Referendum
Референдум (лотинча: референдиум) бу фуқароларнинг давлат, вилоят ёки маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали ўз фикрларини бевосита билдиришларидир. Умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим бирмасалаларни ҳал қилиш шакли. Бевосита демократиянинг муҳим воситаси. Референдумнинг сайловлардан асосий фарқи шундаки, референдум ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатишлар, шахслар ваколатлари (президент муддатлари мисол),мамлакат, халқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирон бир савол қўйилади. Сайлов натижалари мажоритар тизим бўйича ҳам, пропорсионал тизим бўйича ҳам аниқланиши мумкин бўлса, референдум натижалари фақат мажоритаризм (мутлақ кўпчилик овозини ҳисоблаш) тамойиллари асосидагина аниқланиши мумкин. Референдум нинг ўзига хос шакли плебиссит ҳисобланади. Айрим мамлакатлар (Мас, Франсия)да плебиссит референдумга нисбатан бирмунча кенгроқ тушунча ҳисобланади. Баъзи мамлакатлар (Мас, АҚСҲ)да эса плебиссит билан референдумни фарқламайдилар. Ҳозирги замон давлатларининг конституциявий ҳуқуқи референдум ва уни ўтказишнинг турли хил кўринишларини назарда тутади. Референдумлар бутун давлат ҳудудида ўтказиладиган умумиллий референдум ва алоҳида федерация субъектлари ёки маъмурийҳудудий бирликларда ўтказиладиган маҳаллий референдумга бўлинади. Конституцияга ёки қонунларга тааллукди референдум ўтказилиши мумкин. Биринчи ҳолда янги конституция лойиҳаси ёки конституцияга қилинадиган ўзгартириш ва тузатишлар бўйича референдум ўтказилса, иккинчи ҳолатда қонун лойиҳаси ёки кучга кирган қонун бўйича референдум ўтказилади. Ҳуқуқий аҳамияти жиқатдан маслаҳат референдумлари (халқ сўрови деб ҳам аталади) ва ҳал қилувчи референдумлар бўлади. Маслаҳат референдумлари бирон бир масала юзасидан сайловчиларнинг иродасини аниқлаб олиш бўйича ўтказилиб, ана шу асосида давлатнинг бошқа органлари қарор чиқаради (бундай референдумлар Швейсария, Испанияда ўтказилади). Ҳал қилувчи референдумларда бирон-бир масала узилкесил қарор чиқариш учун сайловчилар овозига қўйилади. Шунингдек, мажбурий ва факултатив референдумлар бўлади. Референдумлар ўтказиш зарурати конституция ёки бошқа конституциявийҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган бўлса (Мас, конституция ўзгартириладиган ҳолда) мажбурий референдум ўтказилади. Факултатив референдумлар тегишли давлат органи ёки сайлов корпуси иродасига боғлиқҳолда ўтказилади.
„Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрсида“ги қонун (дастлаб 1991-йил 18 ноябрда қабул қилинган, 2001-йил 30 августда янги таҳрирда қабул қилинган)га кўра, Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадларда жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади. Референдумни ўтказиш ташаббуси билан: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси; Ўзбекистон Республикаси Президента чиқиши мумкин. Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган (18 ёшга тўлган) Ўзбекистон фуқаролари умумий сонининг камида 5 фоизини ташкил этган фуқаролар имзоси тўпланган (бунда имзо чеккан фуқаролар миқдори ҳар бир маъмурийҳудудий тузилма бўйича бир текис ва мутаносиб равишда тақсимланган) бўлса; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асослантирилган талаби билан референдум ўтказилиши мумкин. Куйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас: Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш; Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва соликлар; амнистия ва афв этиш; жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш; Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш; мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш. Референдум яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси тарихида 1марта 1991-йил 29 декабрда референдум бўлган. Бу референдумда „Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида“ УзР Олий Кенгашининг 1991-йил 31 августдаги Конституциявий қонуни тўғри қабул қилинганлигини Ўзбекистон халқи бир овоздан маъқуллади. 2002-йил 27 январда Ўзбекистон Республикасида 2 палаталик парламентни шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга ўзгартиришга бағишланган референдум бўлиб ўтди. Бу референдумлар Ўзбекистонда демократия мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади[1].
Референдум — бевосита демократиянинг муҳим институти бўлиб, умумдавлат ҳамда ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилинишида жамиятнинг қатнашишини таъминлайди. Референдумнинг ўтказилиш жараёнининг қоида ва шартлари ҳар бир давлатнинг конституцияси ва қонунчилиги томонидан белгиланади.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |