Safvon ibn Muattal
Сафвон ибн ал-Му’аттал ас-Суламий (арабча: صفوان بن المعطل السلمي; 638 ёки 679-йилда вафот этган) – саҳоба, илк мусулмонлар истилоларида иштирок этган араб қўмондонларидан бири. Бану Сулайм қабиласига мансуб бўлиб, исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлардан ҳисобланади. Сафвон Муҳаммаднинг рафиқаси Ойша билан карвондан ажралиб қолганида мунофиқ шоир Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул томонидан туҳматга учраган. Кейинчалик амир этиб тайинланган ва Мадинадан Басрага кўчиб ўтган. Византияликларга қарши Жазира (Юқори Месопотамия) ва Арманистон ҳудудларида олиб борилган ҳарбий юришларда иштирок этга. Баъзи манбаларда унинг Арманистонда ҳалок бўлгани айтилса, бошқа маълумотлар унинг узоқ умр кўриб, Арманистон ноиби лавозимида хизмат қилган вақтида вафот этганлигини келтириб ўтган.
Ҳаёти
Сафвон ибн ал-Муаттал йирик Бану Сулайм қабиласининг Заквон уруғига мансуб бўлган[1]. Унинг туғилган йили манбаларда қайд этилмаган[2]. Сулайм қабиласининг кўплаб вакиллари ал-Ҳарра минтақасида истиқомат қилар эди. Ушбу уруғнинг кўпчилиги Макка шаҳрида яшаб, Қурайш қабиласи билан яқин алоқада бўлишган. Улардан фарқли равишда Сафвон Мадинада яшаган[1]. Сафвон пайғамбар Муҳаммаднинг 627-йилда ал-Мурайсий қудуғига юришидан олдин исломни қабул қилган[3].