Rubob
Рубоб — торли чолғу асбоби. Рубоб энг қадимий чолғу асбоблари турига киради. Нохун (медиатор) билан чертиб чалинади. Ўзбек, тожик, уйғур, афғон ва бошқа шарқ халқлари орасида кенг тарқалган. Баъзи олимлар фикрига кўра, қадимда 2 торли камонли рубобдан замонавий скрипка юзага келган. Ҳозир рубобнинг уч хили мавжуд: қашқар рубоби, афғон рубоби ва помир рубоби. Афғон рубобининг 2 та номи бор:' 'тожик рубоби ва бухоро рубоби'.
|
Озарбайжон рубоби сурати туширилган почта маркаси | |
| Тури |
Торли |
|---|---|
| Ўхшаш асбоблар | |
|
Қўмуз Қўбиз Рубоб | |

Турлари
Рубобнинг уч хили мавжуд: қашқар рубоби, афғон (ёки тожик, Бухоро рубоби) ва помир рубоби. Қуйида рубобнинг шу уч тури ҳақида тўхталиб ўтилади.
Қашқар рубоби

Қашқар рубоби Қашқардан тарқалган. Шунинг учун қашқар рубоби деб аталади. Қашқар рубобининг узунлиги 80-100 см дир. Қашқар рубобининг чўмичсимон косаси тут каби қаттиқ дарахтлар ёғочидан ясалади. Косанинг усти тери билан қопланади.
Қашқар рубобининг дастаси узун бўлиб, охири қайрилган бўлади. Косасинин олдида шохга ўхшаган иккита гажаги бор. Улар шакл бериш билан бирга юқори ноталарни чалишда чап қўл учун таянч вазифасини ҳам бажаради.
Қашқар рубоби дастасида 19 тадан 23 тагача парда бўлади. Эски рубобларда пардалар ичакдан қилинган бўлса, замонавий рубобларнинг пардалари металлдан қилинади.
Қашқар рубобининг бешта сими бор. Қашқар рубобининг 5 та тори, одатда, кварта-квинта оралиғида созланади. Пастги икки сим жуфт чалинади. Очиқ чалганда „ля“ товушини чиқарадиган қилиб созланади. 3- ва 4- симлар ҳам жуфт чалинади. Бу симлар очиқ чалганда „ми“ товушини чиқарадиган қилиб созланади. 5-сим одатда нейлон сим бўлиб, очиқ чалганда „си“ товушини чиқарадиган қилиб созланади. Қашқар рубобининг диапазони 3 октавага яқин.
Рубобнинг товуши жарангдор. Ижрочиликни ўзлаштириш бирмунча енгиллиги, моҳир рубобчи-созандалар (Муҳаммаджон Мирзаев ва бошқалар)нинг етишиб чиқиши бу сознинг 1940-йиллардан Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳаваскор ва профессионал созандалар орасида оммавийлашувига сабаб бўлган.
Қашқар рубобининг қайта ишланган замонавий тури рубоб прима ўз имкониятлари билан рус домрасига яқин, 4 металл тори квинта оралиғида созланади. Оркестрда ва якка соз сифатида ишлатилади.
Ўзбек бастакорларидан Муҳаммаджон Мирзаев, созандаларидан А. Бобохонов, Н. Қулабдуллаев, композиторлардан Иброҳим Ҳамроев, Мустафо Бафоев ва бошқалар қашқар рубоби учун турли жанрларда асарлар яратишган.
Афғон рубоби

Афғон рубобининг дастаси калтароқ бўлади. Дастасининг узунлиги 8-10 см бўлади. Овоз косаси ёки резонатори кенг ва чуқур бўлади. Резонаторнинг узунлиги 80 см гача, кенглиги 20 см гача, чуқурлиги 30 см гача бўлади. Қорин билан даста бир бутун ёғоч бўлагидан ўйиб ясалади.
Афғон рубобида ҳам қашқар рубобидаги каби гажаклар бор. Резонаторинг пастги қисми тери, юқори қисми юпқа тахтача билан қопланади. Дастанинг асосий қисмида 4-5 та асосий парда, тахтачанинг устида 6-7 та қўшимча хаспардалар бўлади.
Афғон рубобида 5 та асосий торга қўшимча равишда 10-11 та ёрдамчи (акс-садо берувчи) торлар ҳам бор. Афғон рубобининг қайта ишланган турлари ихчамлаштирилган бўладим уларда ёрдамчи торлар бўлмайди. Афғон рубоби 2 октава диапазонидаги диатоник товушқаторига эга. Асосан, профессионал созандалар томонидан якка соз сифатида ва турли ансамбллар таркибида қўлланади.
Помир рубоби
Помир рубоби қашқар рубобига ўхшайди, аммо косаси бир оз каттароқ, дастаси бир оз калтароқ бўлади. Бу тур рубоб ҳам одатда бир бутун ёғоч бўлагидан йўнилади. Косасининг пастки қисми юпқа тахтача билан беркитилади. Кварта-квинта оралиғида созланадиган 5 та асоссий торидан ташқари ён қулоққа боғланадиган тори бўлади. Бу тор зингаг деб аталади.
Ҳаволалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |