Саддуқийлар - милоддан аввалги ИИ-И асрларда фарисийликка қарама-қарши йўналиш сифатида саддуқийлик ўртага чиқди. Яҳудийлар тарихига оид манбаларни ўрганар эканмиз, мазкур икки йўналиш ўртасида жуда ҳам кўплаб тортишув ва баҳслар бўлганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.Саддуқийлик ақидавий нуқтаи назардан фарисийликдан қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради: 1. Улар “Таврот” дан бошқа китобларни тан олмайдилар ҳамда Мусога нисбат берилувчи “Оғзаки Таврот”ни ҳам инкор қиладилар; 2. Қиёмат куни ва қайта тирилишга ишонмайдилар. Уларнинг э’тиқодига кўра, солиҳ кишиларга мукофот, гунохдорларга жазо мана шу дунёнинг ўзида берилади. Юз йиллар давомида ушбу йўналишнинг номланиши Садуқ (Сабос) исмли шахс билан боғланиб келинган. Бундай фикрларни машҳур аллома Ибн Ҳазм ҳамда кўплаб Европа олимлари асарларида учратиш мумкин. ХХ асрга келиб, ба’зи тадқиқотчилар бу қарашнинг нотўғри эканини исботлашга ҳаракат қилишди. Жумладан, франсуз олими Гигнебер (Гуигнеберт) бу борада қуйидаги фикрларни келтиради: “Саддуқий сўзида “д” ҳарфи иккиланган. Қолаверса, ушбу йўналиш тарафдолари ўзларини ҳеч қачон “Садуқ” деган шахс билан боғламаганлар. Аслида, мазкур ном саддуқийларга душманлари тарафидан киноя тарзида ишлатилган. Бу билан, уларнинг яҳудийликдаги асосий ақидавий масалаларни инкор қилганлари, бунинг аксини тасдиқлаб олганларига (“саддуқийлар” - “тасдиқловчилар”) ишора қилинган”. Мазкур қарашни мисрлик олим Аҳмад Шалабий ҳам қўллаб-қувватлайди. Саддуқийлик тарафдорлари асосан насл-насабли, йирик мулкдорлар каби юқори қатлам вакилларидан иборат бўлган. Э’тиборли жиҳати шундаки, уларнинг аксар қисми ўзаро қариндошлик алоқалари билан боғланган. Та’кидлаш лозимки, яҳудийликдаги ушбу йўналиш вакиллари бошқа халқлар билан дўстона алоқа ўрнатишга доим ҳаракат қилиб келган бўлсалар, фарисийлар эса, аксинча, яҳудий бўлмаганларга нисбатан душманона кайфиятда бўлганлар. Христиан ва мусулмон манбаларида саддуқийлар билан фарисийлар ўртасида бир қанча ихтилофлар мавжудлиги та’кидланса-да, бир нуқтада уларни бирлаштирувчи ўзаро муштарак ғоя бўлгани қайд этилади, у ҳам бўлса уларнинг Исога нисбатан адовати ҳамда у олиб келган та’лимотга қарши курашганларидир. Юқорида та’кидланганидек, саддуқийлар ўлимдан кейинги ҳаёт ҳамда руҳнинг абадийлигини инкор қилганлар. Уларнинг расионалистик қарашлари шу даражага олиб бордики, улар фаришталарнинг ғайритабиий мавжудот эканига ҳам шубҳа билдирдилар. Шунингдек, инсон ихтиёри масаласида саддуқийлар Худо инсоннинг ишига аралашмаслиги, инсон ўз амалини ўзи яратиши ҳақидаги фикрни илгари сурганлар[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 334.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.