Repellentlar
Репеллентлар (лот. репелленс — ўзидан қочирувчи, қайтарувчи) — пестицидлар гуруҳига кирадиган кимёвий препаратлар. Ҳашаротларни улар озиқланадиган ўсимликлардан, шунингдек, ҳайвонлар ва одамлардан қочиришда қўлланади. Р., асосан, қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалардан, одамларни ва ҳайвонларни қон сўрувчи хашаротлардан ҳимоя қилишда ишлатилади. Ҳайвонлар ва ўсимликлардан олинган Р. (ҳидли ўтлар, ўсимлик мойлари ва бошқалар)дан қадимдан фойдаланиб келинган. Ҳозир амалиётда, асосан, узоқ муддат таъсир этадиган кимёвий (синтетик) препаратлар — оддий ва мураккаб эфирлар, спиртлар, алдегидлар, эфир мойлари ва бошқа қўлланади. Р. ҳашаротларнинг ҳид сезиш, санчишсўриш органларига таъсир этиб, уларни издан чиқариш, шунингдек, ўсимликларнинг ҳашаротларни жалб этадиган ҳидларини йўқотиш (Мас, лимон мойи) асосида таъсир кўрсатади. Р. иссиқ қонли ҳайвонлар учун кам заҳарли қисобланади ва шунинг учун амалда кенг қўлланади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |