Риқо (араб, руқъа — мактуб) — хаттотлик услуби; араб ёзувидаги хат услубларидан бири. Хат тарихчиси Ибн Надим фикрича, Р. сулс ёзувидан келиб чиққан. Кўриниши жиҳатдан Р. тавқе хатига ўхшаш, ҳарф ўлчамлари ундан кичик ҳамда нозикроқ. Р.да ўзидан кейинги ҳарфларга қўшилмайдиган кўпчилик ҳарфлар бир-бирига қўшиб ёзилаверади. Р.дан тез ёзишда (мактуб ва бошқаларда) фойдаланилади. Кейинчалик ихчам кўнгилочар ҳикоя ёки қиссалар, баъзан шамс нақшидаги ёзувлар, Қуръон ёки китоблар хотимаси Р.да битилган, алоҳида мустақил қитъаларни ёзишда ҳам қўлланган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил