Саид Абдуллахон (1871, Хива — 1933, Кривой Рог, Украина) — Хоразм (Хива хони) (1918—1920), ўзбек қўнғиротлар сулоласидан. Муҳаммад Раҳимхон ИИ — Ферузнинг ўғли.

Саид Абдуллахон
سعید عبدالله خان
Хива хони
Мансаб даври
1918-йил – 1920-йил
Ўтмишдоши Асфандиёрхон
Вориси Хонлик тугатилган
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1871-йил
Хива, Хива хонлиги
Вафоти 1933-йил
Кривой Рог, Украина
Отаси Муҳаммад Раҳимхон ИИ
Дини Ислом

Саид Абдуллахон 1918-йил 3-октабрда Хоразм давлатидаги ҳарбий тўнтариш ва унинг укаси Асфандиёрхоннинг ўлимидан кейин тахтга кўтарилган. Саид Абдуллахон 1918-йил мартдан 1920-йил 2-февралгача ҳукмронлик қилди. Бу даврда Хоразм давлатининг амалдаги ҳукмдори давлатнинг ҳарбий вазири, ёвмут қабиласидан бўлган туркман Жунаидхон эди. Саид Абдуллахон жисмоний жиҳатдан заиф ва иродасиз бўлиб, Хива хонлигидаги барча ишларни амалда ясовулбоши Давлатмурод махрам орқали Жунаидхон бошқарган. Жунаидхон ўз кишилари: Чориқбой (Тошҳовуз), Сафар Депмечи (Иляли), Қилич Қора (Порсу), Гоклан бола (Манғит), Анна Гелдибек (Тахта), Халил Махсум (Урганч), Шихим Сулғун (Хива)ларни ҳоким қилиб тайинлаган.

Ҳаёти

1917-йил 5-апрелда Асфандиёрхон манифестини эълон қилиб, унда вакиллик органи — Мажлисни тузишга ваъда берди. Бироқ, кейинчалик вазият кескинлашди ва реаксион кучлар ҳокимиятни эгаллаб олди. Натижада Ёш хиваликлар ҳукумати ағдарилди, манифестда эълон қилинган ислоҳотлар бекор қилинди. Бу вақтда туркман қабиласининг бошлиғи Жунаидхон Хивага келиб, у хонликнинг қуролли кучлари қўмондони этиб тайинланади ва тез орада бутун ҳокимиятни ўз қўлига тўплайди.

1918-йилда Нуриллабой саройида Жунаидхоннинг йигитлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши чоғида Асфандиёрхон ўлдирилди ва унинг укаси Саид Абдуллахон (1918-1920) тахтга ўтирди.

1919-йил кузида болшевиклар етакчилари Хива хони ҳокимиятини ағдариш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Қизил Армиянинг яхши қуролланган аскарлари Хоразмга юборилди. 1920-йил феврал ойининг бошларида Жунаидхон қўшини бутунлай мағлубиятга учради[1].

Хива хонлиги қизил аскарлар томонидан босиб олингач, Саид Абдуллахон тахтдан воз кечишга мажбур бўлди (1920-йил 2-феврал). Хон илтимосига кўра, Хивада қолдирилган. Бироқ, Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасида қозикалон Иброҳим Охун бошчилигида бўлган уламоларнинг қизил аскарларга қарши кўтарган исёни (1920-йил 23-июн) дан кейин, бу исёнга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам Саид Абдуллахон ва унинг ҳарами, яқин қариндошлари, 10 тўра ҳамда Ҳикматилла Охун (қозиаскар), Обид Охун ва бошқа Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР)дан бадарға қилинган (1920-йил ёзи).

1932-йилда Украина ССРда оммавий очарчилик (Голодомор номи билан танилган) бошланди. 1933-йилда Саид Абдуллахон касал бўлиб, кондаги касалхонага ётқизилган, у ерда унга дизентерия ташхиси қўйилган. Бир ойдан кейин у узоқ давом этган касаллик ва тўйиб овқатланмасликдан вафот этган. У шахта қабристонига дафн этилган[2].

Авлодлари

Украина ёзувчиси Григорий Жамалович Ҳусейнов 1980-йиллар бошида Саид Абдуллахон авлодлари билан учрашиб, Украинадаги хон авлодлари ҳақида тадқиқот олиб борган. Хусусан, у Саид Абдуллахоннинг Кривой Рог шаҳрида яшовчи жияни Абдурасул Муҳаммедярович Мадияровдан интервю олди. У Украинадаги хон авлодларининг тарихи ва ҳаёти ҳақида батафсил гапириб берди. Григорий Ҳусейнов ўз тадқиқоти натижаларини „Хон конда қандай ишлаган“[3] иншосида баён қилган.

1920-йил 2-февралда тахтдан воз кечгач, Саид Абдуллахон ва унинг оиласи болшевиклар томонидан ҳибсга олинди. Хон ва унинг оиласи устидан суд жараёни 1920-йил 12-июнда бошланди. Суд ҳукмига кўра, Саид Абдуллахон ва унинг энг яқин эркак қариндошларидан 9 нафари (бошқа маълумотларга кўра 7 нафар) 3 йилдан 5 йилгача муддатга Хоразм Халқ Совет Республикасидан ташқарига чиқариб юборилади. Катта хон оиласининг қолган аъзолари, нуфузли бўлмаган эркаклар, аёллар, қариялар ва болалар улардан ажралиб, республиканинг ўзида қолиб кетган. Бундан ташқари, катта хон оиласининг барча мол-мулки, пуллари, тақинчоқлари, уй-жойлари, ер ва мулклари мусодара қилинди[4].

1926-йилда милициядан нафақага чиққан Абдурасул сургунлар сафига қўшилди. У Олимпиада исмли рафиқаси билан Кривой Рогга келган ва бутун катта оила кон казармаларидан бирида яшаган.

1933-йилда сургун қилинганларнинг Ўрта Осиёга қайтиши ёки СССРнинг бошқа ҳудудларига чекловсиз жойлашишига рухсат берилди. Саид Абдуллахоннинг ўғиллари Раҳматуллоҳ ва Юсуф Ёқублар Тошкентга кўчиб ўтдилар, у ерда уларнинг бир қанча қариндошлари истиқомат қилишди. Тошкентга етиб келгач, улар Кривой Рогга хат жўнатиб, турган жойини маълум қилишди. Саид Абдуллахоннинг катта акаси Муҳаммадёр Хивага қайтишга қарор қилди ва Тошкентга етиб келди. У ерда тиланчилик қилишга мажбур бўлди ва 1936-йилда Тошкентда вафот этди, ватани Хивага етиб бормади.

Сургунда

Сургун қилинганлар рўйхатида Саид Абдуллахоннинг ўзи, уч ўғли — Саид Абдулла, Раҳматуллоҳ ва Ёқуб Юсуф, укаси — Муҳаммадёр, шунингдек, жиянлари — Абдурасул, Мадёр, Носир ва Ибодулла бор эди. Дастлаб улар Хивадан Тошкентга олиб кетилиб, у ерда икки кун ушлаб турилган, у ердан поездда Самарага жўнатилган. Самарада уч ҳафта туришган. Самарадан уларнинг ҳаммаси поездда Москвага олиб кетилган. Маҳбуслар икки ҳафта Ўрда лагерида, 10 ой Андраиковский лагерида ва икки ой Иваново лагерида сақланган. 1922-йил 12-февралда уларнинг ҳаммаси, жумладан Саид Абдуллахоннинг ўзи ҳам кутилмаганда озодликка чиқарилади ва иш топиш буюрилади. Улар биринчи навбатда Екатеринославга (ҳозирги Днепр) юборилган, аммо у ерда улар учун иш йўқ эди. Шундан кейин қўшни Верховсевога кўчиб ўтишди ва маҳаллий совхозда ишлай бошладилар. 1924-йил июл ойида ҳамма (маҳаллий полиция мактабига ўқишга кирган Абдурасул Мухамадяровичдан ташқари) Кривой Рогга Дубовая Балка конига (кейинчалик „Болшевиклар“ кони) келишади. Сургун қилинганлардан уч нафари конда қоровул бўлиб ишлай бошлади. Ўша пайтда Украинанинг марказида умумий ишсизлик бор эди ва бошқалар иш топа олмайди. Биринчидан, улар на рус тилини, на украин тилини билишган, иккинчидан, уларда бу минтақа аҳолисига хос бўлган ҳунармандчилик ва маҳорат йўқ эди. Хивада қолиб кетган собиқ хоннинг оиласи қашшоқлик чегарасидан паст, очлик ва том маънода қўни-қўшниларнинг садақа ва ёрдамига кун кечираётгани, ҳатто кичик болалар ҳам тиланчилик қила бошлагани ҳақида хабарлар келиб турган. Шундан сўнг, бадарға қилинганлар Хивага қайтишни сўраб, Давлат сиёсий бошқармасига (ГПУ) мурожаат қилишади. Аммо совет ҳукумати „аҳоли қатламларига таъсир қилиши мумкин“ деган сабабни кўрсатиб, хон оиласининг ватанига қайтишига рухсат бермайди[5].

Вафоти

Саид Абдуллахон Кривой Рогда оила қурмаган. 1932-йилда Украина ССРда катта очарчилик (Голодомор номи билан танилган) бошланди. 1933-йилда Саид Абдуллахон касал бўлиб, конда касалхонага ётқизилади, у ерда дизентерия ташхиси қўйилади ва бир ой ўтгач, узоқ давом этган касаллик ва тўйиб овқатланмаслик натижасида вафот этади. У шахта қабристонига дафн этилган[6]. Хоразмлик адиб Қўзи Дават Саид Абдуллахон ҳақида „Хусумат“ (Нукус, 2001) тарихий романини ёзган.

Адабиёт

  • Давлатёр Раҳим, Шихназар Матрасул, Феруз. Шоҳ ва шоир қисмати, 1 китоб, Т., 1991
  • Худойберганов К., Хива хонлари шажараси, Хива, 1996
  • Хоразм тарихи, 2ж., Урганч, 1997
  • Полвонниёз Ҳожи Юсупов, Ёш хиваликлар тарихи (хотиралар), Урганч, 2000.
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

Манбалар

  1. ↑ „Сўнгги Хива хони Саид Абдуллахоннинг аянчли тақдири“. Қаралди: 7 октябр 2023.
  2. ↑ „В Киеве издадут книгу о пребывании в Украине семьи хивинского хана“ (ру). ислам.ин.уа. 2019-йил 31-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 31-март.
  3. ↑ „Александр Мельник. «Последний хан Хорезма из узбекской династии кунгратов (қўнғирот) — Саид Абдулла-хан»“ (ру). мйташкент.уз. 2019-йил 31-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 31-март.
  4. ↑ Г. Гусейнов. „Как хан на шахте работал“
  5. ↑ „Саид Абдуллахон тахтдан воз кечганига 100 йил бўлди. Унинг қисмати қандай кечганди?“ (2020-йил 12-феврал). Қаралди: 7 октябр 2023.
  6. ↑ „Кладбище «Гвардейское».“. 2021-йил 12-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 15-март.