Reyting
Рейтинг (инг. ратинг) – 1) ўқувчи ва талабаларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш усули. Ўзбекистонда узлуксиз таълим тизимининг меъёрий ҳужжати сифатида қабул қилинган. Умумий ўрта таълим мактаблари учун 1998—2003-йилларда жорий бўлиб келган. 2003-йилдан мактабларнинг бошланғич синфларида қайта қўлланила бошлади.
Рейтинг тизими олий таълимда талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1999-йил 8-июндаги, магистрлар билимини назорат қилиш ва баҳолаш учун 1999-йил 31-декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади. Унда семестр бўйича муайян фандан 55% дан кам балл тўплаган талаба академик қарздор, 56—70% балл тўплаган талаба „ўрта“, 71—85% балл тўплаган талаба „яхши“, 86% дан юқори балл тўплаган талаба „аъло“ кўрсаткичга эга ҳисобланади. Талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими назоратнинг 3 тури (жорий, оралиқ, якуний) да амалга оширилиб, уларнинг ўзлаштиришларини мунтазам назорат этиб бориш, билим сифатини баҳолашда холислик, аниклик ва ошкораликни таъминлайди; 2) фаолият турининг самарадорлиги ва нуфузини белгиловчи усул. Масалан, спорт соҳасида спортчи (команда)нинг рейтинг кўрсаткичи унинг умумий таснифдаги ўрнини белгилаб беради (жаҳон профессионал теннисчилар рейтинги, профессионал боксчиларнинг чемпионлик учун финалгача бўлган рейтинг жанглари, футбол бўйича терма жамоалар ҳамда командалар рейтинги, шахматчи ёки шашкачи ютуқларининг сон билан ифодаланадиган ва мусобақалардаги натижаларига қараб ўзгариб турадиган шахсий кўрсаткичи ва ҳоказо); 3) сиёсат, маданият ва бошқа соҳалардаги таниқли арбобларнинг жамоатчилик фикрини ўрганиш йўли билан аниқланадиган машҳурлик даражаси[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |