Replika
Реплика (нусха) — санъат асари ёки тижорат маҳсулоти бўлишидан қатъи назар, бирон бир обектнинг худди шу хомашёдан тайёрланган аниқ (одатда 1:1 масштабдаги) нусхаси ёки қайта ишланган варианти. Ушбу атама, шунингдек, асл нусха билан айнан бир хил эканига даъво қилмаган ҳолда, унга жуда ўхшаш қилиб тайёрланган нусхаларга нисбатан ҳам қўлланади. Ҳужжатлар, китоблар, қўлёзмалар, хариталар ёки тасвирий санъат принтларининг нусхалари ҳамда репродуксиялари „факсимиле“ деб аталади.
Реплика маҳсулотлар баъзан асл нусха сифатида сотилади, бу эса товламачиликнинг бир туридир. Бироқ, аксар репликалар анча зарарсиз мақсадларда тайёрланади. Тез шикастланадиган асл нусхалар муҳофазага муҳтож бўлган ҳолларда, ташриф буюрувчилар музейда уларнинг репликасини кўздан кечиришлари мумкин. Шунингдек, репликалар кўпинча сувенир сифатида ишлаб чиқарилади ва сотилади.
Асл нусха сифатида нотўғри кўрсатилган барча буюмлар ҳам қасддан қилинган қалбаки маҳсулот ҳисобланмайди. Музей дўконларида бирон бир картинанинг нусхаси ёки ваза репликаси сотилгани каби, ҳайкаллар, расмлар ва бошқа қимматбаҳо артефактларнинг нусхалари ҳам асрлар давомида оммабоп бўлиб келган.
Шунга қарамай, репликалардан кўпинча сохтакорлик ва контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, айниқса, пул ва тангаларни, шунингдек, бренд кийим-кечаклар, люкс тоифасидаги сумкалар, аксессуарлар ва қимматбаҳо соатлар каби тижорат товарларини ноқонуний равишда қалбакилаштиришда фойдаланилади. Санъатда ёки коллексия қилинадиган автомобилларда „реплика“ атамаси асл бўлмаган, баъзан эса ўзининг ҳақиқий келиб чиқишини яширган ҳолда қайта тикланган буюмларни ифодалаш учун ишлатилади.
Реквизит репликаси — видеоўйин, филм ёки телешоулардаги бирон бир реквизитнинг (саҳна буюмининг) асл нусхага жуда ўхшаш қилиб ишланган дубликати.
Келиб чиқиши
„Репликаларни бирон бир обектнинг нусхаси ёки сохталаштирилган варианти деб ҳисоблаш мумкин; қалбакилик деганда кўпинча кўз олдимизга картиналар келса-да, аслида коллексия қилинадиган ва қимматбаҳо бўлган ҳар қандай буюм қалбакилаштириш учун жозибадор обектдир“[1].
Инсонлар ўтмиш билан мавжуд деб ҳисобланадиган алоқани сақлаб қолиш мақсадида ҳам репликалар яратишган. Бу маълум бир тарихий ўтмиш ёки аниқ бир давр билан боғлиқ бўлиши ёки шунчаки бирон бир хотирани ёдга солиш мақсадини кўзлаши мумкин. Артефактларнинг репликалари ва репродуксиялари кенг жамоатчилик учун ўтмишнинг моддий тимсолини тақдим этишга хизмат қилади.
Артефактлар ва санъат асарларининг репликалари
Артефактлар ва санъат асарларининг репликалари музей фаолияти ҳамда илмий тадқиқотларда ўз ўрнига эга. Улар асл артефактларни сақлаб қолишга кўмаклашиш мақсадида яратилади. Кўп ҳолларда асл артефакт ҳаддан ташқари нозик бўлиши ва кўргазмага қўйилганда янада кўпроқ шикастланиш хавфи остида қолиши мумкин, чунки очиқ намойиш пайтида ёруғлик, атроф-муҳит омиллари ва бошқа хавфларнинг ашёга етказадиган зарари хавфсиз омборхонада сақлашга қараганда анча юқори бўлади[2].
Репликалардан экспериментал археология мақсадларида ҳам фойдаланилади. Бунда археологлар ва моддий ашёлар таҳлилчилари артефактнинг қандай усулларда яратилганини ҳамда кўргазмада турган ушбу ашёни ясаш учун ўша давр кишиларидан қандай технология ва кўникмалар талаб этилганини тушунишга ҳаракат қиладилар[2].
Артефактлар репликасини яратишдан яна бир мақсад — музейлар томонидан асл нусхаларни халқаро кўргазмаларга юбориш имкониятини сақлаб қолиш ёки бошқа маданий муассасалар ҳамда оммавий тадбирларда кенг жамоатчиликни муайян экспонатлар тарихи билан таништиришдир. Шунингдек, артефакт устида қўшимча илмий тадқиқотлар олиб борилаётган бир пайтда ҳам музейларда уларнинг репликалари намойишга қўйилади. Чунки ашёнинг ўзи ёки унинг реплика шаклидаги давомий намойиши кенг жамоатчиликнинг ундан баҳраманд бўлиши ва билим олиши учун муҳим ҳисобланади[2].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Ҳамма, Кеннетҳ „Публиc Домаин Арт ин ан Аге оф Эасиэр Мечаниcал Репродуcибилитй“. Д-Либ Магазине. 2016-йил 29-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2012-йил 20-март.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Гофф, Кент Ж. „Репродуcтионс оф Оригинал Артифаcц ин Мусеум Программинг анд Эхҳибиц“. 1999-йил 10-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2012-йил 21-март.