Саҳобалар (араб. — ҳамроҳ, дўст) — Муҳаммаднинг сафдошлари, яқин ёрдамчилари. Кейинчалик Муҳаммадни лоақал бир маротаба, гарчи гўдаклик чоғида бўлса ҳам кўрган барча кишилар С. деб атала бошлаган. С. Арабистондан ташқаридаги ўлкаларни фатҳ этишга киришган илк мусулмон қўшинининг ўзагини ташкил этган. С.нинг олий қатламини муҳожирлар ва ансорлар ташкил қилган, улар дастлабки халифаларни сайлашга таъсир кўрсатганлар, уларни ноиблик ва олий даражадаги лашкарбошилик мансабларига тайинлашган. С.нинг ислом тарихидаги алоҳида аҳамияти шундаки, Муҳаммад вафот этганидан сўнг, унинг таълимотини ҳаммалари бир бўлиб сақладилар. С.нинг Пайғамбар сўзлари ва ишлари ҳақидаги ҳикоялари (ҳадислар), шунингдек, шахсий ўрнаги ва фикри ислом ахлоқий таълимоти — суннанинг энг муҳим таркибий қисмини ташкил этди. С.га бўлган ҳурмат, эҳтиром кейинчалик уларнинг қабрларини эъзозлашга ва фазилатлари ҳақида асарлар пайдо бўлишига олиб келди[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил