Рудакий Абу Абдулло Жаъфар (форсча: ابوعبدالله جعفر بن محمد بن حکیم‌ بن عبدالرحمن‌ بن آدم رودکی‎‎; ҳозирги Тожикистон Республикаси Панжакент тумани Панжрудак қишлоғи 858-йил — 941-йил) — форс шоири. Форс шеърияти асосчиларидан бири.

Рудакий Абу Абдулла Жаъфар
Асл исми Рудакий Абу Абдуллаҳ
Таваллуди 858
Вафоти 941
Тахаллуси Рудакий
Йўналиш Назм
Жанр Ғазал, рубоий, қасида, мадҳия, марсия

Ҳаёти

Ёшлигидан шеърият ва мусиқага ихлос қўйган, адабиётни, араб тилини ўрганган. Замонасининг машҳур чолгучиси Абул Аббос Бахтиёрдан мусиқа бўйича таълим олган. барбат, чанг, уд, руд каби чолғу асбобларини чалишни ўрганган. Дастлабки маълумотни ўз қишлоғида олган Рудакий ўқиш учун Самарқандга борди. У ерда чуқур билим олиб, тез орада адабиёти ва сан’ат соҳасида ҳам донг чиқаришга муваффақ бўлди. Рудакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимий юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин. Сомонийлар давлатининг кўзга кўринган давлат арбоби, Наср ИИ ибн Аҳмаднинг яқин дўсти Абуфазл Бал’а-мий Рудакий ҳақида „У фақат машҳур шоир бўлибгина қолмай, балки ўз даврининг етук олими ҳам эди“, деб баҳо берган.[1] Рудакийнинг шеърият ва мусиқадаги маҳоратини эшитган Бухоро ҳокими Наср ибн Аҳмад Сомоний уни саройга таклиф этган. Рудакий Бухорода вазир Абул Фазл Балъамий ҳомийлигида ижод қилиб, санъатда катта обрў қозонган. Рудакий 40 йил саройда шоирларга бошчилик қилган. Унинг туғма кўр бўлгани ҳақида нақллар бор. Аслида саройдаги игво ва фитналар туфайли душманлари Рудакийнинг кўзларига мил тортиб кўр қилган, мол-мулкини талаб, ўзини Бухородан бадарға қилишга эришганлар. Қариган чоғида Рудакий ўз қишлоғига қайтиб, фақирликда умр кечирган.

Манбаларда Рудакий шеърияти 100 000 байтдан иборатлиги қайд этилган. Лекин бизга қадар унинг 1000 байт асари (2 қасида, 50 рубоий, шеър ва достонлари) етиб келган. Рудакий Мовароуннаҳрда ўз шеърларидан девон тузган илк шоир ҳисобланади. „Бўи жўи Мўлиён ояд ҳаме“ („Мўлиён ариғининг иси келмоқдадир“) мисраси билан бошланадиган ғазали унга фавқулодда шуҳрат келтирган. Унга 120 шоир тазмин битган, лекин бирортаси Рудакий даражасига кўтарила олмаган. „Модари май“ („Майнинг онаси“) қасидаси ҳам машҳур. Рудакий форстожик шеъриятининг деярли барча шаклларини ишлаб берган. Шеърлари ғазал, рубоий, қасида, мадҳия, марсия, панду ҳикмат, ҳасби ҳол, мазаммат, ҳажв ҳамда чистой жанрларида ёзилган. „Синдбоднома“ (933), „Қариликдан шикоят“ автобиографик асарлари туда ҳолда, „Калила ва Димна“, „Даврони фалак“ ва бошқа бир неча маснавийларидан парчалар етиб келган. Қадимий манбаларда Рудакийнинг „Ароисаннафоис“ („Нафис куртаклар“) достони бўлгани ҳақида маълумотлар учрайди. Рудакий ва унинг издошлари форсий шеъриятда бир неча аср ҳукмронлик қилган Хуросон (ёки Туркистон) услубига асос солиб, уни ривожлантирганлар. Рудакий арузни чуқур ўрганиб, уни халқ орасида кенг тарқалган қўшикларга татбиқ қилиш натижасида 9 та янги вазнлар кашф этган. Уларнинг кўпчилиги халқ қўшикларининг бармоқ вазнлари асосида тузилган. Рудакий рубоийлари жанрнинг барча талабларига жавоб берадиган дастлабки рубоийлардандир.

Дунёнинг тузилиши, ҳаёт ҳодисалари, инсон феълатвори, хаттиҳаракатлари ҳақида фалсафий хулосалар чиқариш, панднасиҳат шоир шеъриятининг етакчи хусусияти ҳисобланади. Р. ишқу муҳаббатни ҳам баланд пардаларда куйлаган, дунёвий севгини улуғлаган. У пейзаж лирикасининг ҳам усталаридан. Дунё, замон, инсон мавзуси, турли иллатлардан шикоят мотивлари ҳам Р. ижодида, хусусан, умрининг охирида яратган шеърларида кўп учрайди. Шеърлари Мунирхон Муинзода (1957) ва Ш. Шомуҳамедов (1988, 1994) томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Шоир ҳақида „Рудакий“ драмаси ва „Шоирнинг қисмати“ кинофилми яратилган. Рудакий номида Тожикистон Давлат мукофоти таъсис этилган.

Асарлари

  • „Офтоб даврони“,
  • „Ароису-н-нафоис“,
  • „Синбоднома“ „Модари ман“,
  • „Дар васфи Бухоро“,
  • „Шикоят аз пири“.
    Галерея

Адабиётлар

  • Рудакий, Т., 1957; Инжулар уммони, Т., 1988.
  • Ад., Абдураҳмон Жомий, Баҳористон, Т., 1997;
  • Давлацҳоҳ Самарқандий, Шоирлар бўстони, Т., 1981;
  • Айний С, Асарлар, 8ж., Т., 1967;
  • Шомуҳамедов Ш., Одамийлик иншоси, Т., 1984.

Манбалар

  1. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 14.

Ҳаволалар