"Репортаж" сўзи франсуз тилидан олинган бўлиб, „хабар бермоқ“, „хабардор қилмоқ“ деган маъноларни англатади.

Ҳозирги вақтда репортаж икки ма‘нони билдиради:

  1. радио ва телевидение орқали воқеа содир бўлган жойдан олиб борилаётган эшиттириш ёки кўрсатув;
  2. вақтли матбуотда ёритилган маҳаллий мавзулардаги қисқа хабар ва ахборот[1]

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида шундай та‘риф берилган: „Репортаж[2] — матбуот, радио, телевидениеда: содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан олиб бориладиган маҳаллий мавзулардаги хабар, мақола.

Репортаж акс эттираётган обекти нуқтаи назаридан воқеа репортажи, муайян мавзуга бағишланган репортаж, муаммоли репортаж, репортаж-шарҳ кабиларга бўлинади. Репортаж қайси оммавий ахборот воситасида берилишига қараб газета репортажи, журнал репортажи, радиорепортаж ва телерепортаж каби хилларга бўлинади[3].

Репортажда воқеа жойи тасвири ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Жой тасвири ва тантанавор руҳни бериш учун образли ифодалар, таъсирчан-экспрессив бўёқдор сўзлар, ўхшатишлар, сифатлашлардан унумли фойдаланилади. Кишилар билан мулоқотнинг жонлилигини таъминлаш мақсадида диалоглар ҳам ишлатилади, воқеа қатнашчиларининг нутқи берилади. Чунки репортажда қаҳрамонлар сўзи муҳим аҳамиятга эга.

Янгилик репортажнинг асоси ҳисобланади. Ма‘лум воқеа-ҳодиса, фактлар ҳамда тезкорлик билан воқеа содир бўлган жойдан тайёрланган материал репортажнинг мағзини ташкил этади. Унда воқеа жойи тасвирланади, жонли мулоқотлар берилади, кўпинча, материалларда тантанаворлик акс этади. Репортажнинг асосини ахборот ташкил этади ва хабар бериш асосий ўринни эгаллайди, воқеа-ҳодиса, фактлар таҳлил қилинмайди.

Репортаж кўп жиҳатдан очеркка яқин туради. Очерк ҳам, репортаж ҳам далил ва воқеаларнинг гувоҳи бўлган киши томонидан ёзилади. Лекин очерк ўзининг публицистик руҳи, чуқур фикр юритиш ва таҳлили билан репортаждан фарқ қилади. Репортажда эса ортиқча тасвир бўлмаслиги керак, у ёрқин ва лўнда бўлиши зарур.

Репортажнинг ўзига хослиги унинг тили ва услубида ҳам кўринади. У жонли, ҳаяжонли тарзда ёзилганлиги учун ҳам газетхонга тез таъсир қилади. Репортаж дабдабали, баландпарвоз сўзлар билан ёзилса, унинг таъсирчанлиги йўқолади. Шунинг учун ҳам журналистлар репортаж тили ва услубига алоҳида эътибор билан қарайдилар.[4]

Репортажда қаҳрамонлар характерини очиш эмас, балки воқеани жонли, тантанавор тасвирлаш муҳимдир. Репортаж жанрининг хусусиятларидан бири шуки, унда та‘сирчан, кўп ма‘ноли сўзлар, сўз бирикмалари кўп ишлатилади.

Манбалар

  1. ↑ Ҳозирги ўзбек тили фаол сўзларининг изоҳли луғати А. Ҳожиэв, А. Нурмонов, С. Зайнобиддинов ва бошқ.-Т.: Шарқ, 2001
  2. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. А. Мадвалиэв таҳрири остида, 3-жилд.-Т.: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси, 2003
  3. ↑ Журналистика ва публицистика. Ўқув қўлланма. М. Худойқулов, — Т.: Университет, 2010
  4. ↑ “Медиалингвистика ва таҳрир" Д.М. Тешабаева ва бошқ.-Т.: Ўзбекистон нашриёти, 2019