Ретикуляр формация (лот ретиcулум — тўр ва форматио — тузилма), тўрсимон тузилма — бош миянинг марказида (узунчоқ ва ўрта мияда, кўриш дўмбокларида) жойлшаган махсус тузилмалар мажмуи. Марказий нерв системасининг қуйи ва юқори жойлашган соҳалари, шу жумладан, катта ярим шарлар пўстлоғи қўзғалувчанлиги ва тонуси даражаларини бошқаради. Ретикуляр формация ҳосил қилувчи нейронлар аксонларининг тузилиши, узунлиги ва каттакичиклигига кўра турличадир. Уларнинг толалари чирмашиб кетган. „Ретикуляр формация“ терминини немис олими О.Дейтерс киритган, у Ретикуляр формациянинг фақат морфологик хусусиятларини ифодалайди. Ретикуляр формация орқа мия, мияча, лимбик система ва бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи билан морфологик ва функсионал жиҳатдан боғланган. Ретикуляр формация соҳасида унга келаётган афферент ва эфферент импулси ўзаро таъсир кўрсатади. Натижада Ретикуляр формация нейронлари муайян қўзғалган ҳолатда бўлади. Бу эса марказий нерв системасини ташқи муҳитдан келаётган импулеларни қабул қилишга тайёрлаб туради. Ретикуляр формация марказий нерв системасининг турли соҳаларига пастга ва юқорига йўналувчи таъсир кўрсатади. Бу таъсирлар, ўз биологик моҳиятига кўра, тормозловчи ёки қўзғатувчи хусусиятга эга. Ретикуляр формациянинг қўзғалишини бош мия катта ярим шарлари бошкаради.

Ретикуляр формациянинг пастга йўналувчи таъсири. Ретикуляр формацияда орқа мия рефлектор фаолиятини тормозловчи ва енгиллаштирувчи соҳалар бор. Мия устуни турли соҳаларининг таъсирланиши билан орқа мия рефлексларининг ўзаро боғлиқлигини дастлаб И. М. Сеченов топди (1862). 1944—46 йилларда америкалик нейрофизиолог Х. Мегоун уз ходимлари билан бирга узунчоқ мия Ретикуляр формацияси турли қисмларининг таъсирланиши орқа миянинг ҳаракат реаксиясига енгиллаштирувчи ёки тормозловчи таъсир курсатишини аниқлади. Ретикуляр формациянинг мускул тонусига таъсир этиш механизмларини швед олими Р. Гранит очиб берди.; У аксонлари интрофузал мускул толаларига борадиган гаммамотонейронлар фаоллигига ҳам Ретикуляр формация таъсир этишини кўрсатади. Бу организмнинг фазода турли ҳолатда бўлиши ва турлича ҳаракатланишини бошқаришда муҳим рол ўйнайди.

Ретикуляр формациянинг юқорига йўналувчи таъсири. Ретикуляр формациянинг оралиқ миядан узунчоқ миягача бўлган турли қисмлари мия пўстлоғининг барча бўлимларига қўзғатувчи таъсир этади, яъни бош мия катта ярим шарларининг барча соҳаларини қўзғатиш жараёнига жалб этади. 1949-йилда италиялик физиолог Ж.Моруцси бош миянинг биоэлектрик фаоллигини тадқиқ қилиб, мия устуни Ретикуляр формацияси таъсирланганда мияда уйқу вақтида кузатиладиган юқори волтли секин синхрон тебранишларнинг тетиклик (уйғоқлик)ка хос бўлган паст амплитудали юқори частотали фаолликка ўтишини аниқлади. Бош мия электр фаоллининг бундай ўзгариши ҳайвонларда уйғониш белгиларига хосдир.

Ретикуляр формация анатомик жиҳатдан марказий нерв системасидаги асосий ўтказувчи йўллар билан чамбарчас боғлиқ. Унинг қўзғалиши экстероцептив ва интероцептив афферент системалар ёрдамида амалга ошади. Шу сабабли кўпгина олимлар Ретикуляр формацияни бош миянинг носпецифик афферент системаси деб ҳисоблайдилар. Бироқ Ретикуляр формация иштирокида юз берадиган реаксияларга кимёвий препаратлар танлаб таъсир кўрсатишининг кашф этилиши физиолог П. К. Анохинга Ретикуляр формациянинг мия пўстлоғига кўрсатадиган юқорига йўналувчи таъсири специфик эканлиги ҳақидаги қонунларни таърифлашда ёрдам берди. Организмга юборилган наркотик моддалар Ретикуляр формация нейронларини тормозлайди ва бунинг оқибатида уларнинг мия пўстлоғига кўрсатадиган юқорига йўналувчи (фаоллаштирувчи) таъсири йўқолади. Ретикуляр формация хусусиятлари, унинг бошқа пўстлоқ ости структуралари ва мия пўстлоғининг барча соҳалари билан ўзаро муносабати ўрганилиши оғриқ, уйқу ҳамда уйғоқлик ва бошқа нейрофизиологик механизмларни аниқлаш имконини берди. Ретикуляр формация тадқиқотида фармакологик моддаларнинг қўлланиши марказий нерв системасининг қатор касалликларини даволаш мумкинлигини кўрсатади. Бу эса эндиликда тиббиётнинг наркоз ва бошқа муҳим масалаларга янгича ёндашиш имконини беради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил