Rashiduddin
Рашидуддин, (тўлиқ исми) Рашидуддин Фазлуллоҳ ибн Имомуддавла Абулхайр Ҳамадоний, ат-Табиб — Эрон тарихчиси ва давлат арбоби.
| Рашидуддин | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
тахминан 1247-йилда, Ҳамадон |
| Вафоти |
18.7.1318 Табриз, Ҳулокуийлар давлати |
| Отаси | Имодуд-Давла Абул Хайр |
| Касби | вазир (Ҳулокуийлар давлатида), шифокор, тарихчи, илоҳиётчи |
Келиб чиқиши
Рашидуддин Фазлуллоҳ ибн Абу ал-Хайр Али Ҳамадоний тахминан 1247-йилда Эроннинг Ҳамадон шаҳрида туғилган. У яҳудий олимларининг оддий оиласидан чиққан деб тахмин қилинади. Рашидуддиннинг бобоси, Табиб Мувоффиқ ад-Давла Низорий Рукниддин Хуршоҳ музофотидан бўлган. 1256-йил охирида Исмоилий қалъалари қулагандан сўнг, у ўғли (Рашиднинг отаси) билан Мўғул хони Ҳулоку хизматига қўшилди. Рашидуддин исломни қабул қилишидан олдин Рашид ад-Давла номи билан танилган (тахминан 1277, санаси мунозарали). 1318-йилда қатл этилгандан сўнг, унинг боши «бевафо яҳудийнинг ўлдирилишини эълон қилиб» Табриз атрофида олиб борилган[1]. Бошқа томондан, Рашидуддиннинг яҳудий эканлиги ҳақидаги маълумотлар унинг душманлари томонидан чиқарилган деган қарашлар ҳам бор ва шу боис унинг яҳудий эканлигига кўпчилик шубҳа билан қарайди[2].
Сиёсий мартабаси
Рашидуддин давлат хизматига Ҳулокуийлардан Абақахон (1265-1282) даврида кирган. Эҳтимол, у молия бўлимида хизмат қилган ва шу билан бирга сарой шифокори ҳам бўлган. Ўрта асрларда тиббиёт бошқа табиий фанлардан алоҳида ажралиб турмаган, у ҳам математика, кимё ва астрология сингари фанлар каби мўғул элхонлари томонидан алоҳида қадрланган. Рашидуддин ўз даврида тиббиёт ва ботаника фанлари ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. 1298—1317-йиллари Эрондаги мўғул ҳукмдорлари Ғозонхон, Улжайтухон, Абу Саъид саройида вазир лавозимида фаолият юритган. Амалда давлатни идора этган.
Ислоҳотлари
Ғозонхон ҳукмронлигининг бошида давлат чуқур иқтисодий инқирозга юз тутди. Ўзгаришлар зарурлигини англаган Ғозонхон, тахтга ўтиришдан олдин ҳам, амир Наврўзнинг маслаҳати билан исломни қабул қилди ва кейин уни давлат динига айлантирди. Ушбу қадам унга марказий ҳукуматни мустаҳкамлашдан манфаатдор бўлган Эрон маънавий ва бюрократик зодагонлари билан яқинлашишга имкон берди. Меросхўр расмий Рашидуддиннинг энг юқори лавозимига кўтарилиш худди шу мақсадга хизмат қилди. Рашидуддин ўзининг хроникасида ислоҳотларни амалга оширишдаги барча хизматларни фақат элхон ташаббуси эканлигини таъкидлайди. Бироқ, Рашиднинг ёзишмаларидан Ғозонхон ислоҳотлар унинг вазири (Рашидуддин)нинг сиёсий ғояларига эканлиги маълум бўлади[2] Рашидуддин марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган. Унинг сиёсий ғоялари Низомулмулк ва Маликшоҳ давридаги Салжуқийлар давлати эди[3].. Рашид қуйидагиларни зарур деб ҳисоблаган: элхонлар ва мўғул элитаси томонидан Эрон давлатчилиги анъаналарини ўзлаштириш; турк-мўғул кўчманчи зодагонларнинг марказдан қочишга интилишларига қарши кураш; рента солиғи миқдорини қатъий белгилаш ва "раъиятлар" - деҳқонлар ва камбағал шаҳар аҳолисининг аҳволини юмшатиш ва уларнинг солиққа тортиладиган тўлов қобилиятини ошириш учун молиявий аппаратни такомиллаштириш; вайрон қилинган суғориш тизимини қайта қуриш ва қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо ва шаҳар ҳаётини ўз изнига солиш. Рашидуддин ташаббуси билан ўтказилган Ғозонхон ислоҳотлари маҳаллий мулкдорлар аҳволини енгиллаштириб, мўғул амалдорлари ўзбошимчалигига барҳам берган. Мамлакатда хўжалик тиклана бошлаган, ерлар иқто тарзида мўғул ҳарбий бошлиқдарига бўлиб берилган. Рашидуддин вазирлиги даврида мамлакатда энг йирик ер эгасига айланган. Ислоҳотлар натижасида мамлакат иқтисодиёти бироз тикланди. Бунга нафақат Жомий ат-тавориҳ ва Рашидуддиннинг бошқа ёзишмалари, балки бошқа тарихчиларнинг, масалан, Ҳофизи Абру ва Муҳаммад ибн Ҳиндушоҳ Нахчевонийнинг хабарлари ҳам баҳо бериши мумкин. Қазвиний Ҳамидуллоҳ Ибн Абу Бакр Муставфий «Нузҳат улқулуб» (тахминан 1340-йилда ёзилган) географик асарида Эроннинг бир қатор минтақаларида иқтисодий ўсиш бўлганлигини тасвирлайди.
Ҳокимиятдан кетиши ва қатл этилиши
Улжайтунинг ўғли Абу Саид Баҳодирхон 1317-йил ўрталарида ўн икки ёшида тахтга ўтирди. Мўғулларнинг сулдус қабиласидан чиққан амир Чўбон унинг қўл остида ҳақиқий ҳукмдорга айланди. Чўбоннинг қўллаб-қувватлаши туфайли иккинчи вазир Тожиддин Алишоҳ кучайтирилди. Турли фитналар орқали у Рашидуддинни ҳокимиятдан четлаштирди (1317). Рашид, илгари Саъдиддин сингари, давлат маблағларини ўғирлашда айбланган. Кейин у ўз ўғли «шарбатдор» лавозимидаги Иброҳимга, Улжайтунни заҳарлашни буюрганликда айбланди. Ота ва ўғил Чўбон томонидан ҳибсга олинган, айбдор деб топилган ва 1318-йил 18-июлда қатл қилинган (қилич билан иккига бўлиб ташланган)[4].
Адабий мероси
Рашидуддин — йирик олим бўлган. У тарихдан ташқари тиббиёт, табиий фанлар ва илоҳиётга доир рисолалар ёзган. Унинг «Жомеъ ат-таворих» асари Ҳулокуийлар давлати таркибидаги мамлакатларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тарихи, этнологияси, тили бўйича муҳим манбадир[5]. Рашидуддин табиацҳунослик, қишлоқ хўжалиги технологияси ва қурилиш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган «Китоб ал-аҳё вал-асар» қомусий асарини ёзган. У «Мифтоҳ ат-тафосир» (Тафсирлар калити) Қуръони карим тафсирини ҳамда араб тилига таржима қилинган «Мажмуъайи Рашидийя» (Рашид асарлари тўплами) номи билан машҳур бўлган Шофиъийликка оид яна учта асарни ёзган. «Муқотиботи Рашидий» (ёки Муншооти Рашидий) - Рашидуддиннинг ёзишмалари ҳисобланиб, Эрон тарихи, муаллифнинг сиёсий қарашлари ва унинг иқтисодиёти ҳақида қимматли маълумотлар мавжуд. 53 та мактубдан, шу жумладан Рашидуддинга турли шахслардан келган 4 та хат, қолганлари ўғилларига, турли мусулмон уламолар, ҳарбий ва фуқаролик амалдорларига юборилган хатлардан иборат. Улар Ғиёсиддин Муҳаммад Рашидий (1327-1336) вазирлиги даврида унинг котиби Муҳаммад Абаркуҳий томонидан «Савониҳ ал-афкори Рашидий» (Рашиднинг фикрлари ва мулоҳазалари) номли китобга бирлаштирилди. Рашидуддиннинг мол-мулки рўйхати билан ёзилган иродасини ўз ичига олган хат энг катта қизиқиш уйғотади. Мактубларнинг услуби бир хил эмас, эҳтимол баъзи бир қисмини вазирнинг котиблари ёзган[3] Ёзишмаларнинг ҳақиқийлиги тўғрисида асоссиз шубҳалар мавжуд эди[6]... Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Рашидуддин буюк ва ижодкор шахсият, турк халқларининг буюк тарихчиси, Т.нинг “Жоми’у-т-таворих”, “Мактублар”и биринчи манба сифатида жуда катта илмий аҳамиятга эга; Р. “Жоми’у-т-таворих” шоҳ асарининг М. Ализода амалга оширган (Баку, 1957-йил) таржимаси, тадқиқоти ва А.Хетагуровлар таржимаси-тадқиқотлари фавқулодда аҳамиятга эга. Профессор А.З.В. Тўғоннинг “Хўлагухонлар давлати иқтисодий ва маданий тараққиёти” (Истанбул, 1965-йил) монографияси хулосалари муҳим[7]..
Манбалар
- ↑ ЭЕЭ|13467|Рашид ад-Дин
- ↑ 2,0 2,1 Петрушевский И. П. Рашид-ад-дин и его исторический труд. С. 17.
- ↑ 3,0 3,1 Фалина А. И. „Рашид ад-Дин и его переписка“. Қаралди: 2008-йил 7-август.
- ↑ По сведениям Хафиз-и Абру. См.: Али-заде А. А. Указанное сочинение. С. 79.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Масалан, Р. Леви бу ХВ асрдан Ҳиндистонда қалбаки тарзда ёзилган деб ҳисоблайди. қар.: Петрушевский И. П. Рашид-ад-дин и его исторический труд. С. 8.
- ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. – Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. – Б. 501.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |