Роя Ҳешматий (форсча: رویا حشمتی‎‎), (1990-йилда Санандаж шаҳрида туғилган) — эронлик курд фаоли бўлиб, Эроннинг мажбурий ҳижоб сиёсатига бўйсунмаганлиги билан танилган. Ҳешмати оммавий жойларда мажбурий ҳижоб тақмаслик ва ижтимоий тармоқларда ушбу қоидага риоя қилмаган ҳолда тушган суратини улашиш орқали норозилик билдиргани боис шуҳрат қозонди. Натижада у ҳибсга олинди ва ўз ҳаракатлари оқибати сифатида 74 та қамчи зарбаси жазосига ҳукм қилинди[1].

Роя Ҳешматий
форсча: رویا حشمتی‎‎
Таваллуди 1990-йил
Фуқаролиги  Эрон

Айбловлар ва ҳибсга олиш

Роя Ҳешматий томонидан ижтимоий тармоқларда ҳижобсиз расмлари эълон қилингандан сўнг, 2023-йил 20-апрел кечаси кечқурун Эрон Ислом Республикаси агентлари унинг уйига бостириб кириб, уни ҳибсга олдилар. Бу тунги рейд чоғида унинг уяли телефони ва ноутбуки ҳам мусодара қилинди. Дастлаб у „жамоат жойида тегишли диний ҳижобсиз кўриниш бериш“ айблови билан ўн бир кун давомида ҳибсда сақланди. Бироқ якунда Роя Ҳешматийнинг иши алоҳида айбловлар ва иккита алоҳида айблов хулосаси билан Суд ҳокимиятининг 38-бўлими томонидан Эршод суд мажмуасига ва Инқилобий судга юборилди.

Ҳешматийнинг адвокати Татайининг сўзларига кўра, Инқилобий суднинг 26-бўлимидаги айбловлар қаторига „тизимга қарши тарғибот олиб бориш“ ҳам кирган. Бундан ташқари, Эршод суд мажмуасининг 1091-бўлимида унга „жамоат жойида тегишли диний ҳижобсиз кўриниш бериш, жамоат ор-номусига путур етказиш, уятли контент тайёрлаш ва бузуқликни тарғиб қилиш“ каби тўртта айблов қўшилган[2].

Эшрат суд мажмуасининг 1091-бўлими Роя Ҳешматийни 13 йил 9 ой қамоқ жазоси, 12 500 000 ИРР жарима ва 74 қамчи зарбага ҳукм қилди. Бироқ ҳукм устидан шикоят тушгач, иш Теҳрон вилоятидаги Апелляция судининг 14-бўлимига юборилди ва натижада қамоқ жазоси бекор қилинди. Шунга қарамай, жарима ва қамчи билан жисмоний жазолаш ўзгармаган ҳолда қолган[2].

Қамчи жазосига тортилиши

2024-йил 3-январда, Роя Ҳешматийга жамоат ор-номусига путур етказиш айблови бўйича қўлланган қамчи жазоси ижро этилди. Ушбу жазо ижро этилгач, Ҳешматий қуйидагича ёзилган бир изоҳ эълон қилди: „Судя: Жуда қаттиқ урманг, деди. У киши эса мени қаттиқ ура бошлади. Елкам, белим, думбам, юзим, оёқларим. Қамчи зарбаларини санашни йўқотдим. Ичимда аёл номи билан, ҳаёт номи билан, қуллик либоси йиртилди, бизнинг қоронғу кечамиз тонгга айланади, барча занжирлар узилади, деб такрорлаб ўтирардим.“[3]. Ўз ёзувида у судда рўмол тақишни рад этганини ва шундан сўнг, унинг таърифлашича „ўрта асрлардаги қийноқ хонасига ўхшаш жойда“ судя қаршисида бир эркак уни қамчи билан ургани ҳақида айтиб берган[4].

Яна қаранг

Манбалар