Saidjon Kalonov
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Саиджон Калонов (1914.30.6, Чуст тумани Каркидон қишлоғи — 1971.31.11, Тошкент) — созанда (най), бастакор. Ўзбекистон халқ артисти (1966). Дастлабки мусиқа сабоқларини Тошкент мусиқа техникумида А. Ваҳобов, Ш. Шоумаров каби таникли санъаткорлардан олган. Най ижроси асосларини Абдуқодир найчи Исмоиловдан ўрганган. Мустақил ижодий фаолиятини Фарғона театри мусиқа раҳбари сифатида бошлаб (1932—36), мазкур театрда саҳналаштирилган "Фарқод ва Ширин" (Хуршид) сингари спектаклларга мусиқа ёзган. Ўзбекистон давлат филармониясининг Т. Жалилов раҳбарлигидаги оркестри (1936—38), Ўзбек давлат опера ва балет театри (1938—42), Янгийўл театри (1942—48), Ўзбекистон радио ва телевидениеси ўзбек халқ чолғулари оркестрининг (1948—71) якканавози. "Ёввойи Ушшоқ", "Ёввойи Чоргоҳ", "Чўли Ироқ" каби куйларни найда маҳорат билан ижро этган. "Эй, сарви равон", "Ёр кезар", "Топмадим", "Дилнавозим", "Куйла дилкаш дуторим", "Гулмиди, раъномиди", "Она диёрга салом" сингари ўнлаб ашула ва қўшиқлар, "Фарғона тонги", "Армуғоним" каби куйлар яратган. Булар ўзбек мусиқа меросининг муайян катламлари ва замонавий оҳанглар билан узвий боғланган.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |