„САДОИ ТУРКИСТОН“ („Туркистон овози“) — жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетаси. 1914-йил 4-апрелдан 1915-йил 10-апрелга қадар Тошкентда ўзбек тилида нашр қилинган. Газета Убайдулла Асадуллахўжаев (Хўжаев) томонидан ташкил этилган ва унинг муҳаррирлигида фаолият кўрсатган.

„Садойи Туркистон“ В. М. Илиннинг хусусий босмахонасида, ҳар бир сони ўртача 1000 нусхадан чоп килинган, обуна ва чакана савдо йўли билан тарқатилган. Газетани ҳафтада 2 марта чиқариш кўзланган бўлсада, аммо бунга эришилмаган. Газета ҳафтада 1 марта 4 саҳифада босилган.

Газета таҳририятининг ўзагини ХХ аср бошидаги ўзбек маърифатпарвар адабиёти ва публицистикасининг етакчи намояндалари Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Музаффаровлар ташкил этган. Улар бош муҳаррир У. Асадуллахўжаевга газета фаолиятини йўлга қўйишда фаол кўмаклашганлар. Газета қиёфасини белгилайдиган асосий мақолаларни ҳам шулар ёзишган. „Садойи Туркистон“ да даврнинг Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Мирмуҳсин (Шермуҳамедов), Абдулла Қодирий, Холид Сайд, Саидносир Миржалилов, Мўминжон Муҳаммаджонов, Абдулла Эрғозиев, Нўширавон Ёвушев, Сиддиқий, Лутфулла Олимий, Иброҳим Даврон, Шокиржон Раҳимий каби миллатпарвар адиб ва зиёлилари фаол ҳамкорлик қилганлар.

Туркистоннинг маънавий-маърифий юксалишига кўмаклашиш мақсадида чиқарилган бу газетада миллий таълимни замонавийлаштириш, миллат дардини акс эттирувчи адабиёт ва санъат яратиш, миллат онгини юксалтиришга хизмат қилувчи матбуотни ривожлантириш, аёлларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш, ахлоқий тарбияни кучайтириш ва бошқа давр учун долзарб муаммолар кенг ёритилган.

„Садойи Туркистон“ юртпарварлик, миллатпарварлик, маърифатпарварлик каби олижаноб ғояларни изчил тарғиб қилган, Туркистон истиқлоли ва истиқболининг маънавияхлоқий негизларига дахлдор муаммоларни дадил кўтариб чиққан. Газета асосий эътиборни миллий тараққиётни юзага чиқаришга қодир бўлган маърифатли, инсофли, диёнатли инсонларни тарбиялашга йўналтирдики, бу унинг тарихий хизматидир. Миллий ҳисларни тарбиялашдаги собитлиги жиҳатидан „Садойи Туркистон“ ўша даврдаги миллий матбуот нашрлари сафида олдинги ўринда туради. Газета фаолияти моддий қийинчиликлар туфайли тўхтаган. Жами 66 сони чиққан, холос. У. Асадуллахўжаев 1916-йилда „Садойи Туркистон“ фаолиятини Андижон шаҳрида тикламоқчи бўлган. Бироқ Фарғона вилояти ҳарбий губернатори газетани чиқаришга рухсат бермаган.

Адабиёт

  • Абдуазизова Н. А., Туркистон матбуоти тарихи (1870-1917), Т., 2000.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил