Роғиб (тахаллуси; асли исмшарифи Муҳаммад Раҳим Шокир ўғли) (1865 — Хоразм вилояти Урганч тумани Қоровул қишлоғи — 1935) — шоир. Навоий, Ҳофиз, Мунис, Огаҳий, Комил каби шоирлар ижодини ўрганган, ғазалларига муҳаммаслар боғлаган. Шеъриятдаги истеъдодини кўрган Феруз уни саройга таклиф қилган. У ерда Баёний, Аваз, Чокар ва бошқа шоирлар билан танишган, ижодий мулоқотда бўлган. Саройдаги мушоираларда қатнашган. Ферузнинг амри билан шеърларини тўплаб девон тузган, "Девони Роғиб" номида нашр этилган. Феруз вафот этгач (1910), саройдан ўз қишлоғига қайтиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Хоразм инқилобидан сўнг маориф муассасаларида ишлаган.

Р. лирик ва ҳажвий шеърлар ёзган. Лирикасида ишқ-муҳаббат, дўстлик, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилган, онаВатан табиати гўзалликларини мадҳ этган ("Танбур", "Боғ", "Хивақ", "Ўлсун" ва бошқалар). Ўзи тузган девони (1899, 1221 ғазал, 33 муҳаммас, 6 таржеъбанд, 36 рубоий, 12 қит'а ва бир неча маснавий, мустазоддан иборат) ҳамда турли баёзларга кирган шеърлари етиб келган. Девоннинг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шаркшунослик институти фондида (инв.№6681) ва Хива тарих музейи (инв. №2038)да сақланади.

Адабиёт

  • Асрлар нидоси, Т., 1982; Қаюмов П. Д., Тазкираи Қайюмий, 2дафтар, Т., 1998.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил