Ретикулоэндотелиал тизим (РЕС ёки РЕТ) - бу организмдаги барча макрофаглар ва моноцитларни ўз ичига олган тизим ҳисобланади.[1][2] Макрофаглар одатда ҳаракатчан ҳужайралар бўлиб, улар тўқималар бўйлаб кезиб юришга қодир. Бироқ, тўқимага киргандан ва макрофагга айланганидан сўнг, моноцитларнинг бошқа катта бир гуруҳи тўқималарга ёпишади ва токи махсус маҳаллий ҳимоя функсиясини бажаришга чақирилмагунча ойлаб, ҳатто йиллаб шу ёпишган ҳолатда турадилар.[1] Уларнинг бактерия, вирус, некротик тўқима ёки тўқимадаги бошқа ёт заррачаларнинг катта миқдорини фагоцитоз қилиш қобилияти ҳаракатчан макрофагларникидан қолишмайди. Агарда уларга мувофиқ стимул берилса, улар ўзлари ёпишган жойдан ажрала олади ҳамда қайтадан хемотаксис қобилятига эга бўлади. Организмда деярли ҳамма тўқима соҳаларида кенг тарқалган моноцит-макрофаг ёки ретикулоэндотелиал тизим мавжуд.[1]

Тарихи

1920-йилда РЕС атамаси фанга Людвиг Ашофф томонидан киритилган бўлиб, у сутемизувчилар ва бошқа умуртқали ҳайвонларнинг томири ичига патогенларни юборганда уларни махсус равишда йиғувчи (масалан, жигар синусоидларида) аъзолар ва улларнинг ҳужайралари борлигини эътироф этади[3]. Лимфа синусларини қоплайдиган ҳужайралар, буйрак усти безлари, гипофиз ва суяк илиги капиллярларида ҳам камроқ миқдорда аниқланган. 

Ўпкалардаги алвеоляр макрофаглар

Алвеоляр деворларда уларнинг ажралмас қисми бўлган жуда кўп макрофаглар мавжуд.[2] Улар алвеолага кирадиган ҳар қандай заррачани фагоцитоз қила олади. Агар кирган заррачани ҳазм қилиб бўлса, макрофаглар уларни ҳазм қилади ва ундан чиққан маҳсулотларни лимфага ажратади. Мабодо ҳазм бўлмайдиган заррача бўлса, макрофаглар унинг атрофида токи у аста-секин емирилгунча гигант ҳужайра капсуласини ҳосил қилиб ўраб олади.(Калсинация). Бундай капсулалар кўпинча сил бацилласи, силикат чанг заррачалари ёки ҳатто углерод заррачалари атрофида ҳам ҳосил қилинади.

Жигар синусоидларидаги макрофаглар (Купфер ҳужайралари)

Ретикулоэндотелиал тизим ҳужайраси

Бактериялар организмга кириши мумкин бўлган йўллардан яна бири бу овқат ҳазм қилиш трактидир. Ютилган овқат билан жуда кўп бактериялар ўзгаришга учрамасдан меъда-ичак шиллиқ қаватидан портал (дарвоза вена) тизимидаги қонга ўтади[1]. Бу қон умумий сиркуляцияга ўтишдан олдин Купфер ҳужайралари деб номланган тўқима макрофаглари билан ўралган, жигар синусоидларидан ўтади. Бу ҳужайралар шундай эффектив заррача филтрациясини амалга оширадики, натижада ҳазм қилиш трактидан портал қон орқали катта қон айланиш доирасига деярли бирорта бактерия ўта олмайди. Дарҳақиқат, Купфер ҳужайраларнинг фагоцитозини намойиш этувчи видеотасвирларда уларнинг битта бактерияни фагоцитоз қилишига 0,01 секунддан ҳам камроқ вақт етарли бўлганини кўриш мумкин.[1]

Талоқ ва суяк кўмиги макрофаглари

Юқумли микроорганизм умумий сиркуляцияга киришга муваффақ бўлган тақдирда ҳам, организмда тўқима макрофаг тизими орқали амалга оширилувчи яна бир ҳимоя қобиғи бор. Бу ҳимоя талоқ ва суяк кўмигидаги макрофаглардир.[1] Бу иккала тўқимада ҳам макрофаглар шу икки аъзонинг тўрсимон (ретикуляр) тармоғига ёпишиб туради ва ёт заррачалар шу макрофаглар билан тўқнаш келганда, улар дарҳол фагоцитоз қилинади. Талоқ лимфа тугунларига ўхшайди, фақат талоқ бўшлиғида лимфа ўрнига қон оқади. Талоқ капиллярлар девори тешикларга жуда бой бўлиб, ҳамма қоннинг капиллярдан чиқиб қизил пулпа найларига оқиб ўтишига имкон беради. Сўнгра қон шу найларнинг трабекуляр тармоғи бўйлаб сиқилиб ўта бошлайди ва ниҳоят веноз синусларнинг эндотелиал девори орқали сиркуляцияга қайтади. Қизил пулпанинг трабекулалари ва веноз синуслар кўп сонли макрофаглар билан қуршалган. Қоннинг қизил пулпа найлари орқали бундай ажойиб оқими қондаги ёт заррачаларни, айниқса қари ва нуқсонли эритроцитларни фагоцитоз қилиш учун самарали йўл бўлиб ҳисобланади.[1]

Фагоцитлар

Фагоцитлар – фагоцитоз қилиниши керак бўлган материалга нисбатан селектив бўлиши зарур, йўқса улар нормал ҳужайралар ва организм тузилмаларини ҳам парчалаб юбориши мумкин. Фақат ёт моддалар парчаланиши 3 та селектив жараён  орқали таъминади:

  • Биринчидан, тўқималарнинг кўпчилик табиий тузилмалари текис юзаларга эга бўлиб, фагоцитозга чидамли. Бироқ, агар юза текис бўлмаса, фагоцитоз эҳтимоли ортади[1].
  • Иккинчидан, организмнинг жуда кўп табиий моддаларида ҳимоявий оқсил қобиқлари бўлиб, улар фагоцит ҳужайраларни ўзидан узоқлаштиради. Аксинча, кўплаб ўлик тўқималар ва ёт заррачаларда ҳимоя қобиқлари мавжуд эмас, шу боис улар фагоцитознинг асосий нишони бўладилар.
  • Учинчидан, организмнинг иммун тизими агентларга, масалан бактерияларга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради. Сўнгра антитаначалар бактерия мембранасига ёпишади ҳамда бактерияни фагоцитозга берилувчан қилиб қўяди. Буни амалга ошириш учун антитанача молекуласи иммун тизимининг қўшимча қисми бўлган  комплемент системасининг C3б унуми билан ҳам боғланади. Ўз навбатида, C3б молекулалари фагоцитлар мембранасидаги рецепторларга боғланиб, фагоцитозни бошлаб беради. Патоген фагоцитоз учун таниб олинадиган ва парчалаб юбориладиган бу жараён опсонизация дейилади[1][2].

Фарб индекси

Фарб индекси деб номланга атама – ранг кўрсаткични билдиради ва уни янада осонроқ топиш йўли қуйидагича ҳисобланади: таҳлилдаги Ҳб миқдорини 3 га кўпайтириб, чиққан натижа эритроцитлар миқдоридаги дастлабги 3та рақамга бўлинади. Масалан: УҚТ ида Ҳб = 140 Эритроцитлар = 4.8млн/мм3 бўлса, 140 х 3 / 480 = 0.875 кўринишида ҳисобланади. Чиққан натижа бемор эритроцитларининг Ҳб га тўқинганлик даражасини билдиради. (Ранг кўрсаткични). Нормада РК=0.85-1.05[1]

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 Инду Кҳурана, Аруши Кҳурана: Техтбоок оф медиcал пҳйсиологй; 2нд эдитион, 2009.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Артур Гуйтон, Жоҳн Ҳалл: Техтбоок оф медиcал пҳйсиологй; 14тҳ эдитион, 2020.
  3. ↑ Асчофф, Л. (1924). "Дас ретиcуло-эндотҳелиале Сйстем". Эргебниссе дер Иннерен Медизин унд Киндерҳеилкунде: Сечсундзwанзигстер Банд (ин Герман). Спрингер Берлин Ҳеиделберг: 1–118. дои:10.1007/978-3-642-90639-8_1. ИСБН 978-3-642-88784-0.