Saklar taqvimi

Саклар тақвими — Жиззах вилоятидан ўтган Тошкент-Самарқанд темир йўл чизиғида, Ғаллаорол туман марказидан 4 км узоқликдаги Молтоп қишлоғининг шарқидаги тоғ адирлигида жойлашган археологик ёдгорлик. Маҳаллий аҳоли Шоҳидтепа деб ном берган мазкур қўрғон айрим олимлар томонидан кўчманчилар фойдаланган тақвим сифатида баҳоланади[1].
Ўрганилиши
ХХ асрнинг 60 йилларида Л.И. Албаум Тошкент-Термез йўналиши бўйича парвоз чоғида Ғаллорол туманидаги Шохидтепа ва унинг атрофи бўйлаб режали тарзда жойлашган ёдгорликларга қизиқиб қолади ва уларни тасвирга олади. Кейинчалик бу ёдгорлик мажмуаси ҳақидаги ўз қарашларини эълон қилади. Унга кўра, бу ерда қадимги аҳолининг қуёш ва сайёралар ҳаракатига асосланган йил, фасллар ва ойларни белгилашда фойдаланиладиган мажмуаси жойлашган бўлиши мумкин[2].
1968 йилда Ўзбекистон ССР Маданият Вазирлигининг Санъацҳунослик институти олимлари Л.И. Ремпел ва Э.В. Ртвеладзе томонидан ёдгорликда қазув ишлари олиб борилган. Тадқиқотлар давомида Шоҳидтепа ва унга алоқадор бошқа тепаликларда маданий қатлам қолдиқлари йўқлигини аниқланиб, тепаликлар сохта қўрғонлар, деган хулосага келинади. Бироқ, Шоҳидтепа мажмуасини ўрганиш пайтида ёдгорлик атрофидаги жарликда (5 м чуқурликда) лаҳадли қабрда чалқанча ётқизиб, ёнига қилич қўйиб дафн этилган одам суяклари қайд этилади. Э.В. Ртвеладзенинг фикрича „бу айвонли лаҳад қабр бўлиб, у милодий И асрга оид ҳисобланади“. 1982 йилда З.А. Хакимова томонидан ёдгорлик қайта тадқиқ этилган.
Тавсифи
Ёдгорлик бош қўрғон ва кўплаб кичик қўрғонлардан ташкил топган. Қўрғоннинг ўлчамлари жуда ҳайбатли: шимол — жануб ўқи бўйича 600 м. ва шарқ-ғарб ўқи бўйича — 550 м. Марказий тепаликнинг асоси 84 м., тепа юзаси 30 м., тепа баландлиги 12 м. Марказий тепалик диаметри 12–14 м., баландлиги 1 метрдан 1,2 метргача бўлган, 100 метр кенгликдаги олти қатор айлана шаклида жойлашган кичик тепаликлар билан ўралган. Бугунгу кунга қадар тепаликларнинг 2/3 қисми сақланиб қолган. ХХ асрнинф 80-йилларида санъацҳунос олим М.Булатов Шоҳидтепа ёдгорлигининг жойлашиши ва унинг атрофидаги режали тарзда барпо этилган тепаликларни кузатиб, мазкур ёдгорлик „саклар тақвими“ деган фикрни илгари сурган[3]. Олимнинг фикрича, „биринчидан, марказий қўрғон ўтроқ суғдийлар ва кўчманчи саклар учун биргаликда сиғинадиган ва илми-нужумни ўрганадиган саждагоҳ-расадхона; иккинчидан, асосан кўчманчи қабилалар орасида зардуштийлик динини тарқатиш учун мафкура маркази; учинчидан, Шоҳидтепа мажмуасини ташкил этувчи 365 та тепа, йил ҳисоби, фасллар алмашувини белгилашда фойдаланиладиган тақвим-календар вазифасини ўтаган“[4]. Дарҳақиқат, вақт ўтиши билан емирилиб кетган ва бузиб юборилган тепаликларни тиклаш уларнинг умумий сони йилнинг ҳар бир кунига тенг — 365 та бўлганлигини кўрсатади. Бундан ташқари, марказий қўрғон ва 1- рақамли қўрғон орқали ўтказилган чизиқ баҳорги тенгкунликда Қуёшнинг чиқишига йўналган. Махсус қазув тадқиқотлари ўтказилмаганлиги боис, ушбу ёдгорлик қандай вазифани ўтаганлиги ҳақида аниқ илмий фикр ҳануз мавжуд эмас.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |
- ↑ Булатов М.С. Согдийско - сакский календарь в степи подлежит охране //Строительство и архитектура. Узбекистана. - 1982, №.5. - С. 23-25; Тошбоев Ф.Э. Чорвадор аҳолининг тақвимга оид билимлари ҳақида айрим мулоҳазалар // Хоразм Маъмун Академияси ахборотномаси. Хоразм Маъмун академияси, 2020. – № 12. - Б. 180.
- ↑ Тошбоев Ф.Э. Чорвадор аҳолининг тақвимга оид билимлари ҳақида айрим мулоҳазалар // Хоразм Маъмун Академияси ахборотномаси. Хоразм Маъмун академияси, 2020. – № 12. - Б. 180.
- ↑ Булатов М.С. Геометрическая гармонизация в архитектуре Средней Азии ИХ- ХВ вв. – М.: Наука, 1988. – С. 58.
- ↑ Булатов М.С. Согдийско-сакский календарь в степи подлежит охране //Строительство и архитектура Узбекистана. 1982, №.5. - С. 23-25.