Саид Абулҳасан Побанд — (?—1004) — бухоролик аллома ва авлиё. Саид Абулҳасан Побанд ҳижрий 395-йил (милодий 1004)да вафот қилганлар. Насаби тўққиз ҳалқа орқали Ҳазрат Имом Ҳасан разияллоҳу анҳуга бориб тақалади. „Туҳфат аз-зоирин“ китобида қуйидаги шажара берилган: „Шайх Сайидул Имом Абулҳасан Муҳаммад ибн Али бин ал Ҳусайн бин ал Ҳасан бин ал Қосим бин Муҳаммад бин ал Қосим бин ал Ҳасан бин Зайд бин ал Ҳасан бин Али бин Абу Толиб р.а. уламои шариат, машойихи тариқат ва ҳақиқатдурлар[1]“. Саид Абулҳасан олим, ориф, шариат уламоси тариқату ҳақиқат шайхи бўлган. Саид Абулҳасаннинг тариқатдаги устози Ҳазрат Жаъфар Хилдий бўлиб, Жаъфар Хилдий Ҳазрат Жунайд Бағдодийнинг (?—910) шогиртидир. Ҳазрат Саид Абулҳасан машҳур зот Абу Бакр Ишоқ Гулободийнинг устози ҳисобланади. Тарихчи олим Нарзулла Йўлдошев „Бухоро авлиёларининг тарихи“ китобида қуйидаги воқеани келтирган: „Саид Абулҳасан ривоят қиладиларки, бир кун пирим Шайх Жаъфар мени ифтор қилмоқ учун уйларига таклиф қилдилар. Иттифоқо, ўша кун уйда қовурилган товуқ, шу билан бирга палов учун масаллиқ ҳам тайёр эди. Мен нафсим хоҳишига кириб, пирга узр айтиб, уйларига бормадим. Ифтор пайти хизматчи паловни тавоққа солиб олиб келаётган пайт йиқилиб, ошни тупроққа яксон қилди. Мен, нима воқеа рўй берди, деб ташқарига чиқдим. Шу заҳот дайди бир ит уйга кириб, дастурхондаги қовурилган товуқни олиб кетди… Бомдод нимозида Ҳазрат Жаъфар мени кўриб: „Кимеки ўз пири таклифини қабул этмаса, Аллоҳ таоло уни ит билан ҳамтовоқ этгай!“ — дедилар, ифтор пайтидаги воқеа ул зотга аён бўлган эди. Мен зуд тавба қилдим, тавбамни қабул этдилар ва гуноҳимни кечирдилар“. Саид Абулҳасан Побанд Самарқанд дарвозаси ёнидаги мозорга дафн қилган. Лекин йигирма йилдан сўнг у кишининг жасади у мозористондан олиниб, Бухоро шаҳри ичидаги Саид Побандикушо гузаридаги ҳовли ичида қайта кўмилган. Бундай этилишига сабаб шундаки, у кишининг шогиртларининг бири тушига кириб, мени шаҳар ичидаги ҳовлига этиб кўминг, деган эканлар. Самарқанд Дарвозаси ёнидаги мозористон собиқ Иттифоқ замонида ер билан яксон қилинди, йўқотилди. Ҳовли ичида бўлгани боис Ҳазрат Саид Побанд қабрлари талафотдан шикаст кўрмаган. Ҳазрат Саид Побандикушо зиёратгоҳи ҳозирги кунда Хожа Нуробод шоҳ кўчасида жойлашган[2].

Авлиё

Исм

Саид Абулҳасан Побанд

Таваллуди

Вафоти

1004-йил

Фалсафа мактаби


Манбалар

  1. ↑ Насир ад-Дин ал-Ханафи ал-Хасани ал-Бухари. Тухфат аз-заирин («Подарок паломникам») Автор перевода с таджикско-персидского, предисловия и комментариев: Халим Тураев. Тошкент: Сплендид Идеа, 2021 — 204-бет. 
  2. ↑ Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона нашриёти, 2012 — 291-бет.