Ривожланиш — табиат ва жамиятдаги қонуниятли ўзгариш; бир сифат ҳолатидан бошқасига, эскидан янгига ўтиш. Ривожланиш натижасида обектнинг — таркиби ёки структурасининг янги сифат ҳолати вужудга келади. Ривожланиш табиат, жамият ва билиш тарихини тушунтиришнинг умумий тамойилидир. Ривожланишнинг 2 шакли мавжуд: обектнинг секин-аста содир бўлувчи миқдор ўзгаришлари билан боғлиқ эволюцион ривожланиш ва обект тузилмасидаги сифат ўзгаришларидан иборат инқилобий ривожланиш Эволюцион ривожланиш жамиятда бир тизимнинг аста-секин, кескин портлашларсиз бир сифатий асосдан иккинчи сифатий асосга ўтишини, инқилобий ривожланиш эса кескин портлаш йўли билан бир сифатий асосдан иккинчи сифатий асосга ўтишини билдиради. Эволюцион ривожланиш жамиятнинг янги босқичга узлуксиз ва талафотларсиз ўтишига имкон беради. Бундай ўтишда муайян вақт зарур бўлади. Инқилобий Ривожланишда жамиятнинг эски асосий таянч нуқталари йўқ қилиниб, кескин сифатий ўзгаришлар амалга оширилади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янги жамиятга ўтишнинг эволюцион ривожланиш йўлини танлади. Бу йўл жамият аъзоларининг манфаатларига зид келмайдиган, муайян вақтни талаб қиладиган ва пировардида самарали бўладиган йўлдир. Ривожланишнинг прогрессив, тараққиёт тури (қаранг Тараққиёт) билан регрессив, таназзул тури (қаранг Инқироз) фарқланади.

Ҳозирги замон фанида ривожланишнинг махсус илмий назарияси ишлаб чиқилмоқда, унда асосан, қайтарилувчи жараёнларни қараб чиқувчи классик табиацҳуносликдан фарқ қилган ҳолда, ночизиқли, сакрашсимон ўзгаришлар баён қилинади (яна қаранг Миқдор ўзгаришларииинг сифат ўзгаришларига ўтиши қонуни, Қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши қонуни, Инкорни инкор қонуни).

Бахтиёр Тўраев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил