Регистон майдони ёки Регистан – Ўзбекистонда, Самарқанднинг Регистон майдонида жойлашган 3 та мадрасадан (Улуғбек, Тиллакори, Шердор) ташкил топган меъморий мажмуа[1].

Регистон майдони
Жойлашуви Самарқанд, Ўзбекистон
Координаталар 39°39′17″Н 66°58′33″Э / 39.654755107080014°Н 66.97570140350913°Э / 39.654755107080014; 66.97570140350913
Конфессия Ислом
Тури Бинолар майдони ва ансамбли
Асосчи Мирзо Улуғбек
Асосий саналар 1420, 1636, 1660
Бинолар Улуғбек мадрасаси • Шердор мадрасаси • Тиллакори мадрасаси
Машҳур кишилари Мирзо Улуғбек
Ялангтўш Баҳодир
Ҳолати УНЕСCО умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган
Қурилиш материали пишган ғишт
Map
Регистон майдони харитада
Регистон майдони Викиомборда

Тарихи

Дастлабки 1417–1420-йилларда Улуғбек мадрасаси бунёд этилиб, кейинчалик қаршисига – майдоннинг шарқий қисмида Улуғбек хонақоси (1424-йил), шимолий қисмига Мирзойи карвонсаройи, жанубига Алика Кўкалдош жума масжиди (1430-йил) бунёд этилган, ёнида эса ёғочдан хотамкори услубида Масжиди Муқатта ва Абусаид мадрасаси қурилган. 1420–1440-йилларида Регистон ҳашаматли меъморий ансамблга айланган. ХВИИ асрда Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир вайрона ҳолатдаги Улуғбек хонақоси ўрнига Шердор мадрасасини (1619–1636), Мирзойи карвонсаройи ўрнига Тиллакори масжидини (1646–1660) қурдирган. Регистон майдони ўзининг ранг-баранг кошинкори безаклари,нақшинкори пештоқлари, улкан гумбазлари билан Марказий Осиё меъморчлигининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади[2].

Қадимий Самарқанд шаҳрининг расмий маркази Регистон майдони бўлиб, бу ерда учта мадраса қад кўтарган: Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари. Регистон – қадимий илм, таълим муассасалари жойлашган жой бўлиб, шарқдаги шаҳар қурилиши санъатининг энг кўзга кўринарли намуналаридан бири ҳисобланади. У ҳақда Темурийлар фахр билан: „Ким бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилса, келиб биз қурган биноларни кўрсин“, деганлар. 2001-йилда бу уч мадраса УНЕСCОнинг бутун дунё ёдгорликлари рўйхатига киритилган.


Регистон майдони- тарихда шаҳарнинг илм-фан, сиёсат ва диний маркази бўлган. „Регистон“ сўзи „қумлоқ жой“ деган маънони англатади. Ўрта асрларда ҳамма катта шаҳарларда марказлар „Регистон“ деб аталар эди. Шу номдаги майдонлар Бухоро, Шаҳрисабз ва Тошкентда ҳам бўлган. Самарқанддаги майдон эса Марказий Осиёдаги энг маҳобатли ва таҳсинга сазовор майдонлардан бири эди. Бу майдонда бир неча минг йиллик тарих мужассам. Амир Темур ҳукмронлиги даврида Регистон Самарқанднинг марказига айлантирилди. Улуғбек даврида эса майдон бундан ҳам муҳимроқ аҳамиятга эга бўлди. Замонавий Регистон ансамбли ўзида Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини мужассам этади.

Регистоннинг жанубий томонида халқ орасида „Чилдухтарон“ деб аталмиш хонақоҳ ва мақбаралар жойлашган эди. Уларни Кўчкунчихон қурдирган эди ва Тиллакори мадрасасига қўш қилиб бунёд этилган эди. У 1904-йилги зилзиладан сўнг харобага айланиб, 1910-йили бутунлай бузилган ва ўрни майдон бўлиб қолган. 100 йил орасида охирги кўринишини олган бу Регистонни кўриш иштиёқида бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюришади.

Улуғбек мадрасаси

Улуғбек мадрасаси Регистон майдонидаги энг қадимги мадраса бўлиб, 1417–1420-йилларда Темурийлар давлати ҳукмдори, астроном Мирзо Улуғбек томонидан қурилган. Бу иншоотнинг, бироз кейинроқ расадхонанинг қурилиши Самарқандга ўрта асрда Шарқнинг асосий илм-фан марказларидан бирининг шуҳратини келтирди.

Мадраса Регистон майдонининг ғарбий қисмида қурилган, унинг рўпарасида бир неча йилдан сўнг Улуғбек хонақоҳи қад кўтарган, шимолий томонини карвонсарой эгаллаган. Охирги икки бино икки асрга яқин турди, сўнгра уларнинг ўрнида ХВИИ аср бошларида Шердор мадрасаси ва Тиллакори мадрасаси қурилиб, бугунги кунгача сақланиб қолган[3].

Шердор мадрасаси

Шердор мадрасаси Улуғбек мадрасаси қаршисидаги майдоннинг шарқий қисмида 1424-йилда барпо этилган Улуғбек хонақоҳи ўрнида қурилган. ХВИИ аср бошларига келиб хонақоҳ ҳам майдондаги бошқа бинолар қатори эскириб, яроқсиз ҳолга келган. Самарқанддаги ўзбек ҳукмдори Ялангтўш Баҳодирнинг буйруғи билан Шердор ва Тиллакори мадрасалари қурилиши бошланди. Шердор мадрасаси (йўлбарсли мадраса, „Арслонлар маскани“) Абдул-Жаббор исмли меъмор, безак устаси Муҳаммад Аббос томонидан қурилган[4].

Тиллакори мадрасаси

Тиллакори мадрасаси майдоннинг шимолий қисмида Шердор мадрасасидан ўн йил ўтиб, карвонсарой ўрнида 1420-йиллардан буён қад ростлаган. Бинонинг асосий жабҳаси, режадаги квадрат, носимметрик бўлиб, марказий портал ва икки поғонали олд қанотлардан иборат бўлиб, камарли бўшлиқлар ва бурчак миноралари мавжуд. Кенг ҳовли периметри бўйлаб кичик турар-жой ҳужралари ва хоналар билан қопланган. Ҳовлининг ғарбий томонида устунлар устидаги иккита қўшни галереяси бўлган гумбазли масжид биноси жойлашган.

Мадраса биноси геометрик ва гулли нақшли мозаика ва маёлика билан безатилган. Ички безакда зардўзлик кўп ишлатилган. Мадраса номи „олтин билан безатилган“ деган маънони беради. Масжиддаги меҳроб ва минбар зарҳалланган, деворлари ва қабрлари юзаси олтиндан кўп фойдаланилган кундал расм билан қопланган.

Манбалар

  1. ↑ Регистон майдони — маълумот Катта совет энсиклопедиясидан олинди..
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  3. ↑ Мукминова, Р. Г. „Тҳе роле оф Ислам ин эдуcатион ин Cентрал Асиа ин тҳе 15тҳ – 17тҳ cентуриэс“. // Студиэс он Cентрал Асиа Нуова сериэ. – 2007. – № 1 (87). – П. 155–161.
  4. ↑ Хорошхин А. П. Сборник статей, касающихся Туркестанского края А. П. Хорошхина.. – С.Петербург., 1876.; Д. И. Эварницкій. Путеводител по Средней Азіи. Отъ Баку до Ташкента.. – Ташкент., 1893. – С. 73-77; В. И. Масалскій. ТУРКЕСТАНСКІЙ КРАЙ. – С.-ПЕТЕРБУРГЪ., 1913. – Т. 12