Рейнголд Морицевич Глиэр [1874.30.12(1875.11.1), Киев -1956.23.6, Москва] — композитор, мусиқа арбоби, дирижёр, педагог. Озар-байжон (1934), Россия (1935), Ўзбекистон (1937) халқ артисти, профессор (1913), санъацҳунослик доктори (1941). Москва консерваториясини тугатган (1900).

"Лолақизғалдоқ" (1927, 2-таҳрирда "Қизил гул"), "Мис чавандоз" (1949) каби балетлар, овоз ва оркестр учун консерт, симфониялар, романслар ва б. муаллифи. Г. рус мумтоз мусиқа анъаналарини давом эттириб, ўз ижодида турли халқлар (рус, украин, озарбайжон, ўзбек, бурят-монгол ва б.) мусиқа меросига изчил мурожаат этган. У 1920-йиллари Озарбайжонда, 1930—1940 й.лари Ўзбекистонда баракали ижод қилиб, "Шоҳсанам" операси (1927), "Гулсара" (1936, Т. Жалилов ва Т. Содиқов билан ҳамкорликда) мусиқали драмаси, Т. Содикрв билан бирга "Лайли ва Мажнун" (1940), "Гулсара" (1949) операларини яратган. Шунингдек, "Алишер Навоий" филмига мусиқа, ўзбек куйлари асосида "Тантанали" (1937), "Фарғонача байрам" (1940) симфоник увертюралари, қатор романс ва б. асарлар ижод этган. Ўзбек миллий мавзусидаги асарларида Г. халқ мусиқа мероси бойликларидан унумли фойдаланган. Тошкентдаги Республика ўрта махсус мусиқа интернат мактаби, Ўзбекистон Республикасидаги бир неча болалар мусиқа мактаблари Г. номига қўйилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Векслер С, Глиэр и ўзбекская музика, Т., 1981.