Садриддин Айний (тожикча: Садриддин Айнӣ; ҳақиқий исми Садриддин Саид-Муродзода (тожикча: Садриддин Саид-Муродзода); 1878-йил, 15-апрел, Соктаре қишлоғи, Бухоро амирлиги — 1954-йил, 15-июл, Сталинобод, Тожикистон ССР, СССР) — тожик ва ўзбек совет ёзувчиси. Шоир, давлат ва жамоат арбоби. Совет давридаги тожик адабиёти асосчиси. тожик ва ўзбек тилларида ижод қилган. Тожикистон Фанлар Академиясининг биринчи президенти (1951—1954), Ўзбекистон Фанлар Академияси фахрий аъзоси (1943), Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940), филология фанлари доктори (1948), профессор (1950). Тожикистон Қаҳрамони унвони соҳиби (1998)[1], қатор собиқ СССР орден ва медаллари соҳиби. 2001-йилда ўзининг беқиёс истеъдоди, ўлмас ижодий мероси билан ўзбек миллий маданияти ривожига ҳисса қўшгани учун Ўзбекистон Республикасининг "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган[2].

Садриддин Айний
Файл:Садриддин Айний.жпг
Асл исми тожикча: Садриддин Айнӣ
Таваллуди 15-апрел 1878-йил
Вафоти 15-июл 1954-йил(1954-07-15)
(76 ёшда)
Душанбе, Тожикистон ССР, СССР (ҳозир Тожикистоннинг Душанбе шаҳри)
Тахаллуси Айний
Касби ёзувчилик, шеърият
Жанр Наср
Мукофотлари
Тожикистон валютасининг 5 сомоний купюрасидаги Садриддин Айний портрети.
1917—1951-йилларда Садриддин Айний яшаган Самарқанддаги уй (ҳозир уй-музей).

Биографияси

Ёшлик йиллари

Садриддин Саид-Муродзода 1878-йилнинг 15-апрел куни Бухоро амирлигининг Соктаре қишлоғида, тожик оиласида туғилган[3]. Унинг ўғли Айний Камол, таниқли журналист. Отаси Саид Муродхўжа деҳқончилик билан шуғулланган бўлса-да, ўзи саводли бўлгани учун фарзандларини билимли қилишга интилган. Шунинг учун ўғли Садриддин Айнийни олти ёшида ўз қишлоғи мадрасасига юборади. Айний „Эски мактаб“ қиссасида ўша мадрасада ўқиганини таърифлаб беради.

1884—1887-йилларда эски мактабда ўқиган. 1889-йилда Бухоро ва унинг атрофини қамраб олган вабо уни қирқ кун ичида отасидан ҳам, онасидан ҳам ажратди. Айний 12 ёшида Бухорога келади[4]. Айний каби камбағалларнинг Бухоро мадрасаларида ўқиши жуда қийин эди. Аммо ўзининг ғайрати, илм талабаси бўлгани туфайли ҳаёт ва ўқишнинг барча қийинчиликларини енгиб, 16 йил Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Бухородаги Мир Араб (1890—1891), Олимхон (1892—1893), Бадалбек (1894—1896), Ҳожи Зоҳид (1896—1899) ва Кўкалдош (1899—1900) мадрасаларида таҳсил олган.

Фаолияти

Дастлаб „Сифлий“, „Муҳтожий“ тахаллусларида,1896-йилдан Садриддин Саидмуродхўжа „Айний“ адабий тахаллуси билан мустақил шеърлар ёза бошлайди[5]. Аҳмад Дониш ва озарбайжон ёзувчиси Ҳожа Мароғийнинг ҳамда жадид маърифатпарварларининг асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. А. Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат „Ёшлар тарбияси“ (1909) дарслигини тузади. „Ёш бухороликлар“ ҳаракатида фаол қатнашади. Бундай хайрли ишлар Амир Олимхонга ёқмасди. Шу сабабли у ўқитувчини қамоққа ташлаб, 75 дарра уриш тўғрисида қарор чиқаради. Садриддин Айний касалхонада 52 кун даволангач, Самарқандга кўчиб ўтади. Кейинчалик Олимхон амирликка қарши курашувчиларни қўллаб, Совет иттифоқи билан тил бириктирган деган айб билан Садриддин Айнийнинг укалари Сирожиддин ва Муҳиддин Хожани ваҳшийларча ўлдиртиради. Бу воқеалардан сўнг Айний қалами ўткирлашиб, амирлик тузумини ўз мақолалари, рисолалари, тарихий-бадиий асарларида кўрсатишга ҳаракат қилади.

1918-йилдан халқ таълими тизимида ва биринчи тожик-ўзбек инқилобий матбуотида ишлаган. Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил этилгандан кейин (1920) бир муддат консулликда, сўнгра унинг хўжалик идорасида хизмат қилган. 1926-йилдан Тожикистон Давлат нашриётида маслаҳатчи, адабий муҳаррир бўлиб ишлаган. 1934-йилда Совет ёзувчиларининг И Бутуниттифоқ қурултойида қатнашиб, СССР Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви аъзолигига сайланган. Фан соҳасида унга филология фанлари доктори илмий даражаси берилган ва Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясининг фахрий академиги унвонини олган. Тожикистон ССР ФА академиги бўлган, Тожикистон ССР ФА биринчи президенти (1951—1954).

Садриддин Айний 1954-йил 15-июлда Душанбе шаҳрида вафот этади[6]. Ҳозир Душанбедаги жойлашган Айний мақбараси зиёратгоҳ ҳисобланади. Бу жой ҳозир Садриддин Айний истироҳат боғи деб аталади.

Адабий ва илмий мероси

1918—1921-йилларда тожикча, ўзбекча марш, қўшиқ ва шеърлар яратади. „Бухоро жаллодлари“ (1922) повести, „Бухоро манғит амирлигининг тарихи“ (1921) асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. „Одина“, „Қиз бола ёки Холида“ (1924), „Тожик адабиётидан намуналар“ (1926), „Қулбобо ёки икки озод“ (1928) каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга.

А. тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради. А. 1927—1929-йилларда йирик романи „Дохунда“ни тожик тилида нашр эттирди. 1934-йилда эса ўзбек тилида „Қуллар“ романини яратди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади. А.нинг „Эски мактаб“ (1935) асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, „Яна бу қайси гўрдан чиқди“, „Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил“ (1924), „Машраб бобо“, „Э, тўним“ (1925), „Билганим йўқ“, „Кен-гаш“ (1926) каби ўзбекча фелетонлари, 242 ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, „Судхўрнинг ўлими“ (1939) ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди. Муқанна ва Темур Малик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат „Эсдаликлар“ида (1949—54) Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. А. адабиёцҳунос, тилшунос, шарқшунос олим сифатида „Фирдавсий ва унинг "Шоҳнома"си ҳақида“ (1934), „Камол Хўжандий“, „Шайхур-раис Абу Али ибн Сино“ (1939), „Устод Рудакий“ (1940), „Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий“ (1942), „Алишер Навоий“ (1948), „Зайниддин Восифий“ (унинг „Бадое ул-вақое“ асари ҳақида"), „Мирза Абдулқодир Бедил“, Муқимий ва бошқалар ҳақидаги асарлари ўзбек ва тожик адабиёцҳунослиги ва танқидчилигида, „Форс ва тожик тиллари ҳақида“, „Тожик тили“ каби илмий ишлари тожик тилшунослигида муҳим воқеа бўлди. Айнийнинг „Дохунда“, „Қуллар“, „Судхўрнинг ўлими“ ва „Эсдаликлар“ асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасалари Айний номига қўйилган. Самарқандда Айний ёдгорлик уй-музейи очилган (1967).

Садриддин Айний Беҳбудий ўлимига бағишлаган марсиясида

„Санинг тарихи давронинг, санинг осори урфонинг,
Санинг номинг, санинг шонинг жаҳон қолдиқча қолмасму?
Ватан авлоди ёд этди, сани ҳурматда шод этди,
Ва лекин интиқомингни ололурми, ололмасму?“ — деб ёзган.

Асарлари

  • „Эсдаликлар“ (таржимаи ҳол асари);
  • „Таҳзиб ус-сибён“ („Бола тарбияси“);
  • „Тартил ул-Қур’он“ (Қур’он тартили) дарслиги;
  • „Заруриёти диния“ (Диний заруриятлар);
  • „Бухоро жаллодлари“ (1922);
  • „Одина“ (1924);
  • „Қулбобо ёки икки озод“ (1928);
  • „Етим“ (1940);
  • „Судхўрнинг ўлими“ (1939);
  • „Эски мактаб“ (1935) каби қиссалар,
  • „Дохунда“ (1930);
  • „Қуллар“ (1934) каби романлар,
  • „Тожик адабиётидан намуналар“ (1926);
  • „Қиз бола ёки Холида“ (1924);
  • „Алишер Навоий“;
  • „Устод Рўдакий“ каби илмий тадқиқотлари ва бошқалар.

Мукофотлари

Нишоналар

Садриддин Айнийга бағишланган 1958-йилги СССР почта маркаси.
Садриддин Айнийга бағишланган 1968-йилги СССР почта маркаси.
  • Садриддин Айний туғилган Сактари (Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани) қишлоғида унинг уй-музейи мавжуд.
  • Самарқанд шаҳрининг марказий қисмида Садриддин Айний уй-музейи мавжуд. Ушбу уйда У 1917-йилдан то 1950-йилларнинг бошигача яшаган.
  • Душанбе (Тожикистон) шаҳри кўчаларидан бирига Садриддин Айний номи берилган.
  • Самарқанд (Ўзбекистон) шаҳри кўчаларидан бирига Садриддин Айний номи берилган.
  • Бухоро (Ўзбекистон) шаҳри кўчаларидан бирига Садриддин Айний номи берилган.
  • Бишкек (Қирғизистон) шаҳри кўчаларидан бирига Садриддин Айний номи берилган.
  • Қозон (Россия) шаҳри кўчаларидан бирига Садриддин Айний номи берилган.
  • Самарқанд шаҳрида Садриддин Айний ҳайкали ўрнатилган.
  • Душанбе шаҳрида „Садриддин Айний ва Максим Горкий суҳбати“ номли ҳайкал ўрнатилган.
  • 1958 ва 1968-йиллардаги СССР почта маркаларидан бири Садриддин Айнийга бағишланган.
  • Садриддин Айний портрети Тожикистоннинг валютаси — сомонийнинг 5 сомоний қийматидаги купюрасида акс эттирилган.

Ҳаволалар

Манбалар

  1. ↑ „Ушла из жизни Лутфия Айни – самая младшая из детей Садриддина Айни“ (русча). АВЕСТА информатион агенcй (2023-йил 14-июл). Қаралди: 2023-йил 14-июл.
  2. ↑ [ҳттпс://лех.уз/ру/доcс/2369424 „УКАЗ ПРЕЗИДЕНТА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН О НАГРАЖДЕНИИ ПОСМЕРТНО МАСТЕРОВ ЛИТЕРАТУРЫ И ИСКУССТВА, ВНЕСШИХ ОГРОМНЫЙ ВКЛАД В РАЗВИТИЕ УЗБЕКСКОЙ НАЦИОНАЛЬНОЙ КУЛЬТУРЫ“] (2001-йил 22-август). Қаралди: 2023-йил 14-июл.
  3. ↑ Болшая Российская энсиклопедия: В 30 т. / Председател науч.-ред. совета Ю. С. Осипов. Отв. ред С. Л. Кравес. Т. 1. А — Анкетированиэ. — М.: Болшая Российская энсиклопедия, 2005. — 766 с.: ил.: карт.
  4. ↑ „Садриддин Айни -- Тажик Натионал Ҳеро“. Қаралди: 2014-йил 28-август.
  5. ↑ „Садриддин Айни“. Қаралди: 2023-йил 14-июл.
  6. ↑ „Садриддин Аини“. Броcкҳаус Энзйклопäдиэ. Қаралди: 2023-йил 14-июл.

Адабиётлар

  • Ҳасанов М., Айний чамани, Т., 1978.
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил