Safar Olloyor
Оллаёров Сафар Хушвақтович (1969-йил; Қашқадарё вилояти) — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, журналист ва таржимон.
| Сафар Оллоёр | |
|---|---|
| Таваллуди |
1969-йил 25-апрел Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқработ қишлоғи |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Тошкент давлат университети |
| Касби | шоир, журналист, таржимон |
| Болалари | Мўтабар Хушвақтова |
Ҳаёти
Сафар Оллоёр 1969-йил 25-апрелда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқработ қишлоғида туғилган. Умумий ўрта таълимни шу туманда жойлашган 7-мактабда олган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетини тамомлаган (1996)[1].
Фаолияти
Меҳнат фаолиятини Деҳқонобод туман газетасида адабий ходим сифатида бошлаган. Сўнг Ўзбекистон радиосида муҳаррирликдан катта муҳаррир вазифасига кўтарилган. Кейинчалик, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир, катта муҳаррир ҳамда бўлим бошлиғи лавозимларида иш олиб борган. Фаолиятини „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ ва „Адолат“ газетаси таҳририятларида (2001—2004) назм ва наср бўлими мудири; „Тафаккур“ журнали таҳририятида (2004—2005) маънавий-маърифий бўлим мудири сифатида давом эттирган. „Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси – Биуллетен Верховного суда Республики Узбекистан“ ҳуқуқий, илмий-амалий журнали ва „Куч — адолатда“ ҳуқуқий газетаси бирлашган таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари ҳамда бўлим муҳаррири бўлиб иш юритган.
1996-йилда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси сифатида қайд этилган. 1997-йилда „Йилнинг энг яхши журналисти“ танлови совриндорига айланган[1][2]. Ижодкор 1990-йилдан шеър ва мақолалари билан Республика вақтли матбуотида доимий иштирок этиб келган. 1998-йил 22-июндан эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 2001-йилда „Истиқлол тонги“ танловининг ёшлар номинацияси бўйича ғолиб деб топилган[2][3].
Сафар Оллоёр 2 босқичли „Кураш“ компютер ўйини ва мобил иловасини яратган[4].
Ижоди
Асарлари
Сафар Оллоёрнинг „Ишқ йўли“ (1996-йил Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида), „Умид ўзани“ (1996-йил „Насаф“ нашриётида), „Нафис идрок“(2000-йил „Янги аср авлоди“ нашриётида), „Омад кўзи“ (2007-йил А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида) сингари шеърий тўпламлари ҳамда „Кўзгусиз гўзал“ — „Танланган асарлар“ тўпламининг 1-жилди (2020-йил „Тафаккур“ нашриётида) чоп этилган[2].
„Муҳожир“ ва „Армон изи“ балладалари; „Чақмоқтош“ поэмаси; „Тийрак тилсим“, „Безавол олмос“, „Харитадаги осмон“, „Инсон“ достонларини кенг оммага тақдим қилган[3]. 2022-йил 14-декабрда „Қалб салтанати“ („Тафаккур“ нашриёти, 2022-йил) номли танланган асарлар тўпламининг 2-жилди тақдимоти бўлиб ўтган[5].
Ижодий кашфиёти
Сафар Оллоёр нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиётида янгича жанр — зарбулдостонга асос солган. Унинг қаламига мансуб ушбу жанрдаги илк асар — „Одам ва Омад“ зарбулдостони 2018-йил 25-майда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан гувоҳнома билан тасқидланган[6]. Қайд этилишича, асар 28 йил мобайнида (1990—2018) битилган[7]. Зарбулдостон 8 та („Саховат савоби“, „Муҳожирлик — муҳтожлик“, „Номсиз Армон“, „Серрежа режиссёр“, „Тилсиз тилсим“, „Эрмак эртак“, „Одам“ ва „Ҳайқириқ“) мустақил достондан таркиб топган[8]. Орадан кўп вақт ўтмай, шоир иккинчи забулдостонини оммага тақдим этди. „Табиат ва Оқибат“ номли ушбу асар 1992—2020-йиллар мобайнида ёзилган бўлиб, 8 мустақил достонни ўз таркибига олган[9].
Сафар Оллоёр, шунингдек, бадиий адабиётда яна бир янги жанр — „Қўшсатр“ асосчисидир[10]. Шоирнинг ижодий кашфиёти „Сафар Оллоёр банди“ деб номланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифлик ҳуқуқи обектларини депонентлаш тўғрисида 002288-рақамли гувоҳнома билан тасдиқланган[11].
Таржималари
Сафар Оллоёр таржимон сифатида жаҳон адабиёти намоёндалари Франческо Петрарка, Иоганн Волфганг Гёте, Жон Киц шеърларини ўзбек тилига ўгирган. Бундан ташқари, сенегал шеъриятидан Давид Диоп, Сембен Усмон, Малик Фал, Ламин Диакате ва непал шеъриятидан Бхуни Шерчан, Лекхнатх Паудялай, Лакшмипрасад Девкота, Мадхавпрасад Гхимире, Бхавани Бхикчу шеъларини таржима қилган[12].
Сафар Оллоёр ижоди намуналари рус, инглиз, қозоқ, ҳинд, турк, туркман ва бошқа чет тилларга таржима қилинган.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 „Сафар Оллоёр“. китобхон.cом. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 „Сафар Оллоёр (1969)“. зиёуз.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ 3,0 3,1 „Сафар Оллоёр (1969)“. зиёуз.cом. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „Шоир Сафар ОЛЛОЙОР Интеллектуал мулк агентлигидан 7-гувоҳномани қўлга киритди“. уза.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „Янги китоб тақдимоти“. цуулл.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „Тошкентда жаҳон адабиётида илк зарбулдостоннинг тақдимоти ўтказилди“. хабар.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „„Одам ва Омад“. 28 йилда ёзилган зарбулдостон“. хабаруз.cом. Қаралди: 13-март 2025-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ „Зарбулдостон туркумида ёзилган „Одам ва омад“ китоби тақдимоти бўлиб ўтди“. кун.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „Шоир Сафар Оллоёр яна битта зарбулдостон ёзди“. хабар.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „Ўзбекистонда яна бир янги адабий жанр яратилди“. хабар.уз. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ „Ўзбек адабиётидаги илк „қўшсатр“ муаллифига янги гувоҳнома берилди“. хабаруз.cом. 2025-йил 18-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 13-март 2025-йил.
- ↑ Йўлдошев, Бойназар. Қашқадарё адиблари. Тошкент: „Олтин-нашр“ нашриёти, 2020 — 487-бет. ИСБН 978-9943-6333-0-8.