Rejalashtirish
Режалаштириш — миллий иқтисодиётнинг турли даражаларида (микродаражада — корхоналар ва уларнинг айрим бўлинмалари, шунингдек, корхоналар гуруҳлари, тармоклар, секторлар ва минтақалар миқёсида; макродаражада — мамлакатнинг бутун иқтисодиёти миқёсида) ижтимоийиқтисодий жараёнларни тартибга солиш ва бошқариш шакллари. Жорий, қисқа муддатли (ойлик, чораклик, йиллик), ўрта муддатли (5 йиллик) ва истиқболдаги — узоқ муддатли (10—15 йиллик) Р.га бўлинади.
Совет иқтисодиётида халқ хўжалигини марказлаштирилган Р. хўжалик механизмининг асосий бўғини ҳисобланган ва директив, манзилли, барча хўжалик юритув субъектлар учун мажбурий бўлган. Режалар тизими мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг ягона халқ хўжалиги режаси, тармоклар ва минтақалар режалари, шунингдек, корхоналар режаларини ўз ичига олган. Р. ни давлат миқёсида махсус органлар — СССР Давлат план (режалаштириш) қўмитаси ва иттифокдош республикалар Давлат план (режалаштириш) қўмиталари ҳамда уларнинг вилоят, туман бўлинмалари ишлаб чиққан. 1928-йилдан бошлаб СССРда халқ хўжалигини ривожлантиришнинг 5 йиллик режалари амалиётга киритилган ва бу тартиб 1991-йилга қадар сақланиб келди.
Бозор иқтисодиёти шароитида Р. корхоналар даражасида бизнес режалар тузиш шаклида (ички фирма Р.) (қаранг Бизнес режа), компаниялар гуручлари даражасида корпоратив режалар шаклида амалга оширилади. Бир қатор ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда макродаражада Р. давлат томонидан тартибга солишнинг муҳим ва кенг тарқалган шакли бўлиб келди. 1950-йиллар ўрталаридан бу мамлакатларда индикатив Р., яъни тавсия этиладиган, маслаҳат тарзидаги Р. амалга оширила бошлади. Бундай Р. Франсия ва Японияда ўтган асрнинг 70-йилларига қадар, айрим мамлакатлар, Мас, Корея Республикаси ва Тайванда 80-йиллар ўрталаригача амал қилди. Индикатив режаларда и.ч. ва истеъмол ҳажмлари, тузилмаси, ўсиш суръатлари, нархлар динамикаси, экспорт ва импорт, инвестициялар ва бошқаларнинг асосий кўрсаткичлари белгиланади. Шунингдек, бу режаларда бозор субъектларини қўйилган мақсадларни бажариш, режали индикаторлар (кўрсаткичларни амалга ошириш) сари йўналтирилган иқтисодий стимуллар тизими, даромадлар ва бандлик, соликлар бўйича бевосита ва билвосита дастаклари ҳам келтирилади.
Бу умумий режалар тизими, шунингдек, миллий иқтисодиётнинг айрим секторлари ва тармоқларини ривожлантириш режапрогнозларини ҳам ўз ичига олади. Режа бўйича танланган устуворликларни молия ва саноат гуруҳлари, тадбиркорлар уюшмалари, касаба уюшмалари ва бошқа манфаатли гуруҳдар билан келишиб олиш тартиби индикатив Р.нинг таркибий унсури ҳисобланади. Худди шу механизмлар муайян давр давомида давлат бошқарувидаги бундай шаклнинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини таъминлади. 70-йилларнинг ўрталаридан бошлаб бошқаришни марказлаштирмаслик жараёнлари таъсирида индикатив Р. тизими парчаланиб кетди ва унинг ўрнига узоқ муддатли стратегик режалаштириш усули қарор топди.
Давлатнинг Р. фаолиятида давлат буюртмалари (қаранг Давлат буюртмаси), контрактлар тизими воситасида амалга ошириладиган бирон-бир тармоқни ривожлантиришга доир умумий ва махсус давлат дастурлари ҳамда лойиҳалари — дастурлар бўйича бошқариш марказий ўринни эгалайди. Мас, Франсияда умуммиллий 5 йиллик режалар аксарият ҳолатда тадқиқот ҳарактерига эга. Унинг таркибий қисми шерик ҳамкорлар — тадбиркорлар, марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари, касаба уюшмалари ва бошқа жамоатчилик интлари томонидан биргаликда молиялаштиришни назарда тутадиган лойиҳалардан иборат. Японияда 5 йиллик режанинг моҳиятини келажак даврда мамлакатни ижтимоийиктисодий ривожлантиришнинг консепсияси ташкил этади.
Ўзбекистонда ҳам хукумат томонидан Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа вазирликлар ва идоралар иштирокида стратегик режалаштириш тизимини барпо этиш, шунингдек, мамлакатни ижтимоийиктисодий ривожлантиришнинг 10—15 йилга мўлжалланган узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, 2004—2006-йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш консепсияси (2003), Ўзбекистон Республикаси аҳолисини 2010-йилгача бўлган даврга мўлжалланган ижтимоий ҳимоя тизимининг ягона консепсияси (1995) ва бошқа ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилган. Ўзбекистонда давлатаксиядорлик корхоналарининг режалари негизини давлат буюртмаси тизими ташкил этади.
Р.нинг турлари орасида ижтимоий Р. алоҳида аҳамиятга эга. Бундай Р. миллий иқтисодиётнинг ижтимоийиктисодий самарадорлигини ошириш, ижтимоий жараёнларни окилона бошқаришнинг ўзига хос шакли ҳисобланади. Бундай Р.да ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражаси ва сифатини тавсифлайдиган бошқа барча кўрсаткичларни режалаштириш назарда тутилади.
Ўрозмамад Қаландаров.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |