масжидининг имом хатиби Муҳаммад Юсуф домла Урушда шаҳид кетган икки паҳлавондек ўғиллардан жудо бўлиб, касалманд бўлиб қолган эдилар (1952 йил декабр ойида оғир хасталикдан вафот этганлар, Аллоҳ раҳмат қилсин) ва Ракат масжидига Муҳаммад Юсуф домланинг Андижондан кўчиб келган дўстлари Низомиддин қози-домла Мулла Салим ўғли бош имом хатиблик қилганлар.

Низомиддин домланинг ҳаёт йўллари жуда қизикарли ва ибратлидир. У киши ХХ-аср бошларида Бухоро мадрасасида диний та'лим олиб, шу билан бирга араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштирган. 1920 йилларда Андижон шаҳрида бир вақтнинг ўзида ҳам қозилик қилиб, ҳам жоме' масжидда мударрислик вазифасида ишлагани туфайли халқ орасида "қози- домла тахаллусини олган. Шўролар ҳукумати кучли илм соҳиби бўлган Низомиддин қози-домлани дин тарғиботчиси сифатида та'қиб остига олади ва 1930 йиллар охирида сохта айбловлар билан НКВД томонидан қамоққа олиниб, ўлим жазосига маҳкум қилинади. Энг қизиғи шундаки, рус миллатига мансуб бўлган қамоқхона бошлиғи "қози-домла"ни билган маҳбусларнинг маслаҳатига қулоқ тутиб, оғир бедаво дардга чалинган яккаю-ягона ўғлининг тақдирини мусулмонлар уламосига ишониб, Низомиддин домлага ўқитади ва дам солдиради. Аллоҳнинг кудратини қарангки, шундан кейин бола тузалиб кетади ва миннатдорчилик юзасидан қамоқхона бошлиғи барча жавобгарликни ўз зиммасига олган ҳолда йўлини топиб, Низомиддин қорини ноҳақлик азобларидан кутқаради ва озодликка чиқаради. 1950 йилда Низомиддин қори оиласи билан Тошкентга кўчиб келади, Губрбоғ маҳалласида қўним топади ва "Ракат жоме' масжиди"га имомлик қилади.

1954 йилда ҳозирги Абдулла Авлоний кўчасидаги Миржалил ота томонидан вақф қилинган ерда Ракат жоме' масжидининг қурилиши бошланиб, унинг пойдеворига Шайх Зиёвуддин қори 96 ёшни қоралаган оталари муфтий Бобохон қори томонидан дуолар қилиниб дам солинган биринчи ғиштни қўядилар. Масжид қурилиши 1958 йилда ниҳоясига етади. Масжид бош имом хатиби Низомиддин хожи домла ва мутавалли Мирҳомид ҳожи ота бошчилигида халқ томонидан ҳашар ва хайрия ёрдамида 4 йил давом этган қурилиш жуда кўп сун'ий тўсикларга ва қаршиликларга учраган, турли текширувлар ва туҳматлар баҳонасида қурилиш жараёни тўхтатиб қўйилган кунлар ҳам бўлган. Айтиш жоизки, пайдо бўлган тўсиқларни мардонавор енгиб ўтишда ишбоши бўлган Мирҳомид ҳожи отанинг хизматлари жуда катта. Бу инсоннинг тадбиркорлиги, уддабуронлиги ва жонкуярлиги таҳсинга сазовордир. Мирҳомид ҳожи Мирмаҳмуд ҳожи ўғли 1957 йилда 61 ёшида инсул'т бўлиб тўсатдан вафот этганлар, Аллоҳ раҳмат қилсин. Низомиддин ҳожи домла умрларининг охиригача Ракат жоме' масжидига имом хатиблик қилдилар, улар 1964 йилда 86 ёшда вафот этдилар, Аллоҳ раҳмат қилсин. Масжид курилишида раҳбарият билан елкама-элка турган, мавжуд бўлган барча имкониятларини ишга солган исломда фидойи бўлган марҳум отахонларимиз - Абдулҳафиз ҳожи ота, Акмалхон эшон ота, Хонхўжа ота, Шокамол ота, Қосим ота, Са'ди сўфи ота, Абдуқодир ота ва бошқаларни Аллоҳ раҳмат қилсин.

Низомиддин ҳожи домла вафотидан кейин Ракат жоме' масжидига 1964-1968 йилларда Муҳаммад Амин домла, 1968-1971 йилларда Нофе' домла имом хатиблик килишди. 1971 йилдан бошлаб, қарийиб 39 йил мобайнида Абдулла ҳожи ота Ҳамдамов бош имом хатиб бўлдилар ва 2010 йилда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг раиси муфтий Усмонхон Алимов хазратлари томонидан "Фаҳрий имом хатиб" унвони билан нафақага чиқарилдилар. Шундай бўлса-да, умрларининг охиригача масжиддаги фаолиятни тўхтатмадилар. Домла Абдулла ҳожи Ҳамдамов 2020 йил 22 октябрда коронавирус туфайли вафот этдилар, Аллоҳ раҳмат қилсин. 2010 йилдан ҳозирги кунгача Роббимкул ҳожи домла Муҳаммадиэв "Ракат жоме' масжиди"га бош имом хатиблик қилиб келмоқдалар. Мирҳомид ҳожи отадан кейин мутавалли вазифасини турли йилларда Зокиржон ота, Тоҳиржон ота, Абдулфаттоҳ ота ва Ҳайитмурод оталар бажариб келишди. Ҳозирги кунда эса Раҳматжон хожи Исаэв мутавалли вазифасини бажариб келмоқдалар.

Мустақиллигимиз шарофати билан бугунги кунда диний эркинликка эришган халқимиз орасида намозхонлар сафи борган сари кенгаймоқда ва табиийки, давлатимиз томонидан динга э'тибор кучайиб, барча талабларга жавоб берадиган замонавий масжидлар қурилиши кўпаймоқда. 2019 йилнинг бошида халқимиз иродаси билан Республика ҳукумати ва Мусулмонлар диний идораси раҳнамолигида ўз хизматини ўтаб бўлган ва нураб қолган Ракат масжидининг эски биноси бузилиб, ўрнига янги лойиҳа асосида замини мустаҳкам бўлган, ўзида диний ва миллий руҳни мужассамлаштирган барча қулайликларга эга бўлган мукаммал замонавий масжид биносининг қурилиши бошлаб юборилди.

Масжиднинг янгиланишида амалга оширилаётган жамики ишларда Бош имом хатиб Роббимкул ҳожи Муҳаммадиэв раҳбарлигида хай'ат а'золари - ноиб Муҳаммадамин ҳожи Ҳамдамов, мутавалли Раҳматжон хожи Исаэв, фаоллар Ҳожиакбар Маҳмудов ва бошқа барча масжид ходимлари тинимсиз меҳнат қилиб, қурилиш жараёнида жонбозлик кўрсатдилар.

Масжид қуриш бошқа биноларни қуришдан тубдан фарқ қилади, авваламбор айтиш жоизки, унда покиза ва имкон қадар таҳоратли усталар ишлайди. Ушбу Байтуллоҳда юртимизнинг турли вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг таниқли уста ва хунармандлари ўз вазифаларини меҳр билан бажариб, қобилиятларини сидқидилдан намойиш қилдилар. Жумладан, прораб Илҳомжон Муротов бошчилигидаги курувчилар жамоасига, ўз шогирдлари билан хаттотлик сан'атини маромига етказиб бажарган моҳир усталар - Хакимжон Иноғомов, Тойиржон Файзуллаэв, Нодиржон Умаров, Жамолиддин Раҳматуллаэв каби етук миллий ганч, нақш, ёғоч ўймакор, темирчи усталарга ва курилишда сидқидилдан меҳнат қилган барча ҳашарчиларга ва миллий уста-ҳунарманд жамоаларга Масжид хай'ати ва жамики намозхон аҳли ўзларининг миннатдорчиликларини билдирадилар. Қурилиш жараёнини мунтазам ёритиб боришда ҳамда хайрия ва эҳсонлар масаласида Интернетда "Ракат масжиди курилиши" деб номланган махсус телеграмм-гуруҳи ташкил этилди. Хозирги кунда ушбу гуруҳнинг 30 мингта яқин а'золари бор.

"РАКАТ" масжиди тарихидан жой олган имом хатиблар:

1910-1950йй. - Муҳаммадюсуф Муҳаммадёр ўгли (1883-1952). 1950-1964йй. - Низомиддин ҳожи мулла Салим ўгли (1878-1964). 1960-1965йй.- Шорасул Қорабоэв (Нофе' домла) (1911-1975). 1965-1968йй. - Муҳаммадамин домла Абдураҳмонов (1887-1969).

1071-2010йй. - Абдулла ҳожи домла Ҳамдамов (1942-2020). 2010-ҳозиргача. - Роббимқул ҳожи домла Муҳаммадиэв (1976).

Манбалар